| ORZU.UZ - Полиграфия и дизайн. Камин-пресс - офсетная печать в оперативно сжатые сроки – это основная деятельность нашей компании. Мы всегда по хорошему «заряжены» на работу с клиентами. Определив конечные цели, мы движемся к ней на максимальной скорости «на всех парусах». |
|
-
Рўйхатдан ўтиш ва материал қўшиш
Сайтимиз очилганидан буён ҳар куни сайтимизга кўплаб одамлар киришмоқда. Бу биз учун жуда қувонарли. Бироқ нима учундир ҳеч ким рўйхатдан ўтгиси ва материалларга шарҳ қолдиргиси ёки сайтимизда ўзининг мақоласини чоп этгиси келмаётганлиги одамни ажаблантирарди. Кейинроқ аниқланишича, кўпчилик сайтимизда рўйхатдан ўтган, лекин бу жараённи охирига етказмаган экан. Шунинг учун бу ҳақда тўлиқ маълумот беришга қарор қилдик.
Батафсил...
Жо Дассен куйлаганда
«Куй, ғазал, оҳ, қайтадан тирнайди ярамни...»
(Уйғун, И.Султон «Алишер Навоий» драмасидан)
Дурдона эрининг пишиллаб ухлашига анча вақтгача термулиб ўтирди. Дониёр кеча ишдан кеч қайтган, қаттиқ ҳоригани боис бирров қимирлаб ҳам қўймасди. «Ухлаши худди ёш болага ўхшайди, – деди у ичида, – менга совчи қўйган пайтлари қанчалик эркатабиат, ҳаммани кулдира олишга қодир, серзавқ бўлса, энди ҳам худди шундай! Тавба, ухлаган пайтларида ҳам худди латифа айтаётгандай туюлади». Дониёрнинг қуюқ қошлари, қулоқлари устига тушиб турган жингалак сочлари, қимтилган лаблари Дурдонанинг юрагига муҳаббатнинг сеҳрли оламидан ҳикоя қилаётгандай эди. Охири бўлмади. У эрини уйғотгиси келди. Тақимўпар сочларини жамлаб Дониёрнинг бурнига теккизди. Кутилмаган бу сезги Дониёрнинг кўзлари очилишига сабабчи бўлди.
– Тинчликми?
Кўзлари мастона сузилган Дониёр хотинининг кичкина, оппоқ бармоқларини иссиқ кафтлари орасига олди.
– Тинчликмас! Тура қолинг энди! Ё кеча чарчадингизми?
Дурдона охирги гапини айтди-ю, юзи дувва қизарди. «Нима хаёлга боради-я?!» Дониёр унинг юзига кулимсираб қараётганини илғади-ю, юзини тескари бурди.
– Бўпти, турсак турганимиз бўлсин...
– Мен ҳозир чой қўяман...
– Ундан олдин деразани очиб кет!
– Хўп!
Дераза очилди. Ичкарига баҳорнинг кўнгилни қитиқлайдиган оромбахш шабадаси кириб келди. Хона ичи гулларнинг анвойи бўйига тўлди. Иккаласи ҳам бир-бирига термулганича жим қолишди. Гўё кўклам ҳам келин-куёвни қутлаётгандай эди.
«Энди, дунё мусиқаси, қўшиқчилигида ўзига хос нуфузга эга санъаткорлардан бири Жо Дассен ижросидаги куй-қўшиқлардан тинглайсиз...»
Саррин шаббада билан бирга кўнгилга аллақандай масрур туйғулар ҳадя қиладиган қўшиқнинг сеҳрли наволари кириб келди.
– Қаердан келаяпти бу қўшиқ? – деди Дониёр бепарво оҳангда.
Дурдона эрининг саволига анча вақтгача жавоб бера олмади. Киприкларига қуйилиб кела бошлаган ёшни кўрсатмасликка тиришиб, дераза олдида анча вақтгача туриб қолди.
– Ўтган куни консерваторияда дарс берадиган аспирантлардан бири оиласи билан юқори қаватга кўчиб келганди... Ўшаларнинг уйидан келаяпти, шекилли...
– Ҳа, шунақа, де...
Орадан бироз ўтиб иккаласи ҳам нонуштага ўтирди. Дурдона ҳар хил баҳона қилмасин Дониёр ундаги ўзгаришни, аниқроғи, йиғи аломатини сезди. Иссиқ чойдан секин хўплаб, хотинига маъноли қаради.
– Сенга нима бўлди?
– Ўзим шунчаки. Парво қилманг ўтиб кетади...
Дурдона эрига қанчалик илтифот кўрсатмасин ҳаракатлари сохта чиқаётганига истиҳола қилди. «Тентакка ўхшаб йиғлаб ўтирибман, Дониёр акам энди қандай хаёлга боради?» Хаёлига келган фикрдан ўзи даҳшатга тушди. Ер остидан қаради: Дониёр деразанинг очиқ эшиклари ортидаги манзараларга термулиб, хаёлланиб ўтирарди. Нималар ҳақда хаёл сураяпти экан?
– Вой, сизга чой қўйиш ёдимдан кўтарилибди.
– Йўқ! Овора бўлма! Энди мен тураман. Ишга боришим керак.
– Тузукроқ нонушта ҳам қилмадингиз.
– Бугун негадир иштаҳам йўқроқ. Майли, яхши ўтир!
– Яхши бориб келинг!
У ҳар куни эшик олдида Дониёрни лаззатли бўсалар селига кўмиб ишга кузатарди. Бугун ҳам шундай қилди. Аммо негадир сохта ҳаракат қилаётгани сезилиб қолди. Уялди. Эшикни секин ёпиб унсиз хайрлашди.
* * *
Дурдона Жо Дассен қўшиқларидан бошқача таъсирланганлигининг ўзига хос тарихи бор эди. Буни зийрак ўқувчи пайқагани табиий, албатта.
...Ўшанда ҳам худди ҳозиргидек баҳор кезлари эди. Мактабдан эндигина келган Дурдона ҳовлидан чиқди-ю, қўшнисини дарвозаси олдидаги шод-ҳуррамликни кўриб ажабланди. Мурот ака ва Саломат ая севинчдан чексиз қувонар, эндигина ҳарбийдан келган Собиржондан айланиб улгуришарди. Дурдона қўшни йигитнинг бир йил ичида шунчалик ўзгариб кетганига ишонгиси келмасди. Унга ҳавасланиб қаради. Елкалари кенг, мушаклари бўртиб чиққан, алпқомат йигит унга ўт-олов бўлиб кўринди. Ўша ҳавас оний лаҳзаларда қандайдир ички туйғуга айланиб, борлиғини қамраб олди... Қўлида супирги билан телбанамо туриш яхши эмасди. У Собиржонга охирги марта термулиб турдиди-да, нозли бир юлқиниб дарвозани очиб ичкари кирди.
Ўша куни Собиржон ўзи олиб келган хориж мусиқаларини, қўшиқларини қўйиб дўстлари билан базми-жамшид қилди. Улар орасида Жо Дассен қўшиқлари ҳам бор эди. Шу-шу Дурдона Жо Дассен куйласа Собиржоннинг ҳарбий кийимдаги кўнгилга ғамзалар солгувчи қиёфасини кўз олдига келтирадиган бўлиб қолди.
Бу воқеаларга ҳам анча йиллар бўлиб қолди. Ҳозир Собиржоннинг икки ўғли, гулдай аёли бор. Дурдонани тақдир Дониёр билан рўбарў қилди... У хаёлан Дониёр билан Собиржонни таққослади. Қўшни йигит қанчалар кўзга яқин, диловар бўлмасин, бирон марта ҳам тишининг оқини кўрсатган эмас, Дониёр акаси бўлса Дурдонанинг кўнглини овлаш пайида бўлади. Бугун Жо Дассен куйлаётганида йиғлаб, шундай олижаноб инсоннинг қалбини ғаш қилди. «Ҳаммаси ҳаваснинг таъсири, ишқ бошқа, ҳавас бошқа, шуни айтсалар керак, – қалбининг энг олис манзилларидан қуйилиб келаётган ички бир иқрор унга тасалли бергандай бўлади. – Йўқ, Дониёр акамдан бугуноқ кечирим сўрайман. Мени тентаклигим учун кечиринг, дейман».
* * *
Дониёр кун бўйи ишхонада боши айланиб, гангиб юрди. Арзимаган гаплари учун ҳамкасбларидан бир-иккитаси билан жанжаллашиб ҳам олди. Қўли ишга бормади. Ишга чалғишга ҳаракат қилди, уддасидан чиқа олмади. Кўзини юмди дегунча Дурдонанинг йиғлаб тургани қўшни уйдан Жо Дассен қўшиқларининг мунгли садолари кетмасди.
Қизиқ! Унинг кўнглини ғижимлаб турган ҳислар аслида Дониёрга ҳам бегона эмас экан, у ҳам бир вақтлар Жо Дассен қўшиқларининг сеҳрига берилгани рост.
... Битирув оқшоми. Қўлига етуклик аттестатини олган ўқувчилар шўх мусиқа садолари остида рақсга тушарди. Балки бу оқшом улар учун охиргиси бўлиб қолар. Эртадан бошлаб улар ҳаётнинг бирида аянчли, бирида шўхчан кўчаларида «сайр» қила бошлайди... Шу пайт доимо синфдошларини «замонавий» ҳаётга чорлаб юрадиган Мақсуд ўртага отилиб чиқди:
– Келинглар, яхшиси Жо Дассенни эшитайлик. Тўғри, унинг қўшиқларини тушунмайсизлар, лекин... келинглар, эшитайлик...
Даврада сокинликка чулғанган дилкаш кайфият ҳукм сура бошлади. Мақсуд ҳаммани вальсга таклиф этди. Унинг бу борада анча-мунча тажрибаси бор экан, доимо ҳазин табассуми билан йигитлар юрагига чўғ соладиган Ҳилоланинг белидан қучиб, давра айлана бошлади. Синфдошлар уларга бир зум ҳайрат, ҳавас назари билан қараб туришди. Сўнгра улар ҳам майин куйлар садосида тебрана бошлашди... Ўшанда Дониёр «ҳаёт суви»дан татиб кўрганди. Боши айланиб, юрагидаги тошқин куч вужудига ғулу соларди. У бир бурчакда турган Сурайёнинг олдига борди. Сурайё уятчанг, ҳаёли қиз эди.
– Уяламан, қўйинг, мен вальсни билмайман! – деди у Дониёрнинг қулоғига.
Бироқ йигитнинг кўзларидаги сўнмас журъатга тоб беролмади... Залворли қўллар нозик вужудни тутди. Сурайё мисоли ҳуркак оҳудек тўлғанар, ҳали иссиқ қучоқнинг ҳароратига урмагани боис титраб кетарди. Қўллар... Дониёрнинг қўллари... Қўллар... Сурайёнинг нозик қўллари... Улар ҳозир йигитнинг кенг елкасида... Кўзлар эса ерга қадалган. Уят, ийманиш бор уларда... Гўё худди шу сонияларда қўллар тафтидан таралаётган ҳарорат уларни ипсиз ришта билан боғлаб қўймоқда-ю, бу ришта абад узилмайдигандай... Дониёр кейинчалик Сурайё билан ҳаёт йўллари айри-айри тушган бўлса-да, ҳамон ўша гулгун таассурот завқидан чиқа олмасди.
* * *
Дурдона эрини яхши кутиб олди. «Шунчаки қўшиқ таъсир қилгандирда, – деди Дониёр ичида, – аёл зоти таъсирчан бўлади».
– Сиз ювинаверинг, мен ҳозир.
Жавоб бергиси келади. Шинамгина безатилган уйга ўтиб, ўзини диванга ташлади. Ёнини узоқ кавлаб, сигарет топди. Чекди. «Буям бир аҳмоқчилик бўлди-да, – деди ҳаёлан бугунги ўй-хаёлларини таҳлил қиларкан, – Сурайё ҳозир кап-катта хотин. Йўқ! Дурдона унинг олдида гулдай. Менинг Дурдонам, ўзимнинг Дурдонам».
– Боя сиз келмасдан ёғни доғлагандим, деразани очиб қўяй...
Ошхонада куймаланиб юрган Дурдона негадир ўзини эридан олиб қочгиси келарди.
... Ташқаридан яна баҳорни майин ҳавоси кириб келди. Унга қўшилиб, Жо Дассен қўшиғи... Тавба, – деди Дурдона ичида ижирғаниб. – Бу аспирант фақат шу қўшиқни эшитаркан - да. Дониёр акамнинг олдида... яна...»
У ҳадик, бироз ҳавотир билан хонага кириб келганида Дониёр кўзларини юмганича жим ётарди. Кулдонга чала эзғиланган сигаретдан эса эланг-биланг тутун тараларди.
– Чой олиб келдим.
Дониёр кўзини очмади. Кўрсаткич бармоғини оғзига олиб борди.
– Тишшш!
Дурдона эрининг бу ҳолатини кўриб кулгиси қистади.
– Сизга ярашмаскан, Дониёр ака!
Кейин оёқ учида изга қайтди. Ошхонадаги ишларига шўнғиди.
Жо Дассен куйларди.
Хидирали ПАНЖИЕВ
Янгиланган (09.04.2009 08:24)
