| ORZU.UZ - Полиграфия и дизайн. Камин-пресс - офсетная печать в оперативно сжатые сроки – это основная деятельность нашей компании. Мы всегда по хорошему «заряжены» на работу с клиентами. Определив конечные цели, мы движемся к ней на максимальной скорости «на всех парусах». |
|
-
Рўйхатдан ўтиш ва материал қўшиш
Сайтимиз очилганидан буён ҳар куни сайтимизга кўплаб одамлар киришмоқда. Бу биз учун жуда қувонарли. Бироқ нима учундир ҳеч ким рўйхатдан ўтгиси ва материалларга шарҳ қолдиргиси ёки сайтимизда ўзининг мақоласини чоп этгиси келмаётганлиги одамни ажаблантирарди. Кейинроқ аниқланишича, кўпчилик сайтимизда рўйхатдан ўтган, лекин бу жараённи охирига етказмаган экан. Шунинг учун бу ҳақда тўлиқ маълумот беришга қарор қилдик.
Батафсил...
Гарри Поттер ва фалсафий тош
| Материал Индекси |
|---|
| Гарри Поттер ва фалсафий тош |
| 2 bob |
| 3 bob |
| 4 bob |
| 5 bob |
| 6 bob |
| 7 bob |
| 8 bob |
| 9 bob |
| 10 bob |
| 11 bob |
| 12 bob |
| 13 bob |
| 14 bob |
| 15 bob |
| 16 bob |
| 17 bob |
| Барча саҳифалар |

Жоанна Кэтлин РОУЛИНГ,
асар муаллифи,
Буюк Британиялик болалар ёзувчиси

Мария Викторовна СПИВАК,
инглиз тилидан рус тилига ўгирган россиялик таржимон

Шокир Зокирович ДОЛИМОВ,
рус тилидан ўзбек тилига ўгирган
ҳарбий таржимон
БИРИНЧИ БОБ
ОМОН ҚОЛГАН БОЛА
Жуссаси йирик бўлиб, ортиқ даражада семизлигидан бўйни деярли кўринмайдиган, бурни остидан узун мўйлов ўсиб чиққан Мистер Дурсль парма ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Груннингс» фирмасининг директори бўлиб ишлайди. Қотмадан келган сарғиш сочли миссис Дурслнинг бўйни эса аксинча, ҳаддан ташқари қизиқувчан табиати учун айни муддао бўлиб, оддий аёлнинг бўйнига нисбатан икки чандон узун. Негаки, хоним бировнинг деворидан мўралаб қараш, қўшниларни кузатиб, уларнинг сир-асрорларидан бохабар бўлиб юришни ўларча ёқтиради.
Шунингдек, эр-хотиннинг кичкинтой, Дудли исмли ўғли бўлиб, ота-онасининг фикрича, бу ёруғ оламга ҳали бундай ажойиб бола келмаган эмиш.
Дурсллар бисотида, улар истаган нарса бор. Бироқ, бундан ташқари, яна шундай бир мудҳиш сир борки, у ҳам бўлса, Поттерларнинг Дурслларга қариндош эканлигидир. Бу гапнинг бирор-бир кишига ошкор бўлиши Дурсллар учун бардош бериб бўлмас андиша бўлиб, ундан бирор-бир кимса воқиф бўлиб қолиши ҳақидаги ўй эр-хотинни қаттиқ ғазабга келтиради. Гап шундаки, миссис Поттер миссис Дурслнинг туғишган синглиси бўлади. Бироқ, опа-сингил кўп йиллардан буён юз кўришмаган. Очиғини айтганда, миссис Дурсль ўзини гўё синглиси йўқ кишидай тутади. Бунинг боиси сингил ҳам, унинг тўпори эри ҳам Дурслларга имкон қадар ўхшамасликка ҳаракат қилишидир. Мабодо Поттерлар Дурсллар кўчасига кириб қолишса-ю, қўшниларнинг бу ҳақдаги фисқ-фасодларини ўйлашса эр-хотиннинг аъзойи баданларини титроқ босади. Дурсллар Поттерларнинг жажжи ўғилчаси борлигидан хабардор бироқ, уни кўришмаган. Умуман олганда, айни шу боланинг борлиги Дурслларни Поттерлардан янада узоқроқ бўлишга мажбур қилди. Дудлининг ҳар хил безориларга илашиб юриши етмай турган эди!
Деразадан кўриниб турган булутли осмонда яъни, ҳикоямиз бошланадиган, ҳавоси бузуқ зерикарли сешанбанинг мистер ва миссис Дурсллар уйғонган эрта тонгида, кўп ўтмай жуда сирли, жумбоқли воқеалар бўлиб ўтишидан далолат берадиган бирор-бир аломат ҳали кўринмайди. Мистер Дурсль алланарса ғўнғиллаганча, ишга тақиб юрадиган кўримсиз бўйинбоғларидан бирини қидирар, миссис Дурсль эса бақалоқ Дудлини баланд бўйли болалар курсисига суқиб киритишга ҳаракат қилиб, кечаги миш-миш гапларнинг чаласини эрига шоша-пиша охиригача сўзлаб берар эди.
Ўзи билан ўзи овора эр-хотиннинг бирортаси ҳам айни пайтда дераза ёнидан учиб ўтган малла-жигар ранг бойқушни пайқамади.
Соат саккиз яримда мистер Дурсль портфелини қўлига олдида, хотинининг юзидан чўқиб олиб, Дудлини ҳам ўпмоқчи бўлди-ю бироқ, ҳаракати хато кетди. Айни фурсатда Дудли жанжал кўтариб, курсида типирчилар ва атрофга жон-жаҳди билан сули бўтқа улоқтирар эди.
- Қуёнчам мени, - деб қурқураб қўйди Дурсль ва уйдан чиқиб кетди. Бир илож қилиб машинага кириб олдида, 4- уйдан нари кетди.
Чорраҳага чиққач, илк бор ғалати бир ҳолат гувоҳи бўлиб қолди. Ногаҳон унинг нигоҳи синчковлик билан харита ўрганиб турган мушукка тушди. Дурсль, ушбу ҳолатга дастлаб эътибор қаратишга ҳам улгурмади, идрок этгач эса бошини кескин буриб, ортга қаради. Одамовилар хиёбони бурчагида юнги йўл-йўл мушук турар бироқ, унинг ёнида ҳеч қандай харита кўринмас эди. Қандай бемаънилик? Тонг ёруғлигининг ўйини бўлса керак бу. Мистер Дурсль кўзларини пирпиратиб олдида, мушукка бақрайтирди. Мушук эса унга тик қараб турди. Ҳаракатини давом эттирар экан, токи бурилиб, катта йўлга чиққунга қадар дўнг пешонаси рўпарасидаги орқа томонни кузатиш кўзгусидан мушук ҳаракатини кузатиб борди. Бу сафар мушук кўча номи ёзилган тахтадаги «Одамовилар хиёбони» ёзувини ўқиди. Йўқ, аниқроғи у тахтага қараб турган эди. Ахир мушук харитани ҳам, тахтадаги ёзувни ҳам ўқий олмаслиги муқаррар-ку! Мистер Дурсль бир силкиниб олдида, хаёлини мушукдан чалғитди. Шаҳарга элтадиган йўл давомида эса шу бугун ишда бир дунё пармаларга йирик буюртма олиш ҳақидаги ўйга чўмиб кетди.
Шундай бўлса-да, шаҳарга яқинлашган мистер Дурслнинг хаёлидаги пармалар билан боғлиқ орзу-ҳавасни яна бир нарса қувиб юборди. Ҳар куни эрталаб рўй бергани каби бугунги йўл тирбандлигида ўтирар экан ҳамма ёқда ғалати кийиниб олган одамлар юрганини сезиб қолди. Мистер Дурсль кишининг жиғига тегадиган одамларни тоқат қила олмайди. Бу одамлар эса ҳаммаси бирдай ридо кийиб олган. Баъзан ёшларнинг беўхшов кийиниб олишганини ўйласанг, ваҳиманг келади! Ридо – бирор-бир сўнгги чиққан аҳмоқона мода бўлса керакда деган хаёлга борди у. Машинасининг рулини бармоқлари билан чертиб ўтирар экан, ёнгинасида йиғилиб олган, кайфи чоғлик билан нималардир ҳақида шивирлашиб турган ақли норасолар томон қараб, улар орасида икки-уч киши унчалик ёш эмаслиги, анави киши эса кекса бўлиб, зумрад-зангори ридо кийиб олганлигини ғазаб билан пайқаб қолди! Қандай андишасиз киши экан! Шунда мистер Дурсль хаёлига буларнинг бари навбатдаги реклама ёки бирор-бир шунга ўхшаш тадбир бўлиб, бу одамлар хайр-эҳсон йиғиб юрган бўлса керак деган ўй келди. Ҳа, энди тушунарли. Ниҳоят машиналар қўзғалиб, икки дақиқадан сўнг мистер Дурсль яна ўз пармалари ҳақида ўйлаганча «Груннингс» идорасининг биноси ёнидаги машиналар турадиган майдончага кириб борди.
Тўққизинчи қаватда жойлашган хизмат хонасида мистер Дурсль доимо деразага орқа ўгириб ўтиради. Агар бундай ўтирмаганида бугун эрталаб у ўз хаёлларини пармаларга жалб этишга анча қийналган бўлар эди. Негаки у, куппа-кундуз куни деразаси ёнидан бойқушлар тинмай учиб ўтишаётганини пайқамади. Аммо кўчадаги одамлар оғзилари очилиб, лол қолишганларича, йирик ўрмон қушлари кетма-кет учиб юришганини томоша қилишди. Тўпланиб олган меровларнинг аксарияти бойқушларни, ҳатто тунда бўлсин, муқаддам кўришмаган.
Мистер Дурсль куннинг биринчи ярмини шу аснода, ўз маромида, бўлар-бўлмас бемаъни бойқушларсиз ўтказди. У беш нафар бўйсунувчининг таъзирини бериб, муҳим жойларга қўнғироқ қилиб бўлгач, яна икки кишини койиб беришга улгурди. Тушликдан сўнг аъло кайфият билан кўчага чиқиб, қўл-оёғининг чигилини ёзиб келиш ва бир йўла нон дўконига кириб, ёғда кўпчитиб пиширилган бир жуфт кулча харид қилишга аҳд қилди.
Дўконга олиб борадиган йўлакда турган одамлар тўдасига дуч келмаганида, эрталаб учратган ридо кийганларни эсига ҳам олмаган бўлар эди. Тўда ёнидан ўтар экан, дарғазаб нигоҳи билан ушбу одамларнинг бошларидан оёқларигача разм солиб, қараб чиқди. Сабабини англаш қийин бўлса-да, бу одамлар уни негадир асабийлашишга мажбур қилди. Булар ҳам, нималардир ҳақида тўлқинланиб шивирлашмоқда. Бироқ, уларнинг қўлида хайр-эҳсон йиғиб юриш учун бирор-бир идиш кўринмайди. Кулчалар тўла қоғоз халтани катта қорнига босиб олганича дўкондан қайтар экан яна шуларнинг ёнидан ўтиб, қулоғига чала-ярим гаплари эшитилиб қолди:
- Поттерлар, аниқ, менга айнан шундай дейишди ...
- ... ҳа-ҳа, уларнинг ўғли, Гарри ...
Мистер Дурсль яшин ургандай тўхтаб қолиб, саросимага тушиб қолди. Шивирлашиб турган одамларга ўгирилиб қараб, ниманидир сўраб билмоқчи бўлди-ю, фикридан қайтди.
Даҳшатдан ранги бўздай оқариб, идора томон ғизиллаганча, хонасига югуриб етиб олдида, котибага бўкириб, уни ҳеч ким безовта қилмаслигини буюрди. Уй телефонининг рақамини энди териб ҳам бўлган эдики, бирдан ўзини тўхтатди. Гўшакни жойига қўйиб, мўйловини силаганча ўйга чўмди ... Йўқ, бу қандайдир бемаънилик. Ахир Поттер фамилияси у қадар ғайриоддий фамилия эмас. Фамилияси Поттер, ўғлининг исми Гарри бўлган одамлар эса бир талай бўлишига ҳеч ҳам шубҳа қилмас, гапнинг очиғи, жиянининг исми чиндан ҳам Гарри эканлигига ишончи комил ҳам эмас. Эҳтимол унинг исми Гарви ёки Гарольддир. Миссис Дурслни безовта қилишга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Бояқиш, синглиси тўғрисида гап очилиши билан таъби хира бўлади. Уни бирор нарсада айблаб ҳам бўлмайди. Агар ўзининг шундай синглиси бўлганида-чи ... бироқ, ...ридо кийиб олганлар ...
Тушликдан сўнг ўтган вақт давомида хаёлни жамлаб, пармалар ҳақида ўйлаши анча қийин кечди. Идорани кечки соат бешга яқин тарк этиб кетар экан, ҳалигача ўзини идора қила олмаганидан бир ўткинчи кишини туртиб, қулатиб юборишига сал қолди.
- Кечирасиз, - тўнғиллаб қўйди у турткидан тебраниб ерга юз тубан йиқилиб тушишдан ўзини аранг тўхтатиб қолган муштдай кишига қараб.
Унинг бинафша ранг ридо кийиб олганини мистер Дурсль бирдан фаҳмлаб олмади. Ҳозиргина лой билан битта бўлиб кетишига бир бахя етмаган, бўйи ўсмай қолган киши эса мутлақо эсанкирамади. Аксинча, чеҳраси табассумдан очилиб, шундай ғайриоддий хирилдоқ овоз билан гапирдики, бир неча ўткинчи одамлар таажжуб билан ўгирилиб қараб қўйишди:
- Узр сўраманг сэр, узр билдирманг, қадрдоним. Ҳаётимнинг энг бахтли, энг чароғон кунини ҳеч нарса қоронғилаштира олмайди. Қувонинг, чунки Ўзингиз-Биласиз-Ким ниҳоят ғойиб бўлди! Бугун ҳатто сизга ўхшаган магллар (магл – табиатан сеҳргар бўлмаган одам) учун ҳам катта, эшитяпсиз-ми, ниҳоятда катта байрам бўлиши даркор.
Мўйсафид мистер Дурслнинг белидан маҳкам қучиб олдида, чопганча нари кетди.
Серрайиб қолган мистер Дурслнинг оёғи асфальтга ёпишиб қолди. Ҳозиргина уни мутлақо нотаниш киши қучиб олиб, устига устак магл деб атади. Бу аҳмоқона сўзнинг қандай маъно англатиши ҳақида эса ўйлашни ҳам хоҳламайди. Эсини бироз йиғиб олгач, машинаси томон ошиқиб, тез уйга жўнади. Бўлиб ўтган ҳодисани ўзига ўзи муқаддам эп кўрмаган ва ҳаддан ортиқ қизишиб кетган тасаввур деб тушунтиришга уриниб кўрди. Зеро у йўқ нарсани тасаввур этишни ҳеч қачон оқламаган.
Уйга яқинлашган Дурслнинг нигоҳи ҳовли боғининг тош тўсиғи устидаги, кайфиятини мутлақо кўтармаган юнги йўл-йўл мушукка тушди. Кўзи атрофидаги белгиларини кўриб, бу айни эрталаб учратган мушук эканлигига шубҳа қилмади.
- Пишт! - қичқирди мистер Дурсль.
Мушук жойидан қўзғалмай, Дурслга жиддий қараб қўйди.
- Бу нима, мушукларнинг одатий хулқими? - ўзига ўзи савол берди у.
Мистер Дурсль имкон қадар ўзини қўлга олиб, бўлиб ўтган ишларга хотинини аралаштирмаслик аҳдидан қайтмаганча уйга кирди.
Миссис Дурсль эса кунни осойишта ўтказди. Кечки дастурхон устида қўшни аёлнинг терс қизи ҳақида эрига батафсил сўзлаб берди. Бундан ташқари, Дудли янги, «Хоҳламайман» деган сўз гапиришни ўрганиб олганини маълум қилди. Мистер Дурсль ўзини имкон қадар одатдагидек тутди. Дудли ўрнига ётқизилгач, меҳмонхонага, кечки янгиликларни эшитишга кириб кетди:
- Энди бугунги янгиликларга якун ясайдиган хабар. Юртимиз орнитологларининг берган маълумотларига қараганда, бугун ҳамма жойда бойқушларнинг таажжубли ҳаракати кузатилди. Улар овга, одатда, тунда чиқиб, кун ёруғида кўринмайдилар. Бироқ, бугун кундузи, ушбу қушлар учиб юрган минглаб ҳолатлар қайд этилди. Улар эрта тонгдан ҳар томон учиб юришди. Экспертлар бундай фавқулодда ҳолатнинг мантиқий сабабини ҳанузгача тушунтира олмаяптилар, - мухбир истеҳзоли кулиб қўйди, - Бу, қандайдир жумбоқли ҳодиса аломати. Энди, ҳурматли телетомошабинлар об-ҳаво янгиликлари билан Жим Мак Гаффин. Хўш, Жим, бойқушлар ёғини бўладими?
- Бу ҳақда, Тед, - жавоб қайтарди метеоролог, - Мен бирор бир янгилик айта олмайман-у бироқ, бугун бойқушларгина ўзини ғалати тутмаганлигини аниқ биламан. Кент, Йоркшир ва Дандилик телемухлислар, кеча мен ваъда қилган жала ўрнига метеорит ёмғири ёғаётганлиги ҳақида куни билан қўнғироқ қилиб, мени хабардор қилиб турдилар! Халқимиз аллақачон Порохли Фитна байрамини нишонлашга киришиб кетганга ўхшайди. Жаноблар ҳали эрта. Бу байрам келаси ҳафта нишонланади! Ҳа, мавриди келганда айтиб қўяй, бугун тунда ёмғир ёғиши аниқ.
Мистер Дурсль креслода ўтирган жойида қотиб қолди. Бутун Британияда метеорит ёмғири? Куппа-кундуз куни учиб юрган бойқушлар? Ҳамма жойда ридо кийиб юрганлар? Бунинг устига анави Поттерлар ҳақидаги миш-миш гаплар ...
Меҳмонхонага иккита чашка чой кўтарган миссис Дурсль кириб келди. Йўқ, айтмаса бўлмайди, қарор қилди у ва томоғини қириб олгач:
- Ммм ... Петунья, азизам ... синглинг ҳақида бирор-бир хабар эшитмадинг-ми?
Кутгандай бўлди, саволни эшитган миссис Дурсль серрайиб, ғазаби қайнади. Умуман олганда, улар сингил ҳақида гап очишмас, унинг йўқлигини англатадиган кўриниш бериб яшар эдилар.
- Йўқ, - кескин жавоб қайтарди хотини, - Ҳа, нима қилди?
- Ҳар хил бемаъни янгиликлар тўғрисида гапиришди, - мужмал гапириб, - Аллақандай бойқушлар ... метеорит ёмғирими-ей ... шаҳарда эса ғалати одамлар юришибди ...
- Хўш? - шартта кесди миссис Дурсль.
- Мен ... демоқчиман-ки ... мени ҳаёлимга ... эҳтимол ... эҳтимол буларнинг бари ... синглинг атрофидаги анави ғалати одамлар билан боғлиқми ... ўзинг тушунасан-ку.
Петунья маҳкам қисиб олган лаблари орасидан чашкадаги чойни аранг ўтказар эди. Кўчада, Поттерлар ҳақида эшитиб қолганлигини гапиришга эса мистер Дурслнинг юраги дов бермади. Қанчалик уринмасин, оғиз очишга журъат эта олмади. Бунинг ўрнига, бепарво оҳанг билан гапиришга ҳаракат қилиб:
- Уларнинг ўғличи, ёши Дудли билан тенг шекилли, шундайми?
- Эҳтимол, - ғижиниб жавоб қайтарди хотини.
- Исми нима уни? Говардми?
- Гарри. Авомга хос, жирканч исм, агар мени фикрим кимнидир қизиқтирса.
Боланинг исмини эшитгач, мистер Дурслнинг юраги қорин бўшлиғи томон юмалаб тушди.
- Ҳа, ҳа, ... албатта, - деди у, - Фикрингга юз фоиз қўшиламан ...
Шундан сўнг бошқа бирор бир сўз айтмайди. Хотини ванна қабул қилар экан, мистер Дурсль оёқ учида бориб, деразадан ташқарига, боғ томон қаради. Мушук ҳалигача тўсиқ устида, гўё ниманидир кутиб Одамовилар хиёбонига диққат билан термилиб ўтирар эди.
Йўқ, нима қилганда ҳам тасаввурига зўр бериб юборганга ўхшайди. Буларнинг бари Поттерларга нима дахли бор? Борди-ю дахли бўлса-чи … Агар … улар билан қариндош эканлиги маълум бўлиб қолса-чи … Йўқ, бунга бардош бериш ниҳоятда қийин.
Эр-хотин ўринларига ётиши билан миссис Дурсль уйқуга кетиб, тарашадай қотиб қолди. Мистер Дурсль эса кўзини катта очиб зимистонга қараганча ўйлаб ўйига етмас эди. Уйқуга кетар экан атрофда юз бераётган ҳодисаларга Поттерларнинг алоқаси бўлган тақдирда ҳам уни ва Петуньяни бу ишларга аралаштиришлари мутлақо шарт эмаслиги Дурслни тинчлантирган сўнгги фикр бўлди. Поттерлар Дурслларнинг ўзларига ва уларга ўхшаганларга бўлган муносабатларини жуда яхши биладилар. Атрофда бўлаётган ҳодисаларга Петунья ёки Дурслнинг ўзи, агар бирор нарса бўлаётган бўлса, албатта, дахлдор бўлишларини тасаввур қила олмас эди. Чуқур эснаб олдида ёнбошлаб олди. Буларнинг бизга дахли йўқ …
Қандай янглишганини билса эди у.
Мистер Дурсль нотинч уйқуга кетганда, тош девор устидаги ҳайкалдай қотган мушук Одамовилар хиёбонининг узоқ муюлишига тикилиб ўтирганча, ҳатто уйқусираган ҳам эмас. Қўшни кўчадаги машинанинг эшиги гумбурлаб ёпилганида ҳам, устидан бир жуфт давангирдай бойқуш учиб ўтганида ҳам қимир этмади. Мушук илк бор қимирлаганида эса тун деярли яримлаб қолди.
Дафъатан, мушук кузатиб турган кўча муюлишида худди ер остидан чиқиб келгандай, бир киши пайдо бўлди. Уни кўрган мушук думини ликиллатиб, кўзини қисиб олди.
Бу кишига ўхшаш бирор-бир кимса Одамовилар хиёбонига ҳали кирмаган бўлса керак. У новча бўйли, озғин, белбоққа қисиб олгудай даражада узун кумуш ранг соч-соқолига қараганда жуда кекса бўлиб, эгнидаги узун жубба устидан кийилган тўқ қизил ридо ергача тушиб турар, оёғига пошнаси баланд, тўқали бошмоқ кийиб олган эди. Унинг мовий кўзлари узун бурни устидаги, ярим ой шаклига эга шишали кўзойнак ортидан ёрқин нурдай ярқирайди. Илмоқсимон қайрилма бурни гўё кам деганда икки жойидан синганга ўхшайди. Бу киши Альбус Дамблдор эди.
Одамовилар хиёбонида истиқомат қиладиган жойлик одамлар уни олқишлар билан қарши олишларига ишониш қийин бироқ, Альбус Дамблдорнинг ўзи бу ҳақда ўйлаб кўрмаган чамаси. Гарангсиб ридосининг тахларида нимадир қидирар экан, айни пайтда уни кимдир кузатиб турганини сезди ва кўчанинг нариги бошида унга қараб турган мушук томон ўгирилди. Сабабини англаш қийин-у, бироқ мушукнинг қиёфаси Дамблдорнинг кулгисини қистади. У истеҳзоли кулиб қўйди-да:
- Мен фаҳмлашим керак эди, - деб қўйди.
Ниҳоят у ички чўнтакларидан бирининг ичидан боядан бери қидирган кумуш зажигалкага ўхшаш нарсасини топди. Уни чақди-да, бир оздан сўнг шиқ этиб ўчирди. Яқин орадаги кўча фонуси дарз кетгандай ўчиб қолди. У зажигалкасини яна бир бор чақди – кейинги фонус ҳам бир оз милтиллаб ўчди. Кўча бошида бир жуфт митти чироқ қолгунга қадар чироқ ўчиргични ўн икки бор шиққилатди. Қолган бир жуфт чироқча эса анави мушукнинг кўзлари эди. Ана энди ўткир кўзли миссис Дурсль деразадан кўчага қараганда ҳам ҳеч нарсани кўра олмайди. Дамблдор чироқ ўчиргичини ридосининг чўнтагига қайтариб солди-да, кўча бўйлаб 4- уй томон йўл олди. Уй ёнига етиб келгач, тош тўсиқ устига, мушук ёнига ўтирди. Мушук томон бирор-бир маротаба бўлсин қиё боқмай гап бошлади.
- Сизни бу ерда учратганимдан таажжубдаман, профессор Макгонагалл.
Йўл-йўл мушукка илжайиб қўймоқчи бўлиб бошини бурган эди ҳам-ки, дарғазаб аёлга жилмайишга тўғри келди. Аёл худди мушукнинг кўзи атрофидаги белги шаклига ўхшаш квадрат кўзойнак тақиб олган, қора сочлари бир тутам қилиб йиғилган, унинг ҳам эгнига зумрад ранг ридо бўлиб, нимадандир безовта бўлаётганлиги кўриниб турибди.
- Мени қандай танидингиз?
- Азизам, мушукларнинг бир жойда бундай қотиб туришганини ҳали бирор маротаба учратганим йўқ.
- Куни бўйи совуқ тош устида ўтиргандан кейин қотмай бўладими, - вайсаб жавоб қайтарди профессор Макгонагалл.
- Куни бўйи? Сиз байрам қилмадингиз-ми? Йўл-йўлакай базм уюштирилган ўнлаб жойларни кўрдим.
Профессор Минерва Макгонагалл жаҳл билан кулиб қўйди.
- Ҳа, албатта, ҳамма байрам қиляпти, - гап бошлади норози оҳанг билан, - Эҳтиёткорлик билан иш тутиш ўрнига, аксинча, ҳатто магллар ҳам нималардир бўлаётганлигини сезиб қолишди. Уларнинг янгиликларида бу ҳақда гапириб ўтилди, - деди-да бошини Дурсллар хонадони меҳмонхонасининг қоронғи деразаси томон силкиб қўйди, - Эшитдим. Бойқушлар галаси, метеорит ёмғир ... Ахир магллар батамом овсар эмас-ку ҳар қалай. Улар сезмай қолишмайди. Кентда метеорит ёмғири! Онт ичиб айтаманки, бу иш эси йўқ Дедал Дигглнинг ҳунари бўлган. Кўнглига келган бемаънигарчиликни қилаверадиган тентак!
- Дарғазаб бўлманг, - мулойимлик билан тана қилди Дамблдор, - Сўнгги ўн бир йил ичида биз камдан-кам қувонганмиз.
- Биламан, - зарда қилди профессор Макгонагалл, - Бироқ, бу ақлдан озиш мумкинлигини англатмайди-ку. Ҳамма ўз огоҳлигини осонликча йўқотди-қўйди! Куппа-кундуз куни, лоақал маглларга ўхшаб кийинмасдан ҳам сайр қилиб юришганини қаранг-а! Ахир қанча миш-миш гаплар тарқаб кетади!
У эътироз кутиб, Дамблдорга еб юборгудай бўлиб қаради. Ундан эса бирор сўз эшитмагач, давом этди:
- Бундан ақллироқ нарса ўйлаб топиш қийин. Айни Ўзингиз-Биласиз-Ким ниҳоят ғойиб бўлган куни магллар биздай одамлар борлиги ҳақида билиб олишса. Умид қиламанки, у чиндан ҳам ғойиб бўлди, нима деб ўйлайсиз, Дамблдор?
- Шунга ўхшайди, - жавоб қайтарди Дамблдор, - Миннатдор бўлсак арзийди. Лимонли обакидандон берай-ми?
- Нима?
- Лимонли обакидандон. Бу маглларнинг мевали конфетларидан бири. Мен уни жуда ҳуш кўраман.
- Йўқ, раҳмат, ош бўлсин, - деди профессор Макгонагалл, ҳозир лимонли обакидандон сўриб ўтиришнинг мавриди эмаслигини таъкидлаган мағрур оҳанг билан, - Ҳозир айтиб ўтганимдай, Ўзингиз-Биласиз-Ким ғойиб бўлганлигига қарамай ...
- Азизам Минерва, ишончим комилки, ақл-идрок билан мулоҳаза юритадиган сиздай бону уни ўз исми билан аташни ўзига эп кўради. Бундай бўлмағур «Ўзингиз-Биласиз-Ким»га ўхшаш гаплар сафсатадан бошқа нарса эмас ... Ўн бир йилдан буён уни ўз исми: Вольдеморт деб аташга одамларни мажбур қилиш билан овораман.
Обакидандоннинг ёпишиб қолган жилдини ажратиш билан овора Дамблдор Вольдеморт исмини эшитган профессор Макгонагаллнинг сесканиб кетганини пайқамади.
- Биз уни «Ўзингиз-Биласиз-Ким» деб атаганимиз сари ҳамма нарса баттар чигаллашиб бораверади. Вольдеморт исмини талаффуз этишга тўсқинлик қиладиган бирор-бир сабаб кўрмайман.
- Тушунаман, - профессор Макгонагалл Дамблдорнинг жасурлигидан бир вақтнинг ўзида ҳам ваҳимага қилар, ҳам қойил қолар эди, - Бироқ, Сиз бошқалардан ажралиб турасиз, Ўзингиз-Била ... хўп яхши, Вольдеморт фақат Сиздангина қўрқиши ҳаммага маълум.
- Сиз менга хушомад қиляпсиз, - деди Дамблдор вазминлик билан, - Вольдемортнинг менда ҳеч қачон бўлмайдиган имкониятлари бор.
- Чунки сиз … ммм … бундай имкониятларни қўллашга ҳаддан ортиқ олижаноблик қиласиз.
- Яхши ҳам-ки атроф қоронғи. Помфри хоним менинг бошмоқчаларимни жуда ёқтиришини айтган кундан бери ҳали қизармаган эдим.
Профессор Минерва Макгонагалл Дамблдор томон ўткир нигоҳ ташлаб:
- Бойқушлар - ҳавода юрган миш-миш гаплар олдида ҳеч гап эмас. Атрофдагилар нималар деб юришганидан хабарингиз борми? Нима учун у ғойиб бўлганлиги, уни пировардида нима тўхтатиб қолганлиги ҳақида қандай фикр билдиришмоқда?
Профессор Макгонагалл ниҳоят уни ҳаяжонга солаётган, куни билан тош тўсиқ устида ўтириб чиқишга мажбур қилган мавзуни очганлиги аён сезилар, мушук қиёфасида ҳам, аёл сифатида ҳам у ҳали Дамблдорга бу қадар синчковлик билан разм солиб қарамаган эди. «Атрофдагилар» нималар деб юришганидан қатъи назар, токи Дамблдор тасдиғини эшитмас экан, бу миш-миш гапларнинг бирортасига ишонишни ҳаёлига ҳам келтирмаганлиги яққол кўриниб турибди. Дамблдор эса навбатдаги обакидандон жилдини очиш билан машғул.
- Одамларнинг айтишларига қараганда, - қатъият билан давом этди профессор Макгонагалл, - Ўтган кеча, Вольдеморт, Годрик жарлигида, Поттерларни ўлдириш мақсадида пайдо бўлган эмиш. Миш-миш гапларга кўра, Лили ва Жеймс Поттер … улар … улар ҳалок бўлган эмиш.
Дамблдор маъқуллаб, бош ирғиб қўйди. Профессор Макгонагалл оҳ деб юборди.
- Лили, Жеймс ... ишонгим... мен бунга ишонгим келмаган эди ... Оҳ, Альбус ...
Дамблдор қўлини узатиб, унинг елкасига аста уриб-уриб қўйди.
- Тушунаман ... тушунаман ... - деди бўғиқ овоз билан.
Профессор Макгонагалл титраган овоз билан гапини давом этди:
- Бу ҳали ҳаммаси эмас. Айтишларига қараганида, у Поттерларнинг ўғли Гаррини ҳам ўлдиришга уринган эмиш. Бироқ, қўлидан келмабди. Қаранг-а, кичкинагина болакайни ўлдира олмабди. Қандай қилиб ва нима сабабдан эканлигини ҳеч ким билмайди-ю, лекин миш-миш гапларга кўра Вольдеморт Гаррини ўлдира олмаган бироқ, унинг сеҳри қандайдир йўсинда йўқ бўлиб, барҳам топган ва шу сабабдан ҳам у ғойиб бўлган.
Дамблдор ғамгин бош ирғиди.
- Шу гап ... ростми? - қалтироқ оҳангда сўради профессор Макгонагалл, - Шунча қилмишларни қилган ... шунча одамларнинг ёстиғини қуритган ... кичкинагина болакайни ўлдира олмабдими? Унинг сеҳр-жодуси айни шу йўсинда барҳам топиши ... бўлиши мумкин эмас. Қандай қилиб, фалак ҳақи, Гарри омон қолган?
- Тахмин қилишдан бошқа чора йўқ, - жавоб қайтарди Дамблдор, - Буни биз ҳеч қачон била олмаймиз.
Профессор Макгонагалл тўқима рўмолчасини олиб, кўзойнак ортидан кўзларининг ёшини артиб олди. Дамблдор қаттиқ хўрсиниб, чўнтагидан чиқарган тилла соатига қараб қўйди. Ўн иккита милли, бирорта ҳам рақам кўринмайдиган ғалати соат. Рақамлар ўрнига айлана бўйлаб ўн иккита сайёра тасвири айланади. Шундай бўлса-да, Дамблдор ўз соатини яхши тушунади шекилли, уни яна чўнтагига солиб қўйиб:
- Хагрид кечикяпти, - деб қўйди, - Мени бу ерга келишимни ўша айтган бўлса керак Сизга?
- Ҳа, - жавоб қайтарди профессор Макгонагалл, - Ишончим комилки, нима учун айни шу ерга келишингиз сабабини айтмайсиз.
- Мен Гаррини, унинг ягона қариндошлари бўлмиш амакиси ва холасига топширгани келдим.
- Ҳар қалай ... Ҳар қалай мана бу уйда яшаётган одамлар бўлмаса керак? - қичқирганича сакраб туриб, 4- уй томон ишора қилди профессор Макгонагалл, - Дамблдор ... ҳақингиз йўқ. Мен куни билан уларни кузатиб ўтирдим. Бундай оилага ўхшаган бошқа оилани топиш қийин. Конфет талаб қилиб, онасини кўчани бошидан охиригача тепиб келган ўғли-чи! Гарри Поттер шулар билан яшайди-ми?!
- Гаррига ҳар қаердан кўра шу ер яхши, - гапни чўрт кесди Дамблдор, -Бир оз улғайгач, амакиси билан холаси ҳамма нарсани тушунтириб беришади унга. Мен уларнинг номига хат тайёрлаб қўйдим.
- Хат? - тўсиқ устига қайтиб ўтирганча, паст овоз билан сўради профессор Макгонагалл, - Нималар деяпсиз Дамблдор, бўлиб ўтган нарсаларни хат орқали тушунтириб бўлади деб ўйлайсиз-ми? Бу одамлар хат мазмунини ҳаётда тушунишмайди! Гарри машҳур бўлиб, афсонага айланади, келажакда бугунги кунни Гарри Поттер номи билан аташса асло ҳайрон бўлмайман. У ҳақда китоблар ёзишади. Ҳар қандай бола борки, Гаррининг исмини яхши биладиган бўлади!
- Мутлақо ҳақсиз, - деди Дамблдор, кўзойнак тепасидан жиддий нигоҳ ташлаб, - Шу гапнинг ўзи ҳар қандай кишининг бошини айлантириб қўйиш учун етарли бўлади. Ҳали юриш ва гапиришни билмай туриб, ном чиқариш! Ўзинг ҳеч нарсани эслай олмайсан-у донгдор бўлсанг! Ундан кўра ўхшаш шов-шувлардан нарида улғайгани, ҳамма нарсани ўз ақли билан идрок этадиган ёшга етгач, ҳақиқатни келгусида ўзи мустақил англаб етгани ва айни шу боис ҳам Дурсллар оиласида улғайгани Гарри учун маъқул эканлигини ўзингиз тушунмаяпсиз-ми?
Профессор Макгонагалл эътироз билдирмоқчи бўлди-ю, фикридан қайтди. Бир оз сукут сақлагач:
- Ҳа, албатта, Дамблдор, айтайлик Сиз ҳақсиз. Аммо бола қандай қилиб бу ерга келиб қолади?
У бола қиёфасини кўриш ниятида дарҳол Дамблдорнинг ридосига шубҳа билан кўз югуртириб чиқди.
- Уни Хагрид олиб келади.
- Бундай муҳим топшириқни Хагридга ишониб, оқилона иш тутдим деб ўйлайсиз-ми?
- Керак бўлса, Хагридга мен ўз ҳаётимни ишониб топшираман, - деди Дамблдор.
- Мен уни тошбағир демоқчи эмасман, - истар-истамас тушунтира кетди профессор Макгонагалл, - Аммо унинг жуда эҳтиётсиз эканлигига кўзингизни юма олмайсиз-ку, ҳар қалай. У доимо ... Бу қандай шовқин бўлди?
Дафъатан паст гумбурлаб эшитилаётган товуш кўча сукунатини бузди. Дамблдор билан профессор Макгонагалл, фаралар нурини кўриш илинжида атрофга назар солишар экан, товуш борган сари баланд эшитилди. Тез орада у ҳақиқий гуриллаган товушга айланди. Шундагина уларнинг ақли юқорига қарашга етди. Бу орада осмон-у-фалакдан ерга улкан мотоцикл келиб қўнди.
Мотоцикл чиндан ҳам ниҳоятда улкан бўлишига қарамай, уни эгарлаб келган баҳайбат одам олдида ўйинчоқдай кўринар эди. Унинг бўйи оддий одам бўйидан тахминан икки баробар баланд, эни эса беш чандон энлироқ бўлиб, одам учун йўл қўйса бўладиган ўлчамлардан анчагина йирик, устига-устак, тўзғиган тим қора қуюқ соч тилимлари ва пахмайган соқоли юзини тўла-тўкис яшириб қўйганлиги боис ёввойига ўхшаб кўринарди. Қўлининг кафти сал нарида турган чиқинди ташлаш бакининг қопқоғидай келиб, чарм этик кийиб олган оёқларининг катталиги вояга етишига оз қолган дельфин болаларини эслатар эди. Мушаклари чиқиб кетган ўта катта бақувват қўлларида адёлга ўралган алланимани ушлаб олган.
- Хагрид, - енгил тортди Дамблдор, – Ниҳоят. Мотоциклни қаердан олдинг?
- Вақтинча олиб турибман, профессор Дамблдор, сэр, - жавоб қайтарди гигант, - Ёш Сириус Блэк бериб турди, сэр.
- Муаммо бўлмади-ми?
- Йўқ, сэр. Уй деярли батамом вайрон бўлган бироқ, магллар у ёқ бу ёқ зир югуришни бошлаганларига қадар йигитчани олиб чиқишга улгурдим. Ишлар жойида! Бристоль графлиги устида ухлаб қолди.
Дамблдор ва профессор Макгонагалл тугунча устида энгашишди. Унинг ичида базўр кўриниб турган чақалоқ донг қотиб ухлар эди. Кўмирдай қоп-қора сочи остидан пешонасидаги яшин зигзагига ўхшаш ғайриоддий тиртиқ кўриниб турарди.
- Мана шу ерига ... - пичирлади профессор Макгонагалл.
- Ҳа, - жавоб қайтарди Дамблдор, - Бу чандиқ умрининг охиригача сақланиб қолади.
- Бирор чора кўриб бўлмайди-ми, профессор?
- Бўлган тақдирда ҳам мен қўлламаган бўлар эдим. Чандиқлар баъзан фойда бериб қолиши мумкин. Мисол учун, чап тиззамда Лондоннинг ер ости йўллари чизмасига ўхшаш чандиқ бор. Хўш, Хагрид, уни менга бер, ишни охирига етказишимиз даркор.
Дамблдор Гаррини қўлига олиб, Дурсллар уйи томон ўгирилди.
- Мумкинми ... У билан хайрлашиб олишга рухсат беринг, сэр? - ижозат сўради Хагрид.
У йирик, пахмоқ бошини энгаштириб, тикандек ботадиган ва кўринишидан виски ҳиди уриб кетган лаби билан чақалоқнинг пешонасидан ўпиб қўйди-да, кутилмаганда яраланган итга ўхшаб инграб юборди.
- Жим! - дўнғиллаб берди профессор Макгонагалл, - Маглларни уйғотиб юборасан!
- К-к-кечирасиз, - ҳўнграб юборди Хагрид, киссасидан ўта кир бўлиб кетган катта дастрўмолини чиқариб, башарасини яширар экан, - Бар-бар-бардош бера олмайман! Лили билан Жеймс ҳалок бўлишди ... Кичкинтой Гаррини эса маглларга ташлаб кетяпмиз ...
- Албатта, албатта, бу жуда ғам-андуҳ тўла ҳолат, аммо ўзингни қўлга ол, йўқса бизни сезиб қолишади, - шивирлади профессор Макгонагалл, Хагридни юпатганича, қўлига уриб-уриб.
Бу вақтда Дамблдор боғнинг паст бўйли тош тўсиғи устидан ҳатлаб ўтиб, уйнинг кириш эшиги томон йўл олди. Гаррини эҳтиётлик билан остона устига ётқизиб, ридосининг чўнтагидан хат чиқарди-да, адёллар орасига жойлаб қўйди ва ўз ҳамроҳларининг ёнига қайтди.
Улар бутун бир дақиқа сукут сақлаб, тугунчага қараб қолишди. Овоз чиқармай йиғлаётган Хагриднинг елкалари титрар, профессор Макгонагалл юрак ютиб, кўзларини пирпиратар, Дамблдор кўзидаги, одатда, ёрқин ёғилиб турадиган нур эса гўё сўниб қолгандай эди.
- Нима ҳам қилар эдик, бажариш керак бўлган ишни бажардик, - ниҳоят овоз чиқарди Дамблдор, - Бу ерда ортиқ қолишга ҳожат йўқ. Яхшиси юринглар, биз ҳам байрам тантаналарига бориб қўшилайлик.
- Ҳа, - Хагриднинг овози йиғига тўла чиқди, – Мен анави аравани Сириусга обориб беришим керак. Хайр профессор Макгонагалл, профессор Дамблдор, сэр.
Хагрид, кўз ёшларининг жилғаларини чарм енги билан артганча, мотоциклни эгарлади ва бир тепиб двигателни ишга туширди. Мотоцикл гуриллаганча осмонга кўтарилиб, зимистон қаърига кириб кетди.
- Умид қиламан-ки, тез орада кўришамиз, профессор Макгонагалл, - таъзим қилди Дамблдор.
Профессор Макгонагалл эса бунга жавобан қўлидаги дастрўмолига бурун қоқиб қўйди.
Дамблдор ўгирилди-да, кўча бўйлаб нари кетди. Муюлишга етиб боргач, тўхтади. Чўнтагидан кумуш ўчиргичини олиб, бир маротабагина шиқиллатиб қўйган эди ҳам-ки, ичидан ўн иккита шарсимон ёғду чиқиб, бир онда кўча фонусларининг колбалари ичига кириб кетди. Одамовилар хиёбони тўқ сариқ нурга тўлгач, юнги йўл-йўл мушук кўчанинг нариги бошидаги муюлиш ортига кириб кетгани, 4- уй остонасида эса кичкинагина тугунча тургани кўринди.
- Омад сенга, Гарри, - пўнғиллаб қўйди Дамблдор ва пошнасига туриб гир айланди. Ридо ҳавода бир шувиллади-да, ғойиб бўлди.
Енгил эсган шабада осмоннинг сиёҳ ранг гумбази остидаги саранжом-саришта Одамовилар хиёбонида ўсаётган батартиб буталарни қўзғатиб юборди. Ҳар қандай жойда бўлса, бўлиши мумкин-у, аммо бу ерда ғаройиб ва жумбоқли воқеаларни ҳеч ким кутмайди. Гарри Поттер адёл ичида бир ағанаб олди-ю, уйғонмади. У жажжигина кафти билан ёнида ётган хатни маҳкам сиқиб олганча, донг қотиб ухлар, ўзини бошқача бола эканлигини, ниҳоятда машҳур бўлиб кетганлигини, бир неча соатдан сўнг, қўлида сут идишлари билан пиллапояга чиққан миссис Дурслнинг қичқириғидан уйғониб кетишини, келаси бир неча ҳафта давомида уни холаваччаси Дудли тинимсиз туртиши, чимчилашини билмас эди. Айни дамларда бутун мамлакат ҳудудидаги яширин байрам дастурхонлари атрофидаги одамлар унинг шарафига паст овоз билан: «Омон қолган бола – Гарри Поттер учун», - деб қадаҳ кўтаришаётганини ҳам билмас эди.
Янгиланган (04.01.2011 11:38)

Шарҳлар
Sizga, juda katta rahmat. Bu ishga qo`l urgan ekansiz, juda ham mamnunmiz. Bolalar hozirda yaxshi ertaklarga muhtoj.
Tarjimani ko`rgach, o`zbek tilida ham Garri Potterning sarguzashlarini o`qishga muyassar bo`lish, va umuman bunday asarning tarjiamasi- olqishga sazovor.
Men o`zim Ingliz tili o`qituvchisi bo`lib ishlayman. Ayni o`quvchilarimga yaxshi sovg`a bo`ldi. Chunki bizda hozirda Garri Potter metodologik yil loyihasi sinflarda o`tkazilayapti.
Agar tarjimada qandaydir yordam kerak bo`lsa, hoh rus, hoh ingliz tili bo`lsin,
biz har doim tayyor!
Aziz.
Китобни бир маҳаллар дўконда кўргандек бўлувдим, кейинчалик учрамагани учун ўшанда адашибман-да деб ўйловдим. Аслида таржима қилишибди-да. Бечора Малыш ҳойнаҳой Кичкинтойлигича қолгандир...
Karlsonni o'zbek tiliga tarjima qilishganiga, adashmasam, 30 yildan ham oshib ketgan.
Таржима матни муҳаррир ва мусаҳҳиҳ текширувидан ўтгани йўқ. Бу ишни 8 ёшли Шоҳжаҳон исмли ўғлим «бажарди». Ҳар бир боб ниҳоясига етгач, унга ўқиб эшиттирдим, яъни асар таржимасини унда апробация қилиб бордим. Доно ўғлим, асар қаҳрамонларинин г исмлари фильмдаги номларидан фарқ қилиб қолмаслигини кўп таъкидлаб борди. Бўйсунишга мажбурман. Зеро, ушбу меҳнат айни шу бола, унинг тенгқур юртдошлари-ю, бошқа юртларда яшаётган ўзбекзабон замондошларига бағишланган. Дарҳақиқат, М. Спивак таржимасида қаҳрамонлардан бирининг исми Огрид бўлса, фильмдаги исми Хагрид, китобда «мугл» дейилган бўлса, фильмда «магл» дейилади, Спивак хоним Злей деган бўлса, халқ уни Снегг сифатида танийди ва ҳ. к.
Шунингдек, Спивак хоним томонидан йўл қўйилган жузъий хатоликларни ҳам бир оз тузатиб боришга тўғри келди. Масалан шахмат тахтаси устидаги, от сифатида ўйнаётган Роннинг «пойду на одну клетку вперед» сўзларини олайлик. Шахматдан хабардор одам отнинг бир катак юрмаслигини яхши билади. Иккинчи китоб устида ишлаяпман. Бундай тафовутлар ҳали учраса керак ....
Буни таржимон Шокир ака Долимовдан умид билан кутиб қоламиз.
профессор Макгонагалл эмас - МакГонагалл (худди ҳаммага таниш McDonalds каби) эмасмиди, Дурсл - Дурслей, Хедвиг - Хедвига исм билан бериларди, менимча. Энг муҳими, худди кинодагидек, Хуффлпуф ёки Пуффендуй эмас, асл номи билан берилибди - бу жуда яхши. Спивак хоним аслидек қолдиргани жуда ёқиб тушди. Бошқа баъзи бир жойларда ҳам савол туғилиши мумкин, лекин ҳарбий соҳада ишлаб, бундай катта ишга қўл урганлари ва буни унча-мунча таржимонлардан яхшироқ уддалаганлари учун Шокир акага миннатдорчилик билдираман. Бошқалар ҳам бунга қўшилишларига аминман
Поттер ҳақида 7та китобни таржима қилишга ҳам ҳали анча-мунча вақт сарфланса керак. Ахир таржимадан ташқари ҳам ишингиз етарлича бўлса керак. Лекин яхши ният - ярим мол деб бежиз айтишмайди. «Властелин колец» (Узуклар ҳукмдори) китобини ҳам (Хогварц ҳақидаги китоблардан кейин, албатта) кутамиз. Аммо унда турли қўшиқ ва шеърлар жуда кўп учрайди. Шеърларни таржима қилиб вақтингиз анча кўп сарфланади, деб ўйлайман. Муҳими, илҳом париси елкангизга «сварка» бўлиб қолишини тилайман
Ушбу қайд шарҳларининг RSS лентаси.