| ORZU.UZ - Полиграфия и дизайн. Камин-пресс - офсетная печать в оперативно сжатые сроки – это основная деятельность нашей компании. Мы всегда по хорошему «заряжены» на работу с клиентами. Определив конечные цели, мы движемся к ней на максимальной скорости «на всех парусах». |
|
-
Рўйхатдан ўтиш ва материал қўшиш
Сайтимиз очилганидан буён ҳар куни сайтимизга кўплаб одамлар киришмоқда. Бу биз учун жуда қувонарли. Бироқ нима учундир ҳеч ким рўйхатдан ўтгиси ва материалларга шарҳ қолдиргиси ёки сайтимизда ўзининг мақоласини чоп этгиси келмаётганлиги одамни ажаблантирарди. Кейинроқ аниқланишича, кўпчилик сайтимизда рўйхатдан ўтган, лекин бу жараённи охирига етказмаган экан. Шунинг учун бу ҳақда тўлиқ маълумот беришга қарор қилдик.
Батафсил...
Стивен Кинг - Олишув
(фантастик ҳикоя)
- Жаноб Реншо?
Портьенинг овози Реншони лифтга етай деганда тўхтатди. У ўгирилиб, сумкаларни бир қўлидан иккинчисига олди. Камзулининг ички чўнтагида йигирма ва эллик долларлик пулларга тўла конверт ғирчилларди. У ишни дўндирди ва Ташкилот унга ўз фойдасига ҳар сафаргидек йигирма фоизини олиб қолган бўлса-да, яхшигина ҳақ тўлади. Энди Реншо чўмилиб, ухламоқчи эди.
- Нима гап?
- Сизга жўнатма. Имзо чекинг.
Реншо хўрсинди ва ҳаёл суриб қутига назар ташлади. Қутига тескари томонга ётиқ ҳарфлар билан унинг исм-шарифи ва манзили ёзилганди. Ёзув Реншога таниш туюлди. У қутини силкитди, унинг ичида нимадир эшитилар-эшитилмас шиқирлади.
- Жаноб Реншо, қутини сизга кейинроқ келтириб беришсинми?
- Йўқ, жўнатмани ўзим билан олиб кетаман.
Қутининг узунлиги ярим метрча бўлиб, уни қўлтиқлаб олиш ноқулай эди. Реншо қутини лифтнинг чиройли гилам тўшалган полига қўйди ва оддий тугмачалар ёнида жойлашган махсус тешикдаги калитни буради. Реншо бино томидаги ҳашаматли уйда яшарди. Лифт юқорига аста-секин кўтарила бошлади. У кўзини юмиб сўнгги «иши»ни эслади.
Аввал, одатдагидек, Кэл Бэйтс қўнғироқ қилди:
- Жонни, бўшмисан?
Ажойиб ва ишончли мутахассис Реншо бир йилда фақат икки марта бўш бўларди. У камида 10000 долларга рози бўлар, мижозлар унинг бехато йиртқичлик туйғуси учун пул тўлашарди. Ахир Жон Реншо йиртқич, генетика ва атроф-муҳит томонидан ўлдириш, омон қолиш ва яна ўлдиришга ихтисослашган.
Бэйтснинг қўнғироғидан сўнг Реншо ўзининг почта қутисидан исм-шарифи, манзили ёзилган ва фотосурати солинган конвертни топди. У ҳамма нарсани хотирасига олиб, конвертни ичидаги нарсалари билан ёқиб юборди ва кулини ахлатга ташлади.
Бу гал суратда Майамидаги «Морриснинг ўйинчоқ ишлаб чиқариш компанияси» хўжайини ва асосчиси Ганс Морриснинг рангсиз юзи тасвирланган эди. Бу нусха кимнингдир ғашига теккан, ғашига теккан одам Ташкилотга мурожаат қилган ва Ташкилот Кэл Бэйтс орқали Жон Реншо билан гаплашган...
Лифт кабинаси эшиклари очилди, у жўнатмани кўтариб лифтдан тушди ва хонасини очди. Соат тўртлар бўлиб, кенг меҳмонхонани апрель қуёши нурлари чароғон этганди. Реншо бир неча дақиқа унинг нурларида роҳатланиб турди, қутини эшик ёнидаги столга қўйди. Унинг устига пулли конвертни ташлаб, галстук тугунини ечди ва айвонга чиқди.
У ер совуқ бўлиб, аччиқ шамол юпқа пальто орасидан унинг баданини жизиллатди. Бироқ Реншо бир дақиқа тўхтаб, лашкарбоши босиб олинган мамлакатга боққани сингари шаҳарни томоша қилди. Кўчаларда транспорт худди пашша сингари судралади. Шарқ томонда, ҳашаматли ва осмонўпар бинолар ортида одамлар билан тўла, ифлос, хароб жойлар, улар устидаги зангламайдиган темирдан ясалган телевизион антенналар ўрмони элас-элас кўзга ташланади. «Бу ерда, юқорида у ерга нисбатан яшаш яхшироқ».
У хонага қайтиб, айвонга чиқадиган эшикни ёпди ва иссиқ душ тагида бир пас мазза қилиш учун ваннахонага кириб кетди.
Жон Реншо қирқ дақиқадан сўнг душдан чиқди ва шошилмай қутини томоша қила бошлади.
Жўнатма ичида бомба.
У ерда бомба йўқлиги турган гап, аммо ўзини худди жўнатмада бомба бордек тутиш керак. Реншо доим шундай қилади, шунинг учун ўзини жуда яхши ҳис этади, ваҳоланки, бошқа кўпгина одамлар аллақачон асфаласофилинга йўл олган бўлардилар.
Агар бу бомба бўлса ҳам, соат механизми йўқ, - қутидан ҳеч қандай тиқиллаган овоз эшитилмаяпти. Умуман, ҳозир пластик бомбадан фойдаланишади. Ҳар қандай соат пружиналаридан тинчроқ нарса.
Реншо почта муҳрига қаради: Майами, 15 апрель. Беш кун аввал юборилган. Соат механизмли бомба бўлса, аллақачон портлаб кетган бўларди. Демак, жўнатма Майамидан юборилган.
У қўлларини бир-бирига чирмаштириб, бутун диққат-эътиборини бир жойга тўплаб, қимирламай жўнатмани кўздан кечирарди. Морриснинг яқинлари унинг манзилини қаердан билиб олишгани каби ортиқча саволлар Реншони ташвишга солмасди. У буларни кейинчалик Бэйтсдан сўраб олади. Ҳозир бунинг аҳамияти йўқ.
У ҳамёнидан паришонхотирлик билан кичик пластмассадан ясалган календарни олиб, арқон ва ёпишқоқ лента остига тиқди – скотч кўчди. Реншо озгина кутиб туриб, энгашди ва ҳидлаб кўрди. Картон, қоғоз ва арқондан бошқа ҳеч нарсанинг ҳиди келмади. У стол атрофидан айланиб ўтди ва қути ёнига чўққайди: баъзи жойлардаги қоғоз кўчиб, ошиқ-мошиқли яшил темир қути кўринди. Реншо қаламтарошни олиб, арқонни кесиб ташлади – ўралган қоғоз тушиб кетди.
Қора тамғалари бор яшил темир қути. Унда оқ трафарет ҳарфлар билан: «Америка фахрийси Жонинг Вьетнам сандиқчаси» деб ёзилганди. Сал пастроқда: «Йигирмата пиёда аскар, ўнта вертолёт, иккита пулемётчи, икки шифокор, иккита базука, тўртта «жипп». Паст бурчагида эса: «Морриснинг ўйинчоқ ишлаб чиқариш компанияси» деган сўзлар битилган эди.
Реншо қўлини чўзиб, дарҳол тортиб олди – сандиқчада нимадир қимирлади.
У турди, хонани кесиб ўтди ва кеч киргани учун чироқни ёқди.
«Вьетнам сандиқчаси» тебрана бошлади, тагидаги ўралган жигарранг қоғознинг шитирлаши эшитиларди. Кутилмаганда у судралиб, айланиб, паст овоз билан гиламга урилди. Ошиқ-мошиқли қопқоқ беш сантиметрча очилди.
Бўйи тахминан тўрт сантиметрча келадиган кичкина пиёда аскарлар тешикдан эмаклаб чиқа бошладилар. Реншо ўзини йўқотмай, тикилиб турарди. Унинг идроки юз бераётган воқеанинг ақлга зидлигини тушунтиришга ҳаракат ҳам қилмас, балки уни қандай хавф-хатар кутаётганлиги ва бундан омон қолиш учун нима қилиш кераклигини чамаларди.
Пиёда аскалар ҳарбий кийимда, каскада бўлиб, юк халталарини кўтариб олишган, елкаларига митти милтиқ ҳам осиб олишганди. Икки нафари Реншога қаради. Уларнинг кўзлари қаламда қўйилган нуқтадан катта эмасди.
Беш, ўн, ўн икки, мана барча йигирма нафари ҳозир бўлди. Улардан бири имо-ишора билан бошқаларига буйруқ берарди. Улар тирқиш атрофига тизилиб, қопқоқни кўтара бошлашди – тирқиш катталашди.
Реншо дивандан катта ёстиқни олиб, сандиқчага яқинлашди. Командир ўгирилиб, қўлини силтади. Пиёда аскарлар милтиқларини отишга ҳозирлашди, паст овозли пақиллаган товушлар эшитилди ва Реншо кутилмаганда асалари чаққандек бир нарсани сезди.
Шунда у ёстиқни отди, аскарлар йиқилиб тушишди, сандиқчанинг қопқоғи очилиб кетди. У ердан ниначининг овозига ўхшаш товуш билан яшил рангли митти вертолётлар учиб чиқди.
Реншонинг қулоғига «пах! пах! пах!» деган овоз эшитилди. Шу пайт у вертолёт эшикларидаги пулемётдан кетма-кет отилаётган ўқнинг учқунини кўрди ва кимдир унинг қорни, ўнг қўли ва бўйнига нина санчаётгандек ҳис этди. У тезлик билан қўлини чўзиб, қайсидир вертолётни тутиб олди, шу онда қўлларида қаттиқ оғриқ сезди – айланаётган парраклар бармоқларини суяккача қирқиб юборганди. Бошқалари нарироқда худди сўна каби айланиб турарди. Уни жароҳатлаган вертолёт гиламга тушиб қимирламай қолди.
Реншо оёғидаги кутилмаган оғриқдан бақириб юборди. Бир пиёда аскар унинг ботинкасида турар ва Реншонинг тўпиғига найза санчарди. Жонга кичкина баджаҳл башара қараб турарди.
Реншо уни оёғи билан улоқтириб юборди.
Паст овозли, қарс этган портлаш эшитилди ва у сонида аччиқ оғриқ сезди. Сандиқчадан базукали солдат отилиб чиқди, қуролнинг учида тутун бурқсиб турарди. Реншо оёғига қаради ва шимининг почасида йигирма беш центли тангадек тутаётган қора тешикни кўрди. Танасида эса куйган жой бор эди.
У ўгирилиб, холл орқали ётоқхонага югуриб ўтди. Унинг юзи ёнидан ўтган вертолёт пулемётдан қаторасига ўқ узди ва нарига учиб кетди.
Реншонинг ёстиғи остида катта калибрли револьвер бор эди. У револьверни икки қўллаб ушлаб ўгирилди ва электр лампочкасидан катта бўлмаган учаётган нишонга отиш кераклигини англади.
Унинг томонига иккита вертолёт учиб кела бошлади. Реншо ўтирган жойида ўқ узди, битта вертолёт парчаланиб кетди. «Биттага камайди», - деб ўйлаб, бошқасини мўлжалга олди... тепкини босди...
Тўсатдан вертолёт айлана бўйлаб у томонга яқинлаша бошлади, парраклар катта тезлик билан айланарди. Реншо кетма-кет ўқ узаётган пулемётчини аранг кўриб улгурди ва ўзини полга ташлади.
«Кўзимни нишонга олаётган экан-да!»
Реншо наридаги деворга суяниб, револьверни кўтарди, аммо вертолёт узоқлашаётганди. Вертолёт бир зум ҳавода муаллақ турди ва Реншонинг ўт очиш қудрати афзаллигини тан олгандек пастга шўнғиди ва меҳмонхона томон учиб кетди.
Реншо ўрнидан туриб, ярадор оёғини ерга босганда оғриқдан бурушди. «Дунёда базука ўқидан тирик қолган одам кам топилса керак?» - маъюс ўйлади у.
Ёстиқ жилдини ечиб, оёғини боғлаб олди. Сўнгра соқол олишда ишлатиладиган кўзгуни олиб, эшикка яқинлашди, тиззасига чўкиб, уни гиламга қўйди ва қўшни хонада содир бўлаётган воқеани томоша қила бошлади.
Улар сандиқча ёнини қароргоҳ қилишган, митти аскарлар у ёқдан бу ёққа юришар, чодир ўрнатишар, жиддий қиёфада «жипп»ларда айланишарди. Реншо оёғи билан улоқтирган аскар устида шифокор энгашганди. Омон қолган саккизта вертолёт кофе столи баландлигида парвоз қилиб, қароргоҳни қўриқлашарди.
Тўсатдан улар кўзгуни кўриб қолишди. Уч пиёда аскар ўрнидан туриб, унга қарата ўқ уза бошлашди. Бир неча дақиқадан сўнг кўзгу чилпарчин бўлиб кетди.
«Ҳа, майли, шошмай турларинг ҳали».
Реншо туалет столчасидан Рождество байрамига совға қилишган, қизил ёғочдан ясалган оғир қутини кўтариб, чамалаб кўрди, эшикка яқинлашиб, уни кескин очди ва бейсболчи тўпни ирғитганидек уни ирғитди. Қути аскарларни худди кегли каби думалатиб юборди. Битта «жипп» икки марта ағдарилди. Реншо эшик ёнида турганича ўқ узди ва бир солдатни қулатди.
Бироқ бир қанча пиёда аскарлар ўзини тутиб олиб, ўқ уза бошлашди, қолганлари тез яшириниб олишди.
Реншо яна бир марта ўқ узди – тегмади. Улар ниҳоятда майда-да! Аммо кейинги ўқ билан у яна бир пиёдани ер тишлатди.
Шиддат билан визиллаб, вертолётлар яқинлашар, жимиттай ўқчалар унинг юзига ва кўзининг тагига тегарди. Реншо иккита вертолётни уриб туширди. Ўткир оғриқдан кўзўнги қоронғилашиб кетганди.
Қолган олти вертолёт икки бўғинга бўлиниб, чекинди. Реншо енги билан қонни артди, отишга тайёрланди, бироқ тўхтаб қолди. Сандиқчада яшириниб олган пиёда аскарлар ниманидир у ердан судраб чиқишарди. Қараса...
Сариқ рангли портлаш рўй берди ва Реншонинг чап ёнидаги девор сувоғи кўчиб тушди.
«Ракета қурилмаси!»
У ўқ узди, тегмади, ўгирилди, югуриб бориб ўзини коридор бошидаги ваннахонага урди ва эшикни беркитиб олди. Кўзгуга қараганда жангда ақл-ҳушини йўқотган, қўрқувдан даҳшатга тушган ҳиндуни кўрди. Унинг юзи қалампир доналаридек кичик тешикчалардан оқаётган қизил бўёққа чапланган. Юзининг териси шилинган, бўйни тирналиб кетганди.
«Олишувда бой беряпман!»
У қалтираётган қўли билан сочини силади. Кўча эшигига йўл йўқ. Телефонга етиб бўлмайди. Ракета қурилмаси нишонни тўғри олса, калласини учириб юбориши турган гап.
«У ҳақда қутида ҳам ёзилмаганди».
Эшикдан муштдек келадиган ёғоч парчаси учиб кетди. Олов тешикнинг узуқ-юлуқ четларини яларди. У ёрқин портлашди кўрди – «улар яна битта ракета отдилар». Ваннахонага парча-пурча нарсалар учиб кирди, гиламчага ёнаётган бўлакчалар тушди. Реншо уларни босиб эзиб ташлади. Тешикдан иккита вертолёт учиб кириб, унинг кўкрагига пулемётдан қаторасига бир қанча ўқ узди.
У чўзиқ ғазабли инграб, вертолётнинг биттасини қўли билан уриб туширди. Умидсизлик унга бу ҳолдан чиқиш чорасини кўрсатди – иккинчисининг устига оғир пахмоқ сочиқ ташлади, вертолёт полга тушганида эса уни эзиб пачақлади.
«Мана сизга, мана! Энди ўйлаб иш кўришади!»
Чиндан ҳам улар ўйланиб қолишди, шекилли. Ўн беш дақиқа давомида ҳеч қандай воқеа содир бўлмади. Реншо ванна четига ўтириб, ҳаяжон билан ҳаёл сура бошлади: «бу вазиятдан қутулишнинг йўли бўлиши керак-ку, ахир! Албатта. Уларнинг ёнидан ўтиб олсам эди».
У кескин ўгирилди ва ванна тепасидаги кичик туйнукка қаради. «Бу тузоқдан қутулиш йўли бор!»
Унинг кўзи зажигалка учун ишлатиладиган суюқ газ баллончасига тушди. Реншо қўлини чўзган эди ҳамки, орқасида шитирлаган товуш эшитди. У тез ўгирилиб, револьверни ўқталди, бироқ бу гал эшик тагидаги тирқишдан фақат қоғоз парчасини тиқишди, холос. «Тирқиз шунчалик торки, - ғамгин ўйлади Реншо, - ҳатто улар ҳам сиғишмайди».
Қоғоз парчасида жимиттай ҳарфлар билан «Таслим бўл!» деб ёзилганди.
Реншо маъюс тиржайиб, балонни чўнтагига солди, дорилар турган қутидан қалам қолдиғини олиб, қоғоз парчасига: «Овора бўласиз!» деб ёзди ва қайтариб чиқарди.
Бир зумда унга ракеталардан ўққа тутиш билан жавоб қайтаришди. Реншо эшикдан ўзини четга олди. Ракеталар тешикдан учиб кириб, оч ҳаворанг кошин билан қопланган деворга тегиб портлар ва уни чилпарчин қиларди. Реншо қўли билан юзини беркитди – сочма ўқ ёмғиридан сувоқ кўчиб тушди, уларнинг бир нечтаси елкасига санчилди.
Ўққа тутиш тугаганида Реншо ваннага чиқиб, деразани очди. Совуқ юлдузлар милтираб турарди. Кичкина деразанинг нариги томонида тор бўғот бор, аммо ҳозир бу ҳақда ўйлашнинг вақти эмас.
У туйнукдан бошини чиқарди, юзига совуқ шамол урилди. Реншо пастга қаради: қирқ қаватли бино. Бундай баландликда кўча болалар ўйинчоғидаги темир йўл изидек келарди.
Машқини олган гимнаст каби чаққонлик билан Реншо гавдасини юқорига кўтарди ва тиззасини ромнинг пастки қисмига қўйди. Агар ҳозир сўна-вертолётчилардан биттаси ваннахонадаги тешикдан кириб, ўқ уза бошласа борми, у бақирганича пастга тушиб кетиши шубҳасиз.
Бироқ ҳеч нарса содир бўлмади.
У эпчиллик билан оёғини туйнукдан ўтказди ва тепасидаги бўртиб чиқиб қолган жойни ушлаб олди. Бир неча дақиқадан сўнг Реншо бўғотда турарди.
У оғи остидаги жаҳаннам оғзи ҳақида агар вертолётлар орқасидан учиб чиқса нима бўлиши ҳақида ўйламасликка ҳаракат қилиб, аста-секин бино бурчагига яқинлашарди.
Тўрт метр қолди... уч метр... Ана етиб ҳам олди. У чўнтагидаги баллон, белидаги револьвер оғирлигини туйиб, кўкраги билан деворга суянганича тўхтади ва қўлларини чўзди.
«Энди бурчакни айланиб ўтиш керак».
Тўққиз метр нарида унинг меҳмонхонаси олдидаги айвон...
Ниҳоят у нақш билан безалган темир панжарани ушлаб олди.
Реншо айвонга шовқинсиз тушиб, ойнали, икки ёққа очиладиган эшикдан аста меҳмонхонага қаради. Аскарлар уни кўришмади.
Тўрт пиёда аскар билан вертолёт сандиқчани қоровулларди. «Қолганлари эса ракета қурилмаси билан ваннахона эшиги олдида жойлашган бўлишса керак».
«Демак. Тўсатдан меҳмонхонага бостириб кириш, сандиқча ёнидагиларни қириб ташлаш, хонадан югуриб чиқиб таксига ўтириш ва аэропортга жўнаш зарур».
У кўйлагини ечиб, енгини узиб олди, тасманинг бир учини баллон ичидаги суюқликда хўллаб, иккинчи учини баллон ичига тиқиб қўйди. Зажигалкани олиб уни ёқиб юборди, сўнгра ойнали эшикни қарсиллатиб очиб, хонага кирди.
Вертолёт дарҳол камикадзе сингари ҳужумга ўтди. Реншо уни қўли билан уриб туширди.
Пиёда аскарлар сандиқчага кириб олишди.
Қолгани бир неча сонияда бўлиб ўтди.
Реншо ёниб, оловли шарга айланган баллонни улоқтирди, ўгирилиб, эшик томон югурди.
У нима рўй берганини тушуниб ҳам улгурмади.
Қаттиқ гумбурлаган овоз эшитилди. Бутун бино силкиниб кетди...
Кўчадан ўтиб кетаётган эркак ва аёл қўрқув билан юқорига қарадилар ва чақмоқ чаққандек кучли ёруғликни кўрдилар.
- Нима бўлди? – сўради аёл.
- Кимдир пробкаларни куйдирган бўлса керак, - жавоб қайтарди эркак.
Эркак юқоридан аста-секин учиб тушаётган бир латтани тутиб олди:
- Ё раббий, эркаклар кўйлаги-ку, илма-тешик бўлиб, қонга беланиб кетибди.
- Менга бу нарса ёқмаяпти, Раф, - деди аёл асабийлашиб. – Илтимос, такси тўхтат.
Эркак атрофига қараб, такси чақирди. Машина тўхтаганида улар югуриб кетишди ва орқаларида тушган яна бир қоғозни кўришмади. Унда:
«Ҳой, болалар! Фақат биттагина Вьетнам сандиқчасида!
Битта ракета қурилмаси.
Йигирмата «Ер-осмон» тоифасидаги «Твистер» рекатаси.
Битта термоядро заряди», деб ёзилганди.
Янгиланган (24.08.2010 16:07)
