| ORZU.UZ - Полиграфия и дизайн. Камин-пресс - офсетная печать в оперативно сжатые сроки – это основная деятельность нашей компании. Мы всегда по хорошему «заряжены» на работу с клиентами. Определив конечные цели, мы движемся к ней на максимальной скорости «на всех парусах». |
|
-
Рўйхатдан ўтиш ва материал қўшиш
Сайтимиз очилганидан буён ҳар куни сайтимизга кўплаб одамлар киришмоқда. Бу биз учун жуда қувонарли. Бироқ нима учундир ҳеч ким рўйхатдан ўтгиси ва материалларга шарҳ қолдиргиси ёки сайтимизда ўзининг мақоласини чоп этгиси келмаётганлиги одамни ажаблантирарди. Кейинроқ аниқланишича, кўпчилик сайтимизда рўйхатдан ўтган, лекин бу жараённи охирига етказмаган экан. Шунинг учун бу ҳақда тўлиқ маълумот беришга қарор қилдик.
Батафсил...
Гарри Поттер ва Азкабан маҳбуси

Жоанна Кэтлин РОУЛИНГ,
асар муаллифи,
Буюк Британиялик болалар ёзувчиси

Мария Викторовна СПИВАК,
инглиз тилидан рус тилига ўгирган россиялик таржимон

Шокир Зокирович ДОЛИМОВ,
рус тилидан ўзбек тилига ўгирган
ҳарбий таржимон
БИРИНЧИ БОБ. БОЙҚУШ ПОЧТАСИ
Гарри Поттер ҳар жиҳатдан ғайриоддий бола. Бошқа ўқувчилардан фарқли ўлароқ ёзги таътил даврини ёқтирмаслиги унинг ўзгача эканлигидан далолат беради. Гарри ушбу даврга берилган уй вазифаларини виждонан бажаришга интилади, бироқ бу иш билан яширинча, фақат тунда шуғулланишга мажбур. Бунинг устига у сеҳргар.
Тун деярли яримлаб қолди, Гарри эса каравотда, адёли билан бошдан-оёқ ёпиниб олиб, қўлига чўнтак фонусини ушлаб олганча, қорнида ётибди. Қаршисида Батильда Жукпукнинг ёстиққа суяб қўйилган чарм муқовали «Сеҳргарлик тарихи» дарслиги. Бола қошларини чимириб олганча, «Ўн тўртинчи асрда қўлланилган жодугарларни тириклайин ёқиш чораларининг беҳудалиги. Муҳокама» мавзусидаги иншони ниҳоясига етказиш учун бургутнинг қулпуриб ўсган патидан тайёрланган пат-қалам учини дарслик саҳифаси бўйлаб юритиб, бирон-бир фойдали маълумот топишга уринмоқда.
Пат-қалам мазмунан тўғри келадиган матн устида тўхтади. Гарри бурни учига сурилиб қолган юмалоқ кўзойнагини тўғрилаб олиб, фонусни китобга яқин келтирди-да, ўқиди:
Ўрта асрларда кўпроқ магллар деб юритилиб, афсунгарликдан мутлақо бехабар бўлган одамлар сеҳр-жодудан ниҳоятда қўрқишган бўлса-да, уни табиий ҳолатдан фарқлаб олиш қобилиятига эга бўлишмаган. Ҳақиқий сеҳргар ёки афсунгар қўлга олинган камдан-кам ҳолатларда, жодугарни тириклайин ёқишдек магллар томонидан қўллаб келинган жазо чорлари кутилган натижа бермаган. Асир олинган афсунгар ёки сеҳргарлар оловга ташлангач, ўша даврлардан маълум бўлиб келган Олов тафтини совитиш афсунини қўллаб, ёлғондакам дод-вой солишган. Аслида эса улар таналарида қитиқ сезишган холос. Мисол учун, Омадли Венделин ўзини оловда ёндиришларини шу қадар хуш кўрган эканки, магллар томонидан қирқ етти маротаба қўлга олинишига шахсан ўзи имкон яратган. Табиийки, у ҳар сафар бошқа одам қиёфасига кириб борган.
Гарри пат-қаламни тишлари орасига қисиб олиб, қўлини сиёҳдон билан пергамент ўрамини олиш учун ёстиқ остига узатди. Сиёҳдоннинг қопқоғини очиб, пат-қаламни аста ботириб олди-да, атрофга қулоқ тутиш учун вақти-вақти билан тўхтаб борганча, ёзишга киришди. Агар ваннахона томон ўтаётган Дурсллардан бирортаси пат-қаламнинг ғижирлаётганини эшитиб қоладиган бўлса, Гарри зинапоя остидаги буфет ичига боз қамаб қўйилиб, таътил ниҳоясига етгунга қадар ўша ерда яшайди.
Гарри ёзги таътил даврини Одамовилар хиёбонидаги 4- уй соҳиблари бўлмиш айни шу Дурсллар туфайли ёқтирмайди. Вернон амаки, Петунья хола ва уларнинг якка ягона ўғли Дудлидан иборат ушбу оила Гаррининг қариндошлари бўлиб, бошқа яқинлари йўқ. Учаласи ҳам магл. Сеҳр-жодуга бўлган муносабатлари эса ўрта асрларда яшаб ўтган маглларнинг бундай ҳодисага нисбатан намоён этган муносабатларидан заррача фарқ қилмайди. Ушбу хонадонда Гаррининг марҳум сеҳргар ота-онасини тилга олиш ман этилган. Етим бола имкон қадар ҳорғин ҳолатда тарбияланса, унинг табиатидаги сеҳргарлик қобилияти барҳам топишига Петунья хола билан Вернон амаки узоқ йиллар давомида ўзларини ўзлари қаттиқ ишонтириб келишган эди. Афсуски, уларнинг умидлари пучга чиқди. Энди улар жиянлари «Хогварц» сеҳргарлик ва афсунгарлик санъати мактабида икки йилдан буён таҳсил кўраётганидан бирор-бир кимса хабар топиб қолишидан қўрқишмоқда. Гаррининг дарсликлари, сеҳрли таёқчаси, қозони, супургиси ва шу каби бошқа ўқув жиҳозларини таътил даврига зинапоя остидаги буфетга қулфлаб қўйиш, болага қўшнилар билан ҳар қандай шаклда мулоқот қилишни қатъиян ман этиш – эр-хотин Дурсллар томонидан кўрилган олдини олиш чоралари бўлди.
«Хогварц» мактабида ёзги таътил даврида бажариб келиш талаб этиладиган ниҳоятда кўп уйга вазифа берилади. Аммо дарсликларининг қулфлаб қўйилганлиги Гаррини жуда қийин аҳволга солиб қўйган. Гарри ёқтирмайдиган сеҳрли дамламалар тайёрлаш фани профессори Северус Снегг томонидан берилган кичрайтириш қайнатмаларига оид уй вазифаси энг мураккаб топшириқлардан биридир. Профессор Снегг, ўз навбатида, Гаррини қаттиқ жазолаш учун топиладиган ҳар қандай важ-баҳонадан ўлгудай қувонади. Гарри учун ўз дарсликларини ўғирлашдан бошқа йўл қолмади. Таътил бошланган илк кунларда Вернон амакига унинг фирмаси томонидан тақдим этилган машинадан амакининг ўзи, Петунья хола ва Дудли, қўшнилардан бирортаси ушбу янгиликдан бехабар қолмаслиги учун атайин баланд овозда завқланиб, бақир-чақир қилишаётган пайтда Гарри биринчи қаватга тушиб, зинапоя остидаги китоблар қулфлаб қўйилган жавон эшигини ҳеч кимга сездирмай очди-да, ўз дарсликларининг кўтара олган сонини хонасига олиб чиқди. Энди тунги соатларда, агар каравот чойшабини сиёҳ билан булғаб қўймаса, албатта, афсунгарлик сирларини назарий ўзлаштириб ётганини Дурсллар сезмайди.
Ҳозир Гарри учун амаки билан холанинг жиғига тегмаслик ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Негаки, улар шундоқ ҳам Гарридан дарғазаб бўлиб юришибди. Сабаби содда. Таътил бошланган кундан бир ҳафта ўтар-ўтмас, Гаррига сеҳргар ўртоғи қўнғироқ қилди.
Гаррининг «Хогварц»да бирга таҳсил кўрадиган энг яқин дўсти Рон Уэсли азалдан сеҳргар саналган оилага мансуб бўлиб, табиийки болалигидан Гаррининг хаёлига ҳам келмайдиган нарсалардан яхши хабардор. Лекин у телефондан муқаддам фойдаланмаган. Бахтга қарши Рон қўнғироқ қилган куни телефон гўшагини Вернон амакининг ўзи кўтарди.
- Вернон Дурсль эшитади.
Ўша фурсатда тасодифан хонада бўлган Гарри Роннинг овозини эшитиб, турган жойида қотиб қолди.
- АЛЛО? АЛЛО? МЕНИ ЭШИТЯПСИЗ-МИ? ГАРРИ ПОТТЕРНИ ЧАҚИРИБ БЕРИНГ, ИЛТИМОС!
Рон шундай қичқириб гапирдики, Вернон амаки турган жойида бир сакраб тушди. Гўшакни ўзидан ярим метр нарига олиб, хавотир билан нафрат уйғунлашиб кетган нигоҳ ила қараб қолди.
- КИМ СЎРАЯПТИ? - ўкирди у, гўшак томон, - СИЗ ЎЗИНГИЗ КИМ БЎЛАСИЗ?
- РОН УЭСЛИ! - кучаниб бақирди Рон, худди Вернон амаки билан футбол майдонининг икки томонида туриб гаплашаётган каби, - МЕН ГАРРИНИНГ МАКТАБДА БИРГА ЎҚИЙДИГАН СИНФДОШ ДЎСТИ БЎЛАМАН...
Амакининг митти кўзлари чаноғида айланиб, Гаррига қаради. Боланинг оёқлари худди полга ёпишиб қолгандай бўлди.
- БУ ЕРДА ҲЕЧ ҚАНДАЙ ГАРРИ ПОТТЕР ЯШАМАЙДИ, - ўкирди Вернон амаки гўшакка, худди у ҳозир портлаб кетадигандай қараб, - ҚАНДАЙ МАКТАБ ТЎҒРИСИДА ГАПИРАЁТГАНИНГИЗНИ ҲАМ БИЛМАЙМАН! БУ ЕРГА ҚАЙТА ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛА КЎРМАНГ! МЕНИНГ УЙИМ ВА ОИЛАМГА ҲАМ ЯҚИН КЕЛИШГА ЖУРЪАТ ЭТМАНГ!
Вернон амаки телефон гўшагини худди заҳарли ўргимчакни улоқтиргандай ричакка ташлади. Шундан сўнг, 4- уйда энг мудҳиш тўполонлардан бири бошланди.
- УШБУ РАҚАМНИ АНАВИ... АНАВИ... ЎЗИНГГА ЎХШАШ ОДАМЛАРГА МАЪЛУМ ҚИЛИШГА ҚАНДАЙ ЖУРЪАТ ЭТДИНГ! - қичқирди Вернон амаки Гаррига бошдан-оёқ сўлак сачратиб.
Афтидан Рон дўсти Гаррининг бошини балога гирифтор қилиб қўйганини англаб етган кўринади, қайта қўнғироқ қилмади. Гаррининг «Хогварц»да бирга ўқийдиган дўсти Гермиона ҳам бу дунёда борлиги ҳақида бирор-бир аломат бермади. Рон шундай маслаҳат берган бўлса керак. Афсус. Ахир Гермиона Гаррининг синфдошлари ичида энг ақлли қиз-ку, мактабни тилга олмай гапириш кераклигига фаҳми етади-ку.
Шундай қилиб, узоқ беш ҳафта давомида Гарри ўз дўстларидан ҳеч қандай хабар топмади. Ёзги таътил ўтган сафаргидай чидаб бўлмас даражада зерикарли мавсумга айланди. Фақат озгина яхшилик бўлди холос. Дўстлари билан хат ёзишмаслик борасида онт ичган Гарри кечалари Хедвигни қўйиб юборишга ижозат олди. Аслида бундай рухсат берилишининг ҳам ўзига яраша сабаби ҳам бор. Қафасга мунтазам қамалиб ўтиришни истамаган Хедвиг айнан тунги соатларда кучли шовқин сола бошлади. Табиийки, Вернон амакининг асаби дош бермай, ижозат беришга мажбур бўлди.
Гарри Омадли Венделин ҳақида ёзиб бўлгач, атрофга яна қулоқ тутди. Уйқуга кетган хонадондаги сукунатни фақат холаваччаси Дудлининг узоқда эшитилаётган хурраги бузмоқда. Тун ярмидан ўтиб кетган бўлса керак, хаёлдан ўтказди Гарри. Унинг толиққан кўзлари ачишиб кетди. Иншони эртага тунда тугатишга аҳд қилди...
Бола қопқоқни бураб сиёҳдонни ёпди. Каравот остидан эскирган ёстиқжилдни чиқариб, ичига фонус, «Сеҳргарлик тарихи», иншо, пат-қалам ва сиёҳдонни жойлади-да, ўрнидан турди. Қўлидаги нарсаларни полнинг каравот остидаги михланмаган тахтаси тагига яшириб қўйди. Оёққа туриб, яхшилаб керишиб олгач, жавонча устидаги уйғотадиган соатнинг ёришиб кўринадиган рақамларига қаради.
Соат бир. Ичидан бир нарса лип этиб ўтди. Гарри ўзи сезмаган ҳолда ҳаётининг ўн уч ёшлик бўсағасини ҳатлаб ўтганига роппа-роса бир соат бўлибди.
Гаррининг ғайриоддий жиҳатларидан яна бири ўз туғилган кунларига аҳамият бермаслиги саналади. Ҳаёти давомида у ҳали бирорта бўлсин, табрик откриткасини олмаган. Сўнгги иккита туғилган кунини Дурсллар мутлақо писанд қилишмади. Бу сафар эсга олишларига эса ҳеч қандай асосли сабаб йўқ.
Бола қоронғи хона бўйлаб юрганча, Хедвигнинг бўш қафаси ёнидан ўтиб, ланг очилган дераза ёнига келди-да, токчага суяниб олди. Адёл остида терга ботиб узоқ ўтиргандан сўнг, туннинг салқин шабадаси юзига ёқимли урилди. Хедвиг сурункасига икки кечадан буён кўринмайди. Бойқуш илгари ҳам узоқ вақт учиб юргани боис Гарри хавотирланмади-ю, бари-бир уни кутади. Ушбу хонадонда ёш сеҳргарни кўриб жунжикмайдиган ягона жонзод мана шу бойқуш бўлади.
Гарри илгаригидек озғин, жуссаси ёшига нисбатан кичик бўлса-да, ҳар қалай ёз давомида бўйи икки дюймга ўсгандай кўринади. Кўмирдай қоп-қора сочлари илгари қандай саркаш, дағал, итоатсиз бўлган бўлса, шундайлигича қолди. Юмалоқ кўзойнаги ортидан ҳамон унинг ўша ярқираб турадиган яшил кўзи қараб турибди. Пешанагажаги орасида эса яшин зигзаги шаклидаги чандиғи кўзга чалинади.
Гаррининг чандиғи ҳам оддий чандиқ эмас. Дурсллар ўн йил давомида ёлғон гапириб, болани алдаб келишган. Ушбу чандиқ гўё унинг ота-онасини ҳалок қилган автомобиль ҳалокатидан қолган хотира эмиш. Аслида ундай эмас. Лили ва Жеймс Поттер аварияда ҳалок бўлишмаган. Уларни сўнгги юз йилликнинг энг ёвуз сеҳргари, мудҳиш Лорд Вольдеморт ўлдирган. Гарри эса, қотиллик содир этилган ўша тунда, пешонасида чандиқ ҳосил бўлганча, омон қолган. Вольдемортнинг ажал келтирадиган қарғиш афсуни атиги бир ёшли чақалоқ Гаррини ўлдириш ўрнига пешонасидан сапчиб, Ёвуз Лорднинг ўзига урган. Оқибатда чалажон, мажруҳ бўлиб қолган Вольдемортнинг сеҳри барҳам топган ва шу сабабдан ҳам у ғойиб бўлган...
Бироқ Гарри Лорд Вольдеморт билан «Хогварц»да юзма-юз бўлди. Ҳозир у, дераза ёнида туриб, Ёвуз Лорд билан ўтган сўнгги учрашувини эсга олар экан ўн уч ёшга тўлган кунга етиб келгани, яъни омади борлигини тан олаётган бўлса, ажаб эмас.
Гарри Хедвигни қидириб тунги осмонни кўздан кечириб чиқди. Унинг бойқуши ўлжа сифатида тутиб олган сичқонини тумшуғига сиқиб олганча, ўз соҳибидан мақтов эшитиш учун учиб келаётган бўлса керак... Хаёли қочиб, нигоҳини бир уйнинг томи устидан бошқасига олиб ўтаётган Гарри дарҳол эмас, бир неча сония ўтгандан сўнггина кўзига нима кўринаётганини фаҳмлади.
Тилла тусли Ой олдида, ҳар сония ўтган сари катталашиб кўринаётган аллақандай нотаниш, букри махлуқ нотекис ҳаракатлар бажарганча, учиб келмоқда. Қилт этмаган Гарри, махлуқнинг пастлаётганини кузатиб, лўкидондан қўлини узмаган-ча, деразани ёпиш-ёпмасликка иккиланиб турди. Ғалати махлуқ Одамовилар хиёбонидаги кўча фонусининг нурига етгач, нима гаплигини тушуниб етган Гарри ўзини деразадан нари олди.
Хонага бир эмас учта бойқуш учиб кириб, Гаррининг каравотига таппа тушди. Панжасига каттагина тугун боғланган, ёнбошлаб қолганча, ўртада қилт этмай ётган, афтидан ҳушини йўқотган йирик, кул ранг бойқушни икки четда учиб келган қуш кўтариб келибди..
Гарри ҳушини йўқотган бойқушни дарҳол таниди. Бу қуш Уэслилар хонадонига мансуб Эррол. Гарри каравот ёнига югуриб келиб, бахти қора кекса қушнинг панжасига боғланган арқончани ечиб, юкдан халос этди-да, Хедвигнинг қафаси ёнига олиб борди. Бечора Эррол хира кўзини очиб, миннатдор оҳангда базўр овоз чиқариб қўйганча, шоша-пиша сув ютишга киришиб кетди.
Гарри қолган иккита бойқушга юзланди. Улардан бири ўзи билан ўзи ғурурланиб турган қордай оппоқ бойқуши Хедвиг. У ҳам тугун кўтариб келган. Юкдан халос этган соҳибини меҳр ила чўқиб қўйган қуш хонанинг нариги бурчагига учиб бориб, Эрролнинг ризқига шерик бўлди.
Учинчи, малла-жигар ранг бойқушни Гарри танимаган бўлса-да, қаердан келганини дарҳол фаҳмлади. Зеро қуш, учинчи тугунга илова қилинган, «Хогварц» муҳри билан муҳрланган хат ҳам олиб келибди. Гарри уни ҳам юкдан халос этди. Йирик ўрмон қуши патларини виқор ила ҳурпайтириб, қанотларини ёзганча, зулмат қаърига кириб кетди.
Гарри каравотга ўтириб, Эррол келтирган жигар ранг қоғоз халтани йиртиб очди. Унинг ичидан тилла ранг қутига қадоқланган совға ва ҳаётида биринчи бор олган табрик откриткасини чиқарди. Конвертни очар экан, қўли титраётганини ҳис этди. Конверт ичидан икки варақ қоғоз: хат ва газета парчаси чиқди.
Газета парчаси «Башорат-у, каромат газетаси»дан қирқиб олинганлиги тушунарли, албатта. Негаки, ундаги оқ-қора фотосуратда тасвирланган одамлар ҳаракатланмоқда. Гарри газета парчасини қўлига олиб, текислади-да, ўқишга киришди:
СЕҲРГАРЛИК ВАЗИРЛИГИНИНГ ХОДИМИ АСОСИЙ СОВРИН СОҲИБИ БЎЛДИ
Маглларнинг рўзғор буюмларидан нотўғри фойдаланиш бўлими бошлиғи Артур Уэсли «Башорат-у, каромат газетаси» томонидан таъсис этилган ҳар йилги лотерея ўйинининг Асосий совринини қўлга киритди.
Ўз ютуғидан мамнун бўлган мистер Уэсли мухбиримиз саволига: «Пулни Мисрга саёҳат уюштириш, у ердаги «Гринготтс» банкида афсун таъсирига барҳам берувчи ходим бўлиб ишлаётган тўнғич ўғлим Биллни кўргани бориш учун сарфлаймиз» - деб жавоб қайтарди.
Айни вақтда беш нафар фарзанди «Хогварц» мактабида таҳсил кўраётган Уэслилар оиласи Мисрда бир ой бўлиб, ўқув йили бошланмай қайтади.
Гарри газетадаги фотосуратни кўриб, кулиб қўйди. Улкан эҳром олдида турган тўққиз нафар Уэсли: жисмонан гирдиғум, лўппигина, кўнгли очиқ миссис Уэсли, новча бўйли, сочи сийрак мистер Уэсли, олти нафар ака-ука ва якка ягона қизалоқ Гаррига ғайрат ила қўл силтамоқда. Фотосурат оқ-қора бўлишига қарамай ҳаммаси бирдай олов ранг малла соч эканлиги билиниб турибди. Қўлга ўргатилган Қасмоқ лақабли каламушини елкасига ўтқизиб олган найнов ва бесўнақай Рон ўртада туриб, бир қўли билан синглиси Жиннанинг елкасидан қучиб олган.
Гарри йирик ютуққа эҳтиёж сезган бошқа оилани билмайди. Уэслилар ниҳоятда хушфеъл ва айни вақтда жуда камбағал оила.
У Роннинг хатини очди.
Салом, Гарри!
Туғилган кунинг билан табриклайман!
Қўнғироқ учун узр сўрайман. Умид қиламан-ки, анави магллар оиласи сени узоқ қамаб чиритмади? Дадамдан сўраб билдим, телефонга бақириб гапириш шарт эмас экан.
Миср жуда зўр юрт. Акам Билл бизни турбатларга олиб борди. Қадимий Миср коҳинлари қўллашган қарғиш афсунларини тасаввур ҳам қила олмайсан. Ойим ҳатто, сўнгги турбатга Жиннани киритишга журъат эта олмади. У ерда қачонлардир ўша турбатга кириб олишган ва ортиқча калла-ю, шунга ўхшаш бошқа жойлари ўсиб чиқиб, мутантга айланиб қолган маглларнинг скелетлари ётибди.
«Башорат-у, каромат газетаси»нинг дадам харид қилиб олган лотереясига ютуқ чиққанида ақлдан озиб қолишимга сал қолди. Етти юз галлеон-а, фараз қиляпсан-ми?! Деярли ҳаммаси сафарга сарф этилди-ю, лекин бари-бир менга янги таёқча олиб беришади.
Гарри Роннинг эски сеҳрли таёқчаси қандай вазиятда синиб қолганини яхши эслайди. Рон иккаласи «Хогварц»га учиб борган машина қўнаётиб, мактаб ҳовлисида ўсаётган Уришқоқ толга бориб урилган эди.
Биз ўқув йили бошланишига бир ҳафта қолганида қайтиб, сеҳрли таёқча ва дарсликлар харид қилгани борамиз. Эҳтимол ўша ерда учрашармиз?
Магллар сени кўп таҳқирлашларига йўл қўйма!
Лондонга келишга уриниб кўр.
Рон.
P. S. Перси «Энг ибратли ўқувчи», деб эътироф этилибди. Бу ҳақда унга ўтган ҳафта хабарнома келди.
Гарри фотосуратга яна бир бор қараб қўйди. «Хогварц»нинг сўнгги, еттинчи синфига бориши керак бўлган Перси алоҳида салобат билан турибди. У «Энг ибратли ўқувчи» кўкрак нишонини батартиб таралган сочлари устига башанг кийиб олган ҳожидўппига тақиб олган. Юзидаги кўзойнагининг мугуз гардиши Мисрнинг ёрқин қуёшида ялтираб турибди.
Гарри совға қутисини очиб, шиша бизбизакка ўхшаш буюм чиқарди. Ушбу совғага Роннинг яна бир тушунтириши илова қилинган.
Гарри! Бу чўнтак офатскопи бўлади. Айтишларича, агар ёнингда инониб бўлмайдиган киши бўлса, ушбу офатскоп ёришиб, айланиши керак экан. Кеча у ёришиб, роса айлангани боис, акам Билл: «Ўхшаш нарсалар ишончсиз бўлиб, фақат сиз каби туристлар учун мўлжалланган лаш-лушлардан биридир», деган фикр билдирди. Айни вақтда, ўзи истеъмол қилаётган шўрва Фред ва Жорж томонидан қўнғизлар билан бойитилганидан бехабар эди.
Учрашгунча!
Рон.
Гарри чўнтак офатскопини каравоти олдидаги жавонча устига қўйди. Офатскоп ўткир чўққисида мувозанат сақлаганча, тек қотди. Уйғотадиган соатнинг ёришадиган миллари офатскоп ичида акс этди. Гарри бахтиёр қиёфа ила совғани бир пас томоша қилиб турди-да, Хедвиг олиб келган тугунга қўл узатди.
Тугун ичидан Гермиона йўллаган табрик откриткаси, қадоқланган совға ва хат чиқди.
Қадрли дўстим, Гарри!
Рон менга хат йўллаб, Вернон амакинг билан телефон орқали қандай гаплашганини баён этди. Умид қиламан-ки, бундай суҳбатдан сўнг аҳволинг баттар ёмонлашмади.
Ҳозир мен Франциядаман. Сенга аталган совғани божхонада очиб кўришса нима бўлишини ўйлаб, уни қай йўсинда жўнатишга эндигина бошим қотиб турган эди, Хедвиг пайдо бўлиб қолди! Назаримда у туғилган кунингга ҳақиқий совға олишингни истаган. Сенга йўллаётган совғамга бойқуш почтаси орқали буюртма берган эдим. У ҳақда «Башорат-у, каромат газетаси»да чоп этилган рекламада ўқиганман (ушбу газета мен учун шу ерга етказиб турилади. Сеҳргарлар дунёси янгиликларидан бохабар бўлиб туриш нақадар завқли). Бир ҳафта олдин ушбу газета саҳифаларида чоп этилган Рон ва унинг жамики оиласи тушган фотосуратни кўрдинг-ми? Ишончим комилки, ҳозир у кўп янги билимларга эга бўляпти. Қайсидир маънода унга ҳасад ҳам қилмоқдаман. Ўзинг ўйлаб кўр, қадимий Миср коҳинлари қандай ажойиб сир-асрорларга эга бўлишган экан.
Францияда ҳам сеҳргарликнинг ўзига яраша маҳаллий тарихи бор. Мен ҳатто, бу ерда топган маълумотларимни қўшимча ахборот сифатида киритиш учун, сеҳргарлик тарихидан ёзган иншомни қайтадан ёзиб чиқишга мажбур бўлдим. Умид қиламан-ки, профессор Биннз иншомнинг ҳаддан ортиқ узунлиги борасида менга танбеҳ бермайди. Чунки унинг узунлиги профессор тайинлаган узунликдан икки ўрамга ортиб кетди.
Роннинг гапига қараганда, таътилнинг сўнгги ҳафтасида Лондонга келар эмиш. Сен ҳам кела оласанми? Холанг билан амакинг қўйиб юборишадими? Ижозат беришларига жуда, жуда умид қиламан. Рухсат беришмаса, биринчи сентябрь куни «Хогварц-Экспресс»да учрашамиз.
Эҳтиром ила,
Гермиона.
P. S. Роннинг ёзишича, Перси, мактабнинг «Энг ибратли ўқувчи»си, деб эътироф этилибди. Перси ғурурланиб юрганига шубҳа қилмайман, лекин Рон ўз акасининг бундай ютуғидан фахрланаётганини сезмадим.
Гарри кулиб, хатни бир четга қўйди-да, совғани қўлига олди. Совға жуда оғир. Гермионанинг табиатини билган Гарри қути ичида аллақандай мураккаб афсунлар ҳақидаги катта китоб борлигига шубҳа қилмади-ю, янглишганини дарҳол тушунди. Совға жилдини очиб, қоп-қора, ниҳоятда юмшоқ чармдан тайёрланган бюварни (Бювар – папка, портфель тури) кўргач, қалби қувониб кетди. Бювар қопқоғига кумуш ҳарфлар билан: «Супургига техник хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар тўплами» ёзуви битилган.
Бюварнинг занжир ёпқичини очиб, ичига қараган Гарри беихтиёр:
- Вой-бўй! Яша, Гермиона! - деб пичирлаганча, хитоб қилиб юборди.
Бювар ичига «Тез учар» фабрикасининг маҳсулоти бўлмиш супурги сопига ишлов бериш учун қўлланиладиган ҳашаматли жилва кремининг каттагина банкаси, супургининг дум қисмидаги говронларини текислаш учун мўлжалланган ялтироқ гулқайчи, парвоз узоқ давом этадиган бўлса супурги сопига бириктириб қўйиладиган митти мис компас ҳамда «Супургига мустақил равишда техник хизмат кўрсатишга оид, киссада олиб юриладиган маълумотнома мазмунидаги қўлланма» батартиб терилган.
Таътил давомида Гарри, нафақат дўстлари балки, сеҳргарлар дунёсида ниҳоятда оммавийлашиб кетган, жуда хавфли ва шу билан бирга ўта қизиқарли квидиш спорт ўйинини ҳам ниҳоятда соғинган. Бундай ўйин супургиларда учиб ўйналади. Гарри маҳоратли учувчи бўлиб чиқди. У сўнгги юз йил ичида мактаб жамоаси таркибида ўйнашга рухсат берилган энг ёш учувчи саналади. Боланинг нарсалари орасида қалбига яқин буюмлардан бири унинг «Нимбус-2000» русумли пойга супургисидир.
Гарри чарм бюварни четга қўйиб, сўнгги жўнатмага қўл узатди. Жигар ранг қоғозга ёзилган кирди-чиқди «ҳуснихат»ни дарҳол таниди. Бу «Хогварц» қоровули Хагриднинг дастхати. Гарри қадоқнинг устки қатламини узиб, қандайдир яшил рангли терисимон буюмни кўрди. Аммо охиригача очилмаган жўнатма бирдан қимирлаб кетиб, худди жағ шақиллаган каби товуш чиқарди.
Гарри турган жойида тек қотди. Хагрид атайин бирон-бир хавфли нарса жўнатмас, ахир. Аммо Хагриднинг одатларини яхши биладиган Гарри, ушбу дўстининг хавфли ва хавфсиз нарсаларга нисбатан ўзига хос қарашлари борлигидан хабардор. Хагрид дам ўта йирик ўргимчаклар билан дўстлашиб юрадими-ей, дам пабда танишиб қолган тасодифий улфатлардан уч каллали ит сотиб оладими-ей, бир қарасанг ўз кулбасига аждар тухумини яширинча олиб келган бўладими-ей...
Ҳадик олган Гарри тугунни туртиб кўриб, жағ шақиллаганини боз эшитди. Бола каравот олдидаги жавонча устида турган стол усти чироғини қўлига олиб маҳкам ушлади-да, бош узра кўтариб олиб, ҳар қандай фурсатда зарб беришга шай бўлганча, иккинчи қўли билан жўнатма қадоғини ушлаб тортди.
Тугун ичидан аллақандай китоб тушди. Гарри «Махлуқлар ҳақида қўрқинчли китоб» сўзлари тилла ҳарфлар билан ёзилиб безатилган яшил муқовали китобнинг чиройига баҳо бериб улгурмасдан, очиладиган чети билан тик туриб олган китоб денгиз қисқичбақаси сингари ҳаракатланганча, каравот бўйлаб пириллай бошлади.
- Ие, ие, - аста ғудуллади Гарри.
Китоб каравотдан полга тап этиб сакраб, оқсаб-тўқсаганча, хона бўйлаб юриб кетди. Гарри унинг орқасидан аста писиб борди. Китоб хонанинг энг қоронғи бурчаги, ёзув столи остига кириб бекинди. Дурсллар уйғониб кетмаслигини ичида сўраб Худонинг зорини қилган Гарри эмаклаганча, қочоқ китобга қўл узатди.
- Вой қўлим!
Китоб шартта ёпилиб, боланинг қўлини тишлаб олди-да, муқовасининг иккала томонини чаққон ҳаракатлантириб, ёнидан чопиб ўтди. Гарри эмаклаб китоб орқасидан қувди ва бутун танаси билан унинг устига ташланиб, полга босиб олди. Пастда Вернон амакининг уйқусираб вайсагани эшитилди.
Хедвиг билан Эррол Гаррининг ҳаракатларини катта қизиқиш билан кузатиб туришди. Китобни кафтлари билан маҳкам қисиб олган бола кийим сақланадиган жавон яшиги ичидан қайиш олиб, қилиқдор буюмни маҳкам боғлаб қўйди. «Қўрқинчли китоб» дарғазаб типирчилади-ю, қайта тишлай ва тапиллата олмай қолди. Шундагина Гарри уни четга қўйиб, Хагриднинг откриткасини бамайлихотир ўқишга киришди.
Қадрдоним Гарри!
Туғилган кунинг билан табриклайман!
Ўйлайман-ки, ушбу китоб тез орада бошланадиган ўқув йили давомида сенга асқатади.
Ҳозирча сенга бошқа ҳеч нарса тушунтирмайман. Учрашсак, бор гапни айтиб бераман.
Магллар тинкангни ҳаддан ортиқ қуритмаяпти-ми?
Энг яхши тилаклар ила,
Хагрид.
Хагриднинг, ушбу қопағон китоб бўлажак ўқув йили давомида асқатиши ҳақидаги фикри Гаррига шумхабардай туюлди. Шундай бўлса-да, унинг табассуми янада кенгайиб, откриткани, Рон билан Гермионадан келган откриткалар ёнига қўйди. Энди «Хогварц»дан келган хат қолди.
Одатдагидан қалинроқ эканлигига эътибор қаратган Гарри конвертни очиб, биринчи пергамент варағини чиқариб, ўқиди:
Ҳурматли мистер Поттер!
Ўқув йили, одатдагидай, биринчи сентябрь куни бошланиши ҳақида Сизни хабардор қилмоқдамиз. «Хогварц-Экспресс» эрталабки соат ўн бирда Кингс-Кросс вокзалининг тўққиз бутун тўртдан учинчи платформасидан жўнайди.
Бундан ташқари маълум қилинадики, учинчи йил таҳсил кўрадиган ўқувчиларга муайян дам олиш кунлари мактаб яқинидаги Хогсмёд қишлоғига ташриф буюриш ҳуқуқи берилади. Бунинг учун эса ўқувчининг ота-онаси ёки уни васийликка олган шахслардан бири мазкур хатга илова этилган рухсатнома-ҳужжатга имзо чекиши шарт.
Шунингдек, янги ўқув йилида ўзлаштириладиган зарурий дарсликлар рўйхати илова қилинмоқда.
Эҳтиром ила,
Профессор Макгонагалл,
Мактаб директорининг ўринбосари.
Гарри конверт ичидаги рухсатномани чиқариб, иршайишни бас қилди. Дам олиш кунлари Хогсмёд қишлоғига бориб туриш имкониятига эга бўлса, зўр бўлар эди. Хогсмёд – Гарри муқаддам бормаган, фақат сеҳргарлар яшайдиган қишлоқ. Хўш, қандай қилиб Петунья хола ёки Вернон амакини, ушбу ҳужжатга имзо чекишга кўндириш мумкин?
У соатга қаради. Икки бўлибди.
Хогсмёдга ташриф буюришга доир рухсат олиш борасида уйқудан туриб ўйлаб кўришга аҳд қилган Гарри кўрпасига кириб, «Хогварц»га қайтадиган кунга қадар қолган саналарни ўчириб бориш мақсадида тузган қўлбола календардан яна бир кунни ўчириб ташлаш учун қўл узатди. Кўзойнагини ечди-да, табрик откриткаларини томоша қилганча ётди.
Қандай ғайриоддий бола бўлмасин, ҳозир Гарри ўзини, унинг ўрнида бўлган ҳар қандай оддий боладай ҳис этмоқда. У бахтиёр. Негаки, умрида илк бор туғилган кунини нишонламоқда.
Янгиланган (24.06.2011 09:40)

Шарҳлар
Ўзбек тилида ушбу қиз жинни бўлишини истамаганимдан, атайин шундай қилдим. Бундай ўзгартиришлар, яъни ўзбек тилида нотўғри талқин қилиниши мумкин бўлган яна бир-иккита сўз бор. Эътибор билан ўқиганингиздан жуда хурсандман
Shokir akaga katta rahmat, Olloh sizga kuch-quvvat bersin, aka, hormang!
Ушбу қайд шарҳларининг RSS лентаси.