| ORZU.UZ - Полиграфия и дизайн. Камин-пресс - офсетная печать в оперативно сжатые сроки – это основная деятельность нашей компании. Мы всегда по хорошему «заряжены» на работу с клиентами. Определив конечные цели, мы движемся к ней на максимальной скорости «на всех парусах». |
|
-
Рўйхатдан ўтиш ва материал қўшиш
Сайтимиз очилганидан буён ҳар куни сайтимизга кўплаб одамлар киришмоқда. Бу биз учун жуда қувонарли. Бироқ нима учундир ҳеч ким рўйхатдан ўтгиси ва материалларга шарҳ қолдиргиси ёки сайтимизда ўзининг мақоласини чоп этгиси келмаётганлиги одамни ажаблантирарди. Кейинроқ аниқланишича, кўпчилик сайтимизда рўйхатдан ўтган, лекин бу жараённи охирига етказмаган экан. Шунинг учун бу ҳақда тўлиқ маълумот беришга қарор қилдик.
Батафсил...
Гарри Поттер ва махфий хона (давоми)
| Материал Индекси |
|---|
| Гарри Поттер ва махфий хона (давоми) |
| Ўн еттинчи боб |
| Ўн саккизинчи боб |
| Барча саҳифалар |

Буюк Британиялик болалар ёзувчиси Жоанна Кэтлин Роулинг қаламига мансуб етти қисмли «Гарри Поттер» асарининг ўзбек тилига ўгирилган иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз. Ушбу матн расмий таржима саналмайди.
Асар матни таржимон томонидан ихтиёрий равишда, таржимага оид ҳеч қандай буюртма олмаган ва бирор-бир шаклдаги моддий манфаат кўзламаган тарзда ўгирилган.
Муаллифлик ҳуқуқига ҳурмат билан қарашга даъват этилган ҳолда маълум қилинадики, таржима матни фақат ўқиб чиқиш учунгина мўлжалланган бўлиб, унинг моддий манфаат ва тижорат мақсадларида ҳар қандай кўринишда тарқатилиши қатъиян ман этилади.
Китобнинг саҳифаси кўп бўлгани сабабли, бир мақола билан чекланишнинг имкони бўлмади. Шунинг учун сўнгги уч бобни алоҳида мақола сифатида беришга қарор қилдик.

Жоанна Кэтлин РОУЛИНГ,
асар муаллифи,
Буюк Британиялик болалар ёзувчиси

Мария Викторовна СПИВАК,
инглиз тилидан рус тилига ўгирган россиялик таржимон

Шокир Зокирович ДОЛИМОВ,
рус тилидан ўзбек тилига ўгирган
ҳарбий таржимон
ЎН ОЛТИНЧИ БОБ.
МАХФИЙ ХОНА
- Биз ўша ҳожатхонага неча маротаба кирган эдик-а, - қаттиқ қайғурди Рон, эртасига эрталаб, нонушта вақтида, - Миртл эса ҳар сафар биздан атиги учта бўлма нарида ўтирар ва ҳар қандай фурсатда ҳамма нарсани ундан сўраб билишимиз мумкин эди. Энди-чи...
Болаларга омад шундоқ ҳам ҳаддан ортиқ кўп кулиб боқди. Ўргимчаклар кетидан юриб ўтказилган ўрмон сафари ёки қизлар ҳожатхонасида сирка тайёрлаш ишлари бўлсин, таажжубки, улар бирон маротаба бирорта ҳам ўқитувчининг қўлига тушишмади. Бироқ ҳозир, айниқса мактабда юзага келган мудҳиш вазият инобатга олинадиган бўлса, биринчи жиноят содир этилган жой яқинидаги ўша ҳожатхонага яна бир бор кириб чиқишни хаёлга ҳам келтириб бўлмайди.
Аммо, бир нарсани бошқа нарсага айлантириш дарсида шундай гап бўлдики, болалар, Махфий хона билан боғлиқ муаммолар ечимини илк бор четга йиғиштириб қўйишди. Дарс бошланган фурсатдан ўн дақиқа ўтар-ўтмас профессор Макгонагалл биринчи июндан эътиборан, яъни роппа-роса бир ҳафтадан сўнг имтиҳонлар мавсуми бошланишини эълон қилди.
- Имтиҳонлар? - инграб юборди Симус Финниган, - Улар бекор қилинган эди шекилли?
Гаррининг ортида нимадир қарсиллаб кетди. Профессор Макгонагаллнинг эълонини эшитган Невилль Лонгботтом сеҳрли таёқчасини тушириб юборибди. Полга тушаётган таёқча столга тегиб, унинг оёғини гум қилибди. Натижада, мебелнинг ушбу тури қарсиллаганча полга тушибди. Профессор Макгонагалл қўлидаги таёқчаси билан назокатли ҳаракат бажариб столни тузатиб қўйди-да, қовоғини солиб Симусга юзланди.
- Вазиятнинг мураккаблигига қарамай сиз ўқишни давом эттириб, тегишли маълумот олишингиз учун ҳам мактаб ёпилмади, - деди у қатъий оҳангда, - Бинобарин, имтиҳонлар белгиланган тартибда ўтиши шарт. Умид қиламанки, ушбу синовларга пухта тайёргарлик кўришга киришасиз.
Пухта тайёргарлик кўриш! Шундай вазиятда имтиҳонлар қабул қилиниши мумкинлигини Гарри хаёлига ҳам келтирмаган! Синфда исёнкор руҳдаги пичир-пичир бошланди. Профессор Макгонагалл эса баттар қовоқ солиб олди.
- Профессор Дамблдор мактабдаги барча жараёнлар имкон қадар ўз маромида, одатдагидай кечишини илтимос қилиб кетди, - давом этди у, - Бу эса, ўз навбатида... Умуман олганда, нима учун бундай оддий нарсаларни сизга тушунтириб ўтишим кераклигини ҳеч ақлимга сиғдира олмаяпман. Ахир ўқув йили давомида эгаллаган назарий билим ва амалий кўникмаларингизни текшириб кўришимиз керак-ку.
Гарри шиппакка айлантириб қўйиши керак бўлган бир жуфт қуёнчага маъюс қараб қўйди. Ўқув йили давомида у қандай билимларга эга бўлди? Имтиҳонда кўрсатадиган, наф бериши мумкин бўлган бирор-бир билим ёхуд каромат унинг миясига келмади.
Роннинг қиёфаси эса худди бир умрга Ман этилган ўрмонга сургун қилинганлигини ҳозиргина эшитган кишининг қиёфасига ўхшаб қолди. У сеҳрли таёқчасини ўртоғининг бурни остига яқин келтириб:
- Қани айт-чи, Гарри қандай қилиб мана бу матоҳ билан имтиҳон топшираман? Тасаввур қила оласанми? - сўради у, жаҳли чиқиб.
Ўчакишгандай, унинг сеҳрли таёқчаси айни шу фурсатда қаттиқ ҳуштак чалиб юборди.
Биринчи имтиҳонга уч кун қолганда профессор Макгонагалл нонуштадан олдин ўқувчилар эътиборига яна бир эълон етказди.
- Сизлар учун хушхабар бор, - деди у.
Катта Залда сукунат чўмиш ўрнига қичқириқлар эшитилди:
- Дамблдор қайтяпти! - қувонч-ла бақиришди айримлар.
- Слизерин Вориси қўлга олинди! - чийиллади «Равенкло» столи ортида ўтирган жажжи қизалоқ.
- Квидиш ўйинларига рухсат берилди! - асабий қичқирди Древ.
Қий-чув тингач, профессор Макгонагалл гапини давом эттирди:
- Профессор Сарсабил хонимнинг менга етказган хабаридан маълум бўлишича, мандрагоралар ниҳоят етилиб, уларни буташ вақти етибди. Шу бугун кечқурун Донг қотганларни жонлантирамиз. Улардан бирортаси тажовуз қилган кишининг исмини маълум қилиши ёки у қандай махлуқ эканлигини айтиб бериши мумкинлигини сизга эслатиб ўтишни ортиқча деб биламан. Умид қиламанки, ушбу мудҳиш ўқув йили жиноятчининг қўлга олиниши билан якун топади.
Катта Зал деворлари қувончли қичқириқлардан титраб кетди. Слизеринликлар столи томон қараган Гарри, Драко Малфойнинг эл қатори қувонмай ўтирганини кўриб ҳайрон бўлмади. Лекин ўртоғи Рон ўзини бахтиёр ҳис этиб, чексиз қувонди.
- Демак энди, Миртлни сўроқ қилган-қилмаганимизнинг аҳамияти йўқ эканда! - деди у Гаррига, - Гермиона уйғонса барча саволларга ўзи жавоб беради! Бироқ анчадан буён китоб ўқимаган Гермиона уч кундан кейин имтиҳонлар бошланишини билса, яна ҳушидан кетиб қолиши муқаррар! Ақлдан озиб қолса керак! Яхшиси, инсонпарварлик нуқтаи назаридан, имтиҳонлар якунига етгунга қадар уни Донг қотган ҳолатда қолдирган маъқул.
Шу пайт Жинна Уэсли яқин келиб, акасининг ёнига ўтирди. Унинг қиёфаси қандайдир асабий, зўриққан кўринди. Ўзини босиқ тутишга уринганча, кафтларини тиззаларига қўйиб ўтиргани билан нимадандир ғам чекаётгани Гаррининг назаридан четда қолмади.
- Нима қилди? - сўради Рон, ўзининг ликопига сули бўтқа солаётиб.
Жинна жавоб қайтармай нигоҳини столдаги бир буюмдан бошқасига олиб ўтирди. Унинг хатти-ҳаракатлари ва чўчиган қиёфаси кимнидир эслатмоқда-ю, ким эканлигини Гарри тасаввур қила олмади.
- Гапир, гапиравер, - далда берди Рон, синглисининг иккиланаётганини сезиб.
Ана шу фурсатда Жинна, махфий ахборотни ошкор этишга журъат эта олмай курси четида танасини орқа-олдинга ташлаганча тебраниб ўтирадиган Доббига ўхшаб кетди.
- Мен сизларга бир гапни айтиб қўйишим керак, - мужмал гап бошлади Жинна, кўзини Гарридан олиб қочиб.
- Нима гап экан? - сўради Гарри.
Жинна керакли сўз топа олмаётган кишидай тараддуд ичида қолди.
- Хўш? - деярли ўшқириб берди Рон.
Жинна оғиз жуфтлашга жуфтлади-ю, ун чиқара олмади. Гарри унга энгашиб, Рон билан Жиннагина эшита оладиган паст овоз билан сўради:
- Бу гап Махфий хона билан боғлиқ эмасми? Бирон нарсани кўриб қолдинг-ми? Кимдир бирон ғалати кор-ҳол қилди-ми?
Жинна чуқурроқ нафас олди-ю, аммо айни шу пайтда болалар олдига толиққан, бемажол Перси келиб қолди.
- Жинна, нонушта қилиб бўлдинг-ми? Ўрнингга ўтириб, бирон нарса еб олай, акс ҳолда очимдан ўлиб қоламан. Тунги навбатчиликда эдим.
Жинна худди ўтирган курсисига ток улангандай ўрнидан ирғиб туриб, катта акасига чўчиб қараб қўйди-да, нари қочиб кетди. Перси синглисининг ўрнига ўтириб, стол ўртасидаги патнис устида турган кружкани чангаллади.
- Перси! - аччиқ ила хитоб қилиб юборди Рон, - Катта Залнинг бошқа жойларига ўт кетибди-ми?! У бизга қандайдир муҳим гап айтмоқчи бўлиб турган эди!
Оғзига чой тўлдириб олган Перси тиқилиб қолди.
- Қанақанги муҳим гап экан? - йўтал орасида бир илож қилиб сўради Перси.
- Ғайриоддий бирор нарса кўрдинг-ми деб сўраган эдим. У эндигина саволимга жавоб бермоқчи бўлиб турган эди...
- Ҳа, буми... У гапнинг Махфий хонага ҳеч қандай алоқаси йўқ, - дарҳол жавоб қайтарди Перси.
- Сен қаердан биласан? - сўради қошлари кўтарилиб кетган Рон.
- Хўш... ммм... Шунчалик билишни истар экансан, майли айтай, ммм... бир куни Жинна мени муайян иш устида кўриб қолди. Мен... хўш... майли бунинг аҳамияти йўқ. Энг асосийси, ўша ишим ҳақида ҳеч кимга айтмасликни Жиннадан илтимос қилган эдим. Таъкидлаб ўтишим жоизки, Жинна ўз ваъдасида туришига ишончим комил эди. Майли, бунинг аҳамияти йўқ, рост, мен...
Гарри Персининг бу қадар хижолат тортишини биринчи маротаба кўриб туриши.
- Нима иш қилиб турган эдинг, Перси? - айёрона иршайиб қўйди Рон, - Бўл тез, бўйнингга олиб очиғини айт, биз кулмаймиз.
Перси кулмади.
- Гарри, илтимос, ҳў анави кулчани узатиб юбор. Қорним жуда оч.
Жумбоқли масала ечими эртага, Рон иккаласининг ёрдамисиз ҳам топилишини билса-да, Гарри Дилгир Миртлнинг суҳбатини олиш имконини қўлдан беришни истамас эди. Сверкароль Чаруальд болаларни сеҳргарлик тарихи дарси ўтказиладиган синф хонасига кузатиб бораётганида бундай имконият юзага келиб қолди.
Барча хавф-хатарлар барҳам топганига ҳаммани ишонтириб келган ва бундай сафсаталари ёлғон эканлиги шармандаларча исбот қилинган Чаруальд энди ўқувчиларни бир синф хонасидан бошқасига кузатиб бориш шарт эмаслигига комил ишонч билдириб юрибди. Чамаси тўртинчи қаватда навбатчилик хизматини ўтаган шекилли, ҳозир унинг сочлари одатдагидек батартиб эмас.
- Эсингизда бўлсин, - баёнот қилди у, синф ўқувчилари йўлак муюлиши ортига ўтганида, - «Бу ишни Хагрид қилди» деган сўзлар Донг қотганлар уйғониб айтадиган илк сўзлар бўлади. Профессор Макгонагаллнинг мана бу каби эҳтиёт чораларини зарур деб билиши, ростини айтсам, мени таажжублантирмоқда.
- Фикрингизга қўшиламан, - маъқуллади Гарри.
Ўртоғининг гапини эшитган Рон қўлидаги китобларни тушириб юборди.
- Раҳмат, Гарри, - миннатдорчилик билдирди Чаруальд.
Уларга рўпарадан келаётган хуффльпуффчилар гуруҳини ўтказиб юборишга тўғри келди.
- Айтмоқчиман-ки, - фикрини давом этди Чаруальд, - Ўқувчиларни бир синф хонасидан бошқасига кузатиб қўйиш-у, тунги навбатчиликлардан ташқари ўқитувчилар зиммасидаги бошқа ташвишлар ҳам етарлидан ортиқ...
- Тўғри, - деди Рон, - Сэр, бизни шу ердан қўйиб юбора қолинг. Ахир атиги битта йўлак қолди холос-ку...
- Биласанми, Уэсли, мен айнан шундай қиламан, - хурсанд бўлиб кетди Чаруальд, - Мен чиндан ҳам бориб, навбатдаги дарсга ҳозирлик кўришим керак..
Чаруальд шоша-пиша нари кетди.
- Топган гапини қаранг, навбатдаги дарсга ҳозирлик кўришим керак эмиш, - жирканч қиёфа ясади Чаруальднинг ортидан қараб қолган Рон, - Гажакларимни жингалак қилиб олишим керак дегин, ишонайлик...
Улар ўз синфдошларидан ортда қолиб, ён томондаги йўлакка ўқдай учиб ўтишди-да, Дилгир Миртлнинг ҳожатхонаси томон ошиқишди. Муваффақиятли амалга оширилган тадбир билан бир-бирини табриклаб туришган фурсатда...
- Поттер! Уэсли! Нима қиляпсиз бу ерда? - деган савол янгради.
Профессор Макгонагалл лабларини ниҳоятда қаттиқ қимтиб олганча, болаларга тикилиб турибди.
- Биз... бизга... - тутилганча гап бошлади Рон, - Биз бориб...
- Гермионанинг ҳолидан хабар олиб келмоқчи эдик, - ўртоғининг фикрини тугаллади Гарри.
Рон ҳам, профессор Макгонагалл ҳам Гаррига ҳайрат ила тикилиб қолишди.
- Биз уни кўрмаганимизга юз йил бўлди, профессор, - тез гапира бошлади Гарри, Роннинг оёғини босиб, - Ҳеч кимга билдирмай, унинг палатасига кириб олмоқчи эдик, тушуняпсиз-ми. Унга мандрагоралар етилганини, кўп ташвиш чекмай, яна бир оз сабр қилиши кераклигини айтмоқчи эдик...
Профессор Макгонагалл қилт этмай тикилиб турди. Болалар қичқириқлар янграшини кутди. Бироқ қичқириш ўрнига ушбу қаттиққўл хоним қандайдир ғалати титроқ овоз билан вазмин жавоб қайтарди. Гарри профессорнинг қуш кўзларига ўхшаш кўзида бир томчи ёш ялтираганини кўргандай бўлди.
- Албатта, - деди профессор, - Дўстининг бошига кулфат тушганлар қалбида қандай кечинмалар бўлишини тушунаман, албатта. Ҳа, Поттер, сиз мисс Грэнжернинг ҳолидан хабар олишингиз мумкин. Профессор Биннзга қаёққа кетганингизни ўзим айтиб қўяман. Мен ижозат берганимни Помфри хонимга маълум қилинг.
Икковлон жазодан қутулиб қолишганига базўр ишониб нари кетди. Муюлишга ўтишлари билан профессор Макгонагалл бурнини қаттиқ қоқиб олганини яққол эшитди.
- Бу, сенинг энг зўр каззоблигинг бўлди! - оташин оҳангда баёнот қилди Рон.
Энди болаларга Помфри хоним ҳузурига бориб, профессор Макгонагалл Гермионанинг ҳолидан хабар олишга ижозат берганлигини айтишдан бошқа чора қолмади.
Помфри хоним уларни ичкарига истар-истамас киритди.
- Донг қотиб ётган одам билан гаплашишдан бирор-бир маъно бормикан, - вайсади у.
Гермионанинг ёнига ўтиришган болалар Помфри хонимнинг фикрига қўшилишди. Қизалоқ, ёнига одам келганини сезмай ётибди. Ташвиш чекмаслиги борасида Гермионага гапирдинг нима-ю, унинг каравоти ёнида турган жавончага гапирдинг нима, фарқи йўқ.
- Ким тажовуз қилганини кўришга улгурганмикан, а? - маъюс сўради Рон, Гермионанинг ҳаракатсиз юзига тикилиб ўтириб, - Агар жиноятчи зимдан ҳамла қилган бўлса, жабрланганлардан бирортаси ҳам уни кўрмаган бўлиши мумкин...
Гарри Гермионанинг юзига эмас, адёл устида ётган ўнг қўлига эътибор қаратиб, маҳкам сиқиб олинган муштчасидан чиқиб турган қоғоз учини кўриб қолди. Помфри хоним йўқлигига ишонч ҳосил қилган ўртоғининг ҳам эътиборини қоғозга қаратди.
- Суғуриб чиқаришга уриниб кўр-чи, - деди Рон, курсисини суриб, Гаррини Помфри хонимнинг нигоҳидан тўсганча.
- Айтишга осон, - ғудуллади Гарри.
Гермионанинг муштчаси маҳкам сиқилган бўлиб, Гарри қоғознинг йиртилиб кетишидан чўчиди. Рон қўриқчилик қилиб турди, Гарри эса қоғозчани ундай ҳам, бундай ҳам айлантириб, ниҳоят ўн дақиқа қийналганидан сўнг мақсадга эришди.
Бу кутубхонада сақланаётган қадимий китобчадан юлиб олинган саҳифа экан. Гарри варақни зудлик билан ёзди-да, Рон билан бирга ўқишга киришиб кетди.
Юртимизда яшайдиган аксарият махлуқ ва алвастилар орасида сирлилик ва заҳри қотиллик борасида Василискдан ўтиб тушадигани топилмайди. Бу махлуқ Илонлар қироли деган номи билан ҳам машҳурдир. Мисли кўрилмаган ўлчамларга қадар ўсиб, умри кўплаб асрлар давом этадиган ушбу илон чўлбақа босиб очадиган хўроз тухумидан чиқади. Бундай махлуқ ўз қурбонини ўлдириш учун ажабланарли усул қўллайди. Василиск заҳарли тишлардан ташқари, ажал келтирувчи нигоҳга ҳам эгадир. Нигоҳи ушбу илон кўзидан таралаётган нур таъсирида қолган ҳар қандай жонзод борки, турган жойида ажал топади. Ўргимчаклар Василискдан ниҳоятда қаттиқ қўрқиб, имкон қадар унга дуч келмасликка ҳаракат қилади. Василискнинг ўзи эса, унинг куни битишига сабаб бўладиган хўроз қичқириғидангина қўрқади холос.
Ушбу матн остида Гермионанинг дастхати билан ёзилган ягона «Қувурлар» сўзи бор эди.
Гаррининг миясида гўё чироқ ёнгандай бўлди.
- Рон, - чуқур нафас чиқарди у, - Ҳаммаси тушунарли! Мана у! Мана жамики жумбоқли саволлар жавоби! Махфий хонага бекитилган махлуқ – улкан илон, Василиск (Василиск (грек. βασιλίσκος – шоҳ, подшо) – боши хўрозникига, танаси ва кўзи чўлбақаникига, думи эса илон думига ўхшаш афсонавий махлуқ. Василиск бошида, унга бундай ном берилишига сабаб бўлиб, тожни эслатадиган қизил пўпакча мавжуд. Бироқ бошқа манбаларда («Табиий тарих»да) қайд этилишича Василиск бошида пўпакча эмас, «тож ёки тилла қошга ўхшаш оқ доғ бор». Василисклар Библиянинг лотин таржимасида (Вулгатада) бир неча бор тилга олинган. Ўрта асрларга қадар василиск реал яшайдиган ҳайвон тури саналган. Тахминларга кўра, бундай махлуқлар заҳарли тиш, чангал ва нафасга эга бўлишдан ташқари, Горгона медузасига (қанотли махлуқ-аёлга) ўхшаб ўз нигоҳи билан ўлдириш қобилиятига эга. Василиск тасвири кўплаб шаҳар гербларида акс эттирилган)! Шунинг учун ҳам унинг овозини ёлғиз ўзим эшитиб юрганман-у, бошқа ҳеч ким эшитмаган. Ахир мен, ёдингда бўлса, ўзинг айтгандай илонзабонман-ку!
Гарри атрофда ётган Василиск қурбонларига қараб чиқди.
- Василиск, - тушунтира кетди у, - Йўлида дуч келган қурбонни ўз нигоҳи билан ўлдиради. Бироқ мана буларнинг бирортаси ҳам ўлмаган. Нима учун? Чунки, уларнинг бирортаси ҳам илоннинг кўзига бевосита қарамаган. Мана масалан, Колинни олайлик. У илонни фотоаппаратининг шиша туйнуги орқали кўрган. Эсингдами, Василиск фотоаппаратнинг плёнкасини куйдириб юборган эди. Колин эса муқаррар ўлимдан Донг қотиш билан қутулиб қолди. Жастинга келсак... Жастин илонни Деярли Бошсиз Никнинг танаси орқали кўрган! Ник ажал нурининг тўла порциясини олган, албатта. Лекин у яна бир бор ўлмайди-ку, шундай эмасми? Гермиона билан равенклолик синфбоши қизнинг ёнида эса кўзгу топилган. Ҳеч қандай шубҳа йўқ-ки, одамларга тажовуз қилаётган махлуқ айнан Василиск эканлигини Гермиона фаҳмлаган. Онт ичиб айтаманки, у ўз йўлида дуч келган биринчи одамни муюлишга ўтишдан олдин тегишли йўлакни дастлаб кўзгу орқали кўздан кечириб чиқиш лозимлиги ҳақида огоҳлантирган! Синфбоши қиз Гермионанинг насиҳатига қулоқ тутиб, ўзининг кўзгусини чиқарган, оқибатда...
Роннинг оғзи ланг очилиб қолди.
- Миссис Норрис-чи? - қизиқсиниб сўради у, - Ахир мушук суратга ҳам олмайди, ёнида кўзгу ҳам олиб юрмайди-ку!
Гарри хотирасида Хэллоуин куни кўрган манзарасини тиклашга уринди.
- Кўлмак, - аста талаффуз этди у, - Дилгир Миртл ҳожатхонасидан сизиб чиққан сув йўлакда кўлмак ҳосил қилган. Ишончим комилки, миссис Норрис илоннинг сувдаги аксини кўрган...
У яна бир бор қўлидаги китоб саҳифасини ўқиб чиқди. Қанчалик кўп ўқир экан, шунчалик кўп маъно топди.
- «... куни битишига сабаб бўладиган хўроз қичқириғидангина қўрқади холос», - ўқиди у, овоз чиқариб, - Хагриднинг хўрозларини кимдир аста секин ўлдириб борган! Слизерин Вориси қаср яқинида хўроз бўлишини истамаган! «Ўргимчаклар Василискдан ниҳоятда қаттиқ қўрқиб, имкон қадар...» Ҳаммаси тўғри, далиллар мос келяпти!
- Василиск «мисли кўрилмаган ўлчамларга қадар» ўсар экан қаср ичида қандай қилиб ҳаракатланади? Ахир шунча йиллардан буён уни кимдир кўрган бўлиши керак эди-ку...
Гарри, ушбу саволга ҳам жавоб топди. У китоб саҳифасидаги матн остида Гермиона томонидан ёзилган «Қувурлар» сўзини кўрсатди.
- Қувурлар, - қисқа қилди Гарри, - Рон! Василиск канализация тармоғининг қувурлари ичида ўрмалаб юради. Мен унинг девор ичидан чиқаётган овозини эшитганман.
Рон кутилмаганда Гаррининг қўлини ушлаб олди.
- Махфий хонага кириш йўли! - хириллаганча гап бошлади у, - Кириш йўли ҳожатхонада бўлса-чи? Ўша йўл...
- Дилгир Миртлнинг ҳожатхонасида! - фикрни якунлади Гарри.
Ушбу тахмин уларни шу қадар ўзига жалб этдики, жойларида чидаб ўтириша олишмади.
- Мухтасар қилиб айтганда, - деди Гарри, - Мактабимизда илонзабон танҳо ўзим эмасман. Слизерин Вориси ҳам илонзабон, зеро у Василиск ҳаракатларини илон тили воситасида идора қилади.
- Хўш, энди қандай иш тутамиз, - сўради кўзлари чарақлаб кетган Рон, - Тўғри Макгонагаллнинг ҳузурига бораверамиз-да, шундай эмасми?
- Ўқитувчилар хонасига борамиз, - деди Гарри, курсидан ирғиб туриб, - Ўн дақиқадан сўнг танаффус. Профессор Макгонагалл ўша хонага келади.
Улар зина бўйлаб пастга югуриб, йўлакда ҳеч кимга рўбару келишни истамай, тўппа-тўғри ўқитувчилар хонасига йўл олишди. Ўқитувчиларнинг панель билан қопланган кенг хонасида ҳеч ким йўқ. Гарри билан Ронни кучли ҳаяжон қамраб олгани боис, тек ўтириша олмай, кўплаб жигар ранг ёғоч столлар билан жиҳозланган хонанинг у бурчагидан бу бурчагига юра бошлашди.
Бироқ қўнғироқ зарби эшитилмади.
Қўнғироқ ўрнига профессор Макгонагаллнинг сеҳр қўлланилиб кучайтирилган овози янгради.
- Барча ўқувчилар ўз коллежларининг умумий меҳмонхонасига, ўқитувчилар эса ўқитувчилар хонасига йиғилсин. Зудлик билан, ўтиниб сўрайман.
Гарри турган жойида кескин айланиб, Ронга юзланди.
- Наҳотки боз тажовуз қилинди? Яна-ми?
- Нима қиламиз? - сўради вужудини ваҳима қамраб олган Рон, - Минорага борамизми?
Гарри атрофга қараб, нигоҳини ўқитувчилар кийимига тўлиб-тошган эски жавонда тўхтатди.
- Йўқ, - қарор қилди Гарри, - Кел, мана бу ерга яшириниб олиб, нима гап бўлганини билиб оламиз-да, сўнг чиқиб, ўзимиз аниқлаган маълумотларни уларга айтиб берамиз.
Икковлон юқори қаватлардаги қадам товушларига қулоқ тутганча, жавон ичига кириб, намиқиб кетган кийимлар орасига яшириниб олди. Эшик очилиб, хонага бирин-кетин ўқитувчилар кириб келди. Уларнинг айримлари нималар бўлаётганини тушунмай ҳайрон бўлса, баъзиларининг юзларида қўрқув акс этган. Хаёл ўтмай профессор Макгонагалл ҳам кириб келди.
- Мудҳиш ҳодиса рўй берди, - эълон қилди у, жим бўлиб қолган йиғилиш иштирокчиларига, - Махлуқ хонага ўзи билан бирга ўқувчи қизлардан бирини ҳам олиб кириб кетибди.
Профессор Флитвик ингичка овози билан чийиллаб юборди, профессор Сарсабил хоним кафтини оғзига босди, Снегг эса курси суянчиғига ёпишиб қолиб, базўр сўрай олди:
- Нега бунчалик комил ишон билан айтяпсиз?
- Слизерин Вориси, - жавоб қайтарди профессор Макгонагалл, - Ўтган сафар қолдирган ёзуви остида яна бир ёзув қолдириб кетибди: «Ўқувчи қиз суяклари Махфий хонада мангу ётади».
Профессор Флитвик ҳўнграб юборди.
- Кимни олиб кетибди? - сўради оёғида тура олмай, диванга ўтириб қолган Трюк хоним, - Қайси қизни?
- Жинна Уэслини, - жавоб берди профессор Макгонагалл.
Гарри орқада турган Роннинг овоз чиқармай жавон девори бўйлаб сирпаниб тушганини сезди.
- Эртага жамики ўқувчиларни ўз уйларига жўнатиб юборишимиз керак бўлади, - деди профессор Макгонагалл, - «Хогварц» тугатилади. Дамблдор доимо...
Ўқитувчилар хонасининг эшиги боз очилди. Гарри хонага Дамблдор кириб келди деб ўйлади. Афсуски бу, жилваланиб, товланиб турган Чаруальд экан.
- Маъзур кўринг... мизғиб қолибман... бирон-бир қизиқ нарсани ўтказиб юбормадим-ми?
Афтидан Чаруальд қолган ўқитувчиларнинг очиқдан-очиқ нафрат ила унга қараб туришганини сезмаган кўринади. Олдинга бир қадам ташлаган Снегг Чаруальднинг саволига жавоб берди:
- Ҳа, ўтказиб юбордингиз. Жиноятчини ўтказиб юбордингиз. Махлуқ қизалоқни ўғирлаб, Махфий хонага олиб кириб кетибди. Жасоратингизни намоён этадиган вақт етди, Чаруальд.
Даҳшатга тушиб қолган Чаруальднинг юзидан қон қочди.
- Ҳа, ҳа, Сверкароль, - маъқуллади Сарсабил хоним, - Кечагина бизга Махфий хона қаердалигини биламан деган эдингиз, эсингиздами?
- Мен?... Мен фақат... - тўнғиллади Чаруальд.
- Махфий хонага қандай махлуқ қамаб қўйилганлигини мутлақо аниқ билишингизни менга айтган эдингиз, а?
- Шундайми? Ёдимдан кўтарилибди...
- Мен эса, Хагрид ҳибсга олингунга қадар айтган гапларингизни жуда аниқ эслайман, - деди Снегг, - Ўшанда сиз махлуқни тутиб олишингизга имкон беришмаганидан ачинганингизни айтган эдингиз. «Ҳамма ўзига дахли бўлмаган ишга аралашавериб, охир-пировардида унинг пачаваси чиқди. Аслида эса иш бошида менга тўла эрк бериб, ҳаммасини танҳо ўзимга қўйиб бериш керак эди» деган сўзлар муаллифи сиз эмасми?
Ҳанг-манг бўлиб қолган Чаруальд ҳамкасбларнинг тошдай қотган юзларига бир-ма-бир қараб чиқди.
- Мен... аслида мен бирор маротаба ҳам... сизлар мени нотўғри тушунган кўринасиз...
- Хўш, ундай бўлса, марҳамат. Махлуқни тутиш вазифасини тўла-тўкис сизга топширамиз, - деди профессор Макгонагалл қатъий оҳангда, - Мана сизга, ўзингизни намоён этишингиз учун ажойиб имконият. Махлуқни мустақил равишда тутиб олишингиз мумкин. Ваъда бераман-ки, сизнинг йўлингизга ҳеч қайси биримиз тўғоноқ бўлмаймиз. Ниҳоят сизга тўла эрк берилиб, барча ишлар танҳо ўзингизга қўйиб берилади.
Чаруальднинг юзи умидсиз қиёфа касб этиб, атрофга аланглаб чиқди. Бироқ ҳеч ким унга тарафдор бўлмади. Бечора ўзининг ташқи жозибадорлигини бир неча дақиқа ичида йўқотди-қўйди. Тишининг оқини кўрсата олмаган лаблари титраб, иродаси йўқ кишига ўхшаб қолди.
- Ж-ж-жуда с-соз, - ғудуллади ниҳоят у, - Мен... ўз хизмат хонамга борай... ҳозирлик к-кўриб олишим керак... - деди-да, ўқитувчилар хонасидан ўқдай учиб чиқди.
- Хўш, - деди нафратдан бурун катаклари катталашиб кетган профессор Макгонагалл, - Ҳар қалай бу тутуриқсиздан қутулдик-ку. Оёқ остида бир пас ўралашмай туради. Энди мудирлар бўлиб ўтган ҳодиса ҳақида ўз тасарруфидаги коллеж ўқувчиларига тегишли ахборот бериб, «Хогварц-Экспресс» эртага тонг саҳар йўлга чиқишини маълум қилишлари лозим. Илтимос, улардан ҳеч қайси бири ўз коллежининг умумий меҳмонхонасини тарк этмаслигини кузатиб боринг.
Ўқитувчилар бирин-кетин хонадан чиқиб кетишди.
Бу кун Гаррининг ҳаётидаги машъум кунлардан бири, эҳтимол энг мудҳиш кун бўлди. Гарри, Рон, Фред ва Жорж «Гриффиндор» коллежининг умумий меҳмонхонасидаги олис бурчакка биқиниб олиб, бир сўз демай сукут сақлаб ўтиришди. Перси уларга қўшилмади. У ота-онасига бойқуш йўллаб қайтгач, ётоқхонасига кириб кетди.
Муқаддам ўтган кунлардан бирортаси бу қадар узоқ чўзилмаган. «Гриффиндор» минораси одамга тўлиб-тошган бўлса-да, унда бундай сукунат ҳеч қачон ҳукм сурмаган. Мақсадсиз ўтиришга ортиқ бардош бера олмаган эгизаклар кун ботар маҳалда ўз ётоқхоналарига кириб кетишди.
Рон эса ўқитувчилар хонасидаги кийим жавонига киргандан буён илк бор тилга кирди.
- У ниманидир билган, Гарри. Шу боис ҳам уни ўғирлашган. Жинна аслида Перси ҳақида эмас, афтидан Махфий хона ҳақида нимадир айтмоқчи бўлган бизга. Айнан шунинг учун ҳам уни... - Рон ғазаб ила кўзининг ёшини артиб олди, - Тушуняпсан-ми, Гарри, у ахир асилзода сеҳргар. Уни олиб кетишлари учун бошқа сабаб йўқ.
Гарри қондай қип-қизил қуёш уфқ ортига чўкиб кетаётганини томоша қилиб ўтирди. У ҳали ҳеч қачон ўзини бундай жирканч сезмаган. Қани энди уларнинг қўлидан бирор иш келса. Лоақал бирор чора кўра олишса.
- Гарри, - сўради Рон, - Нима деб ўйлайсан, зиғирдай бўлса ҳам умид борми унинг... ўзинг тушуниб турибсан-ку.
Гарри нима деб жавоб қайтаришни билмади. Жинна ҳамон тирик эканлигига у ишонмайди.
- Биласанми, нима қиламиз? - бирдан жонланиб кетди Рон, - Фикримча, бориб Чаруальд билан гаплашиб кўришимиз керак. Унга ўзимиз билган нарсаларни айтиб берамиз. Махфий хонага киришга уриниб кўрсин. Ўша хона жойлашган жой борасидаги ўз фикр-мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашамиз. Василиск ҳақида ҳам уни хабардор қиламиз.
Миясига бошқа фикр келмаганлиги ва қўлини қовуштириб ўтира олмаслигини билган Гарри рози бўлди. Атрофда ўтирган гриффиндорчилар шу қадар ғамгин ва Уэслиларга шу қадар ҳамдард эдики, ўз креслоларидан туриб, меҳмонхона ўртасидан ўтиб, Семиз Хола портрети тўсиб турган туйнук орқали чиқиб кетишган Гарри билан Ронни тўхтатиб қолишга ҳам ярамадилар.
Чаруальднинг хизмат хонаси томон пастлаб борилган сари зулмат қалинлаша борди. Хона ичида аллақандай иш қайнаб, тез-тез босилаётган қадам товушлари, нималарнингдир шарақлагани-ю, шитирлагани эшитилди.
Гарри эшик тақиллатди. Ичкарида безовта сукунат чўмгани сезилиб, сал ўтгач, эшик ниҳоятда тор очилди ва болаларга Чаруальднинг чўчиб кетган кўзлари кўринди.
- Оҳ, мистер Поттер, мистер Уэсли, - ғўлдиради у, эшикни сал каттароқ очиб, - Мен жуда бандман, сизларга бисёр вақт ажрата олмайман...
- Профессор, сизга етказадиган маълумотларимиз бор, - деди Гарри, - Фикримизча, бу сизга қўл келиши даркор.
Чаруальднинг болалар томон қараган юзида парокандалик аломати сезилди.
- Эээ... хўш... бу унчалик... Айтмоқчиман-ки... хўш... хўп, майли...
У эшикни очиб, болаларни ичкарига киритди.
Чаруальднинг хизмат хонаси деярли тўла-тўкис хароб ҳолатга келиб қолган. Деворлар яланғоч. Полда қопқоғи очиқ иккита сандиқ турибди. Улардан бирига сут ранг, яшил, нафармон, тунги осмон рангидаги ғижим коржомалар, иккинчисига эса китоблар уюми тартибсиз жойланган. Илгари деворни безаб турган фотосуратлар эса ёзув столи устидаги яшикларга суқиб киритилган.
- Сиз сафарга отланган кўринасиз-ми? - сўради ҳеч нарсани тушунмай қолган Гарри.
- Умуман олганда, шундай деса ҳам бўлади, - деди Чаруальд ва эшикнинг ичкари томонидаги ўзининг одам бўйи баробар тасвири туширилган плакатни юлиб олиб, ўрай бошлади, - Мени чақириб қолишди... шошилинч иш экан... рад этиб бўлмайди... боришим керак...
- Мени синглим нима бўлади? - узуқ-юлуқ сўради Рон.
- Бу масалага келсак... нима ҳам қила олардик... нохушлик, албатта... - ғудуллади стол тортмасидаги нарсаларни қоғоз халтага ташлаётган Чаруальд болалардан кўзини олиб қочганча, - Мендан ортиқ ким ҳам афсус қиларди...
- Ахир сиз ёвузлик кучидан ҳимоя фани ўқитувчисисиз-ку! - қичқириб юборди Гарри, - Ёвузлик кучлари томонидан қонунга хилоф қилмишлар амалга оширилаётган шундай маҳалда мактабни ташлаб кетишга қандай журъат этишингиз мумкин?!
- Таъкидлаб ўтиш жоизки... мени ишга таклиф қилишаётганда... - гапни мужмал қилди Чаруальд, пайпоқлар ғарамини кўйлак устига ташлар экан, - Зиммамга юкланган вазифалар тавсифида айрим мажбуриятлар кўзда тутилмаган... мен кутмаган...
- Жуфтакни ростлаб кетяпман демоқчисиз шекилли, шундайми? - сўради ўз қулоқларига ҳамон ишонмай турган Гарри, - Ахир китобларингизда ўз жасоратларингизни баён этиб...
- Китоблар баъзан ҳаётий воқеликни тўлиқ акс эттирмайди, - деди Чаруальд хушмуомала оҳангда.
- Бироқ сиз уларни ўзингиз ёзгансиз-ку! - бақириб юборди Гарри.
- Болакай, - деди қаддини ростлаган Чаруальд, биринчи маротаба Гаррига қовоқ солиб, - Миянгни ишга солиб, яхшилаб ўйлаб кўр. Ўша китобларда тавсифланган кароматларни мен ўзим кўрсатмаганимни одамлар билишса, китобларимнинг харид суръати ҳозирги сотув суръатининг ярмига қадар ҳам етиб бормаган бўлар эди. Афсун билан бошқа тусга кирган махлуқлардан юзта қишлоқни халос этган бўлса ҳам, ўша башараси бужмайиб кетган қари армани-жодугар ҳақида ўқиш ҳеч кимга қизиқ эмас. Унинг сурати китоб муқовасида қандай кўринишини ўзинг тасаввур қилиб кўр! Нариги дунёдан вакил бўлиб келган аёл Бэндонни қувиб солган афсунгар аёлнинг эса лаби тиртиқ бўлган. Тушундинг-ми? Шундай экан, қўй баслашмайлик...
- Яъни сиз, бошқалар кўрсатган жасоратларни ўғирлаб, ўзингиз намоён этган жасоратлар сифатида ёзгансиз, шундайми? - хитоб қилди Гарри, ҳанузгача кўрган, эшитганига ишонмай.
- Гарри, Гарри, - бош чайқади Чаруальд, - Бу иш сен айтганча осон кечмаган. Ахир мен ҳазилакам меҳнат қилдим-ми. Мен ўша одамларни изладим, қидириб топдим, қайси ишни қандай бажарганини батафсил суриштириб билдим. Тўғри, уларга нисбатан Унуттириш афсунини қўллаш, хотираларини йўқотишга тўғри келди, албатта. Шундай экан, мен анчагина меҳнат қилдим, Гарри. Бу шунчаки, китобга дастхат қўйиб бериш ёки журнал муқовалари учун суратга тушиш эмас. Модомики, шон-шуҳрат қозонишни истар экансан – оғир ва машаққатли меҳнатга ҳозирлан!
У сандиқларнинг қопқоқларини ёпиб, қулфлади.
- Хўш, ҳеч нарсани унутмадим шекилли. Фақат кичик бир иш қолди холос.
У сеҳрли таёқчасини чиқарди-да, болаларга юзланди.
- Мени маъзур кўринг-у, йигитчалар, бироқ сизларга нисбатан ҳам Унуттириш афсунини қўллашимга тўғри келади. Менинг кичик сирларим ҳақида жаҳонга жар солишингизга йўл қўя олмаслигимни ўзингиз тушуниб турган бўлсангиз керак. Акс ҳолда бирорта ҳам китобимни сота олмай қоламан...
Аммо Гарри чаққонроқ ҳаракат қилди. Чаруальд таёқчасини кўтаришга улгурмай туриб, Гарри бўкириб юборишга улгурди.
- «Экспеллиармус!»
Ортга тисарилиб кетган Чаруальд сандиққа қоқилганча, оёғи осмондан келиб қулади. Унинг қўлидан чиқиб кетиб, ҳавога учган таёқчасини эса Рон тутиб олиб, деразадан улоқтириб юборди.
- Бизга бундай қилиқ бажаришни ўргатишга профессор Северусга ижозат бермаслик керак эди, - дарғазаб ириллади Гарри, сандиқни тепиб, четга сурар экан.
Яна заиф, ҳимояга муҳтож киши ҳолатига тушиб қолган Чаруальд полда ётганча Гаррига қараб қолди. Гарри эса ҳамон Чаруальдга таёқча ўқталиб турибди.
- Мендан нима истайсиз? - сўради Чаруальд титраб қолган овози билан, - Махфий хона қаерда эканлигини билмайман. Сизларга ҳеч қандай ёрдам бера олмайман.
- Омадингиз бор экан, - деди Гарри, таёқчасининг учи билан Чаруальдни оёққа туришга мажбур қилиб, - Махфий хона қаердалигини ҳам, унинг ичида қандай махлуқ борлигини ҳам биз яхши биламиз. Туринг, биз билан юринг.
Болалар Чаруальдни қоронғи йўлакка чиқариб, деворига мудҳиш ёзувлар ёзилган Дилгир Миртлнинг ҳожатхонаси томон етаклаб кетишди.
Ҳожатхонага биринчи бўлиб Чаруальд туртиб киритилди. Гарри ичиқоралик билан ўқитувчининг даҳшатдан титраётганини пайқади.
Дилгир Миртл ҳожатхонанинг нариги бошидаги унитазнинг четида ўтирган экан.
- Ҳа, яна сен-ми? - кулиб қўйди Гаррини кўрган Миртл, - Энди нима керак бўлиб қолди сенга?
- Қандай ўлганингни билмоқчиман, - сўради Гарри, киноя ва шамасиз.
Гаррининг саволини эшитган Миртлнинг қиёфаси бир сонияда таниб бўлмас даражада ўзгариб бахтиёр юзи, туғилганидан буён бундай ёқимли саволни эшитмаган қизалоқнинг чеҳраси каби ёришиб кетди.
- Ооооо, бу жуда даҳша-а-ат ила кечди, - ҳузур қилиб сўзлай бошлади Миртл, - Бу айнан шу ерда юз берди. Мен мана бу бўлмада ўлдим. Ҳамма нарсани яхши эслайман. Кўзойнак тақиб юрганим учун Оливия Хорнби мени мазах қилгани сабабли эшикни ичкаридан ёпиб олиб, йиғладим. Кейин кимдир кириб, қандайдир тушунарсиз сўзларни талаффуз этганини эшитиб қолдим. Фикримча у, бошқа тилда гапирди. Лекин мени ҳайрон қолдирган томони бу сўзларни қизлар ҳожатхонасига кириб олган ўғил бола гапирди. Мен унга бу ерга кириш мумкин эмаслиги, ўз ҳожатхонасига бориши кераклигини айтмоқчи бўлиб эшикни очдим-у... - Миртл маъноли нафас чиқариб, юзини ёриштирди, - Ўлиб қолдим.
- Нимадан ўлдинг? - сўради Гарри.
- Билмайман, - жавоб қайтарди Миртл қўрқинчли пичирлаб, - Мен фақат бир жуфт сап-сариқ, катта-катта кўз кўрганимни эслайман холос. Баданим тошдай қотиб қолганини биламан. Ўлдим-да, нари учдим... - у хаёлчанлик билан Гаррига қараб қўйди, - Кейин боз қайтиб келдим. Тушуняпсан-ми, мен Оливия Хорнбини таъқиб қилиб юришга қарор қилдим. У кўзойнагим устидан кулиб юргани учун кўп пушаймон бўлди.
- Қаерда кўринди ўша бир жуфт кўз? - сўради Гарри.
- Қаердадир, анави ерда, - ноаниқ кўрсатди Миртл, ўзи ўтирган унитаз қаршисидаги чиғаноқ томон қўл узатиб.
Гарри билан Рон Миртл кўрсатган чиғаноқ томон отилди. Юзи ўларча даҳшатли қиёфа касб этган Чаруальд эса ортда турганича серрайиб қолди.
Болалар чиғаноқнинг ички томонини ҳам, ташқи томонини ҳам, ҳатто остидаги қувурларни ҳам дюйм-ма-дюйм кўздан кечириб чиқиб, бирон-бир ғайриоддий аломат топа олишмади. Шунда Гарри мис жўмракнинг бир томонига миттигина илончанинг тасвири ўйиб туширилганлигига эътибор қаратди.
- Бу жўмрак ҳеч қачон ишламаган, - қувониб маълум қилди Миртл, жўмракни очишга уринган болаларга.
- Гарри, - пичирлади Рон, - Бирон нима де-чи. Серпентарго тилида гапириб кўр-чи.
- Ҳа, лекин...
Гарри бир оз ўйланиб қолди. Серпентарго тилида икки маротаба гапирганида илон билан юзма-юз турган эди. У фикрини митти ўймага тасвирга жамлаб, уни ҳақиқий илон деб тасаввур қилди-да:
- Очил, - деди ва ўртоғига қараб қўйди.
- Инглизча, - деди Рон, бош чайқаб.
Гарри яна тасвирга қараб, ўзига ўзи уни тирик илон деб тасаввур қилишни буюрди.
- Очил, - деди у.
Лекин у оғзидан «очил» сўзи эмас, қандайдир вишиллаган товуш чиққанини эшитди. Дафъатан чиғаноқ жўмраги кўзни қамаштирадиган даражада олмос тус касб этиб, айлана бошлади. Кейинги сонияда чиғаноқнинг ўзи ҳаракатга келди. Аниқроқ айтиладиган бўлса, у қаёққадир ғойиб бўлиб, ерда, катта ёшли одам бемалол сиғадиган даражада кенг қувур оғзини очиб қўйди.
Гарри Роннинг жониқиб нафас олаётганини эшитиб, кўзини кўтарди-да, нима қилиш кераклигини англади.
- Мен пастга кириб кетаман, - қатъий баёнот қилди у.
Асрлар оша не-не сеҳргар ва афсунгарлар топа олмаган Махфий хонани энди топганда, зиғирдай, деярли умидсиз, арзимас бўлса ҳам Жиннани қутқариш имкони туғилган пайтда тўхтаб қолишни бола хаёлига ҳам келтирмади.
- Мен сен билан бирга бораман, - деди Рон.
Кутилмаган танаффус юзага келди.
- Сизларга фойдам тегишига шубҳа қиламан, - деди юзига илгаригидай кулги югурган Чаруальд бепарво оҳангда, - Мен бор-йўқ...
У қўлини эндигина эшик дастасига қўйган эди ҳам-ки, икковлон бола унга сеҳрли таёқчаларини ўқтади.
- Биринчи бўлиб сиз тушасиз! - буюрди Рон.
Таёқчасиз, юзи бўрдай оқариб кетган Чаруальд қувур оғзига яқинлашди.
- Болалар, - пичирлади у, базўр эшитилган овози билан, - Болалар, шу ишингиздан бирон-бир наф чиқади деб ўйлайсиз-ми?
Гарри таёқчасини ўқитувчининг белига тақади. Чаруальд ерга ўтириб, оёқларини қувур ичига туширди.
- Ростини айтадиган бўлсам, - гап бошлади у.
Бироқ Рон уни тепиб юборгач, пастга сирпаниб, кўздан ғойиб бўлди. Гарри шу заҳоти унинг кетидан тушишга ошиқди. У аста қувур ичига тушиб, қўлларини бўшатди.
Зулмат ичра чексиз сирпаниш. Пастлаб бораётган бола бошқа йўналишлар ҳосил қилганча ажраб кетган қувурларни базўр илғаб борди. Гарри қувурнинг эгилиб бурилгани ва тобора қаёққадир ичкарига, ер қаърига киргани, қаср ертўлаларидан анча пастга тушиб кетаётгани, ортидан эса қувур бурилган жойларда танаси қаттиқ урилиб келаётган Роннинг бақириб яқинлашаётганини англади.
Сирпаниш жараёни ниҳоясига етганда нима бўлиши мумкинлиги ҳақида эндигина ташвиш чека бошлаган Гарри қувур оғзидан отилиб чиқиб, тикка туриб олиш учун етарлича баланд бўлган қоп-қоронғи тош туннелнинг зах ерига гупиллаб тушди. Шилимшиқдан ҳўл бўлиб, арвоҳдай оқариб кетган Чаруальд эндигина оёққа тураётган экан. Гарри қувур оғзидан нари қочган эди ҳам-ки, ундан Рон отилиб чиқди.
- Биз қаср остига, кўплаб миля чуқурликка тушиб кетдик шекилли, - фикр билдирди Гарри.
Унинг овози қоронғи туннель ичида акс садо бўлиб эшитилди.
- Эҳтимол кўл остига тушгандирмиз, - қўшимча қилди Рон, шилимшиқ қоплаган қора тусли туннель деворига синчковлик билан қараб.
Учаласи ортга бурилиб, номаълум томон олиб борадиган мудҳиш бўшлиққа юзланди.
- «Люмос!» - ғудуллади Гарри ўз таёқчасига.
Таёқчаси ёруғлик нурини тарата бошлагач, Рон билан Чаруальдга юзланиб:
- Кетдик, - деди ва ҳўл полни шалп-шулп қилганча, йўл бошлади.
Йўл шу қадар қоронғики, икки қадам олдинда ҳеч нарса кўринмайди. Уларнинг сеҳрли таёқчадан чиқаётган ёруғлик нуридан ҳосил бўлган соялари туннелнинг зах деворларида даҳшатли махлуқлар аксидай кўринди. Учаласи аста-секин одимлаб кетди.
- Ёдингизда бўлсин, - огоҳлантирди Гарри пичирлаб, - Сал бўлса ҳам шитирлаган товуш эшитишингиз билан кўзингизни маҳкам юмиб олинг.
Аммо туннелда лаҳад ичидагидек ўлик жим-житлик ҳукм сурмоқда. Биринчи кутилмаган товуш каламушнинг бош суягини босиб олган Рон оёғининг остидан чиқди. Гарри таёқчасини пастроқ тушириб, ерни турли туман майда ҳайвонлар суяги қоплаганини кўрди. Улар қидириб келган Жинна қай ҳолатда бўлиши ҳақидаги ўйни миясидан ҳайдаб чиқаришга уринган Гарри астагина учаласи бораётган қувур кескин бурилган муюлиш ортига ўтди.
- Гарри... анави ерда нимадир бор... - хириллади Рон, Гаррининг елкасини ушлаб олиб.
Улар қилт этмай, нима бўлишини кутиб туришди. Гарри туннель ўртасида ҳаракатсиз ётган ниҳоятда йирик жисмнинг яққол кўринаётган сиртқи шаклини фарқлай олди.
- Ухлаяпти шекилли, а? - сўради у ўз ҳамроҳларига юзланганча, паст овозда.
Чаруальд кафтларини кўзларига маҳкам босиб олган. Гарри яна ўша жисмга қаради. Унинг юраги шундай қаттиқ ура бошладики, ҳатто кўкрак қафаси оғриб кетди.
Гарри сеҳрли таёқчасини баланд кўтарди ва кўзларини имкон қадар тор қисиб олганча, жисм томон аста одимлай бошлади.
Таёқча нури туннель полида жимжимадор эшилиб, бўшаб ётган ниҳоятда йирик, оч яшил рангли илон пўстини ёритди. Бундай пўст ташлаган махлуқнинг узунлиги йигирма футдан қисқа эмаслигига шубҳа йўқ.
- Даҳшат, - пичирлади Рон.
Кутилмаганда орқа томонда аллақандай ҳаракат эшитилди. Манзарани кўрган Сверкароль Чаруальд оёғида тура олмайдиган бўлиб, ерга қулаб тушибди.
- Тур ўрнингдан! - кескин буюрди Рон, таёқчаси билан таҳдид солиб.
Чаруальд оёққа тура бошлади-да, дафъатан Ронга ташланиб, уни ерга босиб олди.
Гарри иккаласи томон ташланди-ю, кеч бўлди. Роннинг сеҳрли таёқчасини қўлга киритиб, мамнун тиржаяётган Чаруальд ҳансираб оёққа турди.
- Саргузаштлар ниҳоясига етди, болакайлар! - тантанавор қичқирди у, - Мен мана бу илон пўстининг бир бўлагини мактабга олиб чиқаман-да, қизалоқни қутқаришга кеч қолганим, сиз иккалангиз эса унинг абжағи чиқиб кетган жасадини кўриб хотирангизни йўқотиб қўйганингизни маълум қиламан. Бўлди, бас! Хотирангиз билан видолашинг!
У сеҳргарлар тасмаси билан ўралган синиқ сеҳрли таёқчани боши узра кўтарди-да, қаттиқ қичқирди:
- «Обливиато!»
Кичик бомба портлаган каби портлаш янгради. Гарри шифтдан тушаётган катта харсангларга чап бериб, бошини маҳкам ушлаб олганча илон пўстига қоқилиб нари қочди. Кейинги фурсатда эса қулаб тушган тошлар уюмидан ҳосил бўлган девор қаршисида турганча, ёлғиз қолди.
- Рон! - қичқирди Гарри, - Омонмисан, Рон? Рон!
- Мен шу ердаман! - эшитилди Роннинг уюм ортидаги бўғиқ овози, - Мен-ку, соппа-соғман, мана бу аҳмоқ эса... хотирасини батамом йўқотиб қўйганга ўхшайди.
Тош девор ортида «Вой жоним-ей!» деган овоз чиқди. Афтидан Рон Чаруальднинг тепиш мумкин бўлмаган жойига жон-жаҳди билан тепган кўринади.
- Энди нима қиламиз? - эшитилди Роннинг умидсиз саволи, - Биз ўта олмаймиз. Бунга бир умр вақт керак бўлади...
Гарри шифтга қараб, унинг кенг ёрилган жойларини кўрди. У сеҳр воситасида бундай қалин деворни ҳали бузиб кўрмаган. Ҳозир эса ўзини синаб кўриш мавриди эмас. Туннель босиб қолиши мумкин.
Девор ортида яна бир зарба ва яна бир бор «Вой жоним-ей!» сўзлари эшитилди. Вақт кетяпти. Жинна Махфий хонага олиб кириб кетилган фурсатдан эътиборан кўп соат ўтди... Гарри учун бошқа йўл йўқ.
- Чаруальд иккалангиз шу ерда кутинг, - қичқирди у Ронга, - Мен йўлни давом эттираман... Агар бир соатдан сўнг қайтмасам...
Оғир сукунат чўмди.
- Мен эса сен чиқа олишинг учун мана бу тош уюмида рахна очишга уриниб кўраман, - деди Рон, овозининг титраётганини сездирмасликка уриниб, - Ҳа, яна бир гап... Гарри... Агар...
- Кўришгунча, - деди Гарри, овозига ўз кучига комил ишонч оҳангини беришга уриниб.
Бола бўш ётган илон пўсти ёнидан юриб, нари кетди.
Тез орада Роннинг тош уюмида туйнук очиш ҳаракатлари эшитилмай қолди. Туннелнинг бурилган жойлари жуда кўп. Гаррининг тақим пайлари қалтирагани қалтираган. У бир вақтнинг ўзида ҳам туннель бирон жойга олиб бориб, ниҳоясига етишини истарди, ҳам айни ўша фурсат етишидан қўрқарди. Ниҳоят, сўнгги муюлиш ортига ўтгач, Гарри бир-бирига ўралашиб кетган бир жуфт илон тасвири ўйилган деворни кўрди. Илонлар кўзида йирик зумрадлар ярқираб турибди.
Томоғи қуриб қолган Гарри деворга яқин борди. Кўзлари жонли кўринган ушбу тош илонлар ҳақиқий эканлигини тасаввур қилиши шарт эмас.
Бола нима қилиш кераклигини фаҳмлади. У томоғини қириб олди. Айни пайтда илонларнинг зумрад кўзлари юмилиб очилди ёки болага шундай туюлди.
- Очил, - деди Гарри бўғиқ вишиллаб.
Дафъатан илонлар бир-биридан ажралиб, улар ўртасидаги девор икки бўлинди-да, табақалари икки томон товушсиз сурилиб, кўздан ғойиб бўлди. Вужуди титраб кетган Гарри ичкарига қадам ташлади.
Янгиланган (20.04.2011 09:38)

Шарҳлар
Ўқиб бўлдим... жуда яхши таржима қиласиз! Кейинги қисмларини таржима қиласизми? Интиқлик билан кутмоқдаман. Сизга катта раҳмат!
Ушбу қайд шарҳларининг RSS лентаси.