| ORZU.UZ - Полиграфия и дизайн. Камин-пресс - офсетная печать в оперативно сжатые сроки – это основная деятельность нашей компании. Мы всегда по хорошему «заряжены» на работу с клиентами. Определив конечные цели, мы движемся к ней на максимальной скорости «на всех парусах». |
|
-
Рўйхатдан ўтиш ва материал қўшиш
Сайтимиз очилганидан буён ҳар куни сайтимизга кўплаб одамлар киришмоқда. Бу биз учун жуда қувонарли. Бироқ нима учундир ҳеч ким рўйхатдан ўтгиси ва материалларга шарҳ қолдиргиси ёки сайтимизда ўзининг мақоласини чоп этгиси келмаётганлиги одамни ажаблантирарди. Кейинроқ аниқланишича, кўпчилик сайтимизда рўйхатдан ўтган, лекин бу жараённи охирига етказмаган экан. Шунинг учун бу ҳақда тўлиқ маълумот беришга қарор қилдик.
Батафсил...
Ёнингдан оққан сув қадри

- Салом, - Камола кўзларини Моҳирдан олиб қочиб ерга қаради.
- Ваалейкум, агар саломинг менга тегишли бўлса... – синфдоши улғайганида ҳам ҳазил аралаш гапиришни қўймабди...
Камола собиқ синфдошларнинг ҳар йили ўтказиладиган учрашувига нима учун бу сафар ўзгача тайёргарлик кўрганини энди ҳис этди. Пешингача нима кийишини билмай ҳар бир кўйлагини қўлига олиб, қайта жойига қўйди, шиму юбкаларини титиб чиқди. Ёши ўттизларга бориб қолди – жиддийроқ кийиниши керак энди. Лекин қайси «жиддий» кийимини кийиб кўрмасин, ўзига ҳеч ёқмади – худди қоп ташлаб олгандек кўринарди кўзига. Ахийри, энг қулай кийимини танлади – бир ойча аввал олган, ҳар кўрганида ҳавасдан қўшнисининг кўзи чақнайдиган «модний» кўйлаги билан қора жинси шимини кийди – уялтирмоқчи бўлганлар бир ҳаракат қилиб кўришсин, кўради аҳволини. Сартарошга бориб сочларини турмаклашга ҳам эринди, шунчаки ташлаб олди – тимқора сочлари тўлқинланиб белигача тушиб турибди. Онаси кўрса роса додини берарди, лекин турмушидан ажраганидан кейин собиқ эри олиб берган хонадонда яшарди. Ҳозир англашича, буларнинг ҳаммаси, ҳатто эриниб сартарошхонага бормагани ҳам, мана шу йигитга – Моҳирга ёқиш учун қилинган экан. Аслида бу ниятда келмаган бўлса-да, кўзи кўзига тушганида негадир шунга ишонч ҳосил қилди. Зеро, уйидан чиқиб кетаётиб кўзгуга назар ташлаганида ўзидан кўнгли тўлганди – унча-мунча суперстилист ҳам уни янада гўзал қилиши амри-маҳол...
Айтилган вақтдан бироз кечга қолиб келган Комила ресторанга кириши билан синфдош дугонасининг «қўлига тушди». Санобар тилини тишига теккизмай, бидирлаб сўнгги янгиликларни, миш-мишларни айтишга киришди: «вой, Коми, биласанми...» сўнгра ким уйлангани, ким турмушга чиққани, ким оиласида жанжал қилганию ким болали бўлгани – хуллас, ҳамма «сўнгги хабарлар»дан воқиф қилди. Мактабда ўқиб юрганида доим шу дугонаси билан ғийбатлашадиган Комила ҳам «наҳотки», «алдама-е», «бўлиши мумкин эмас», «буни мен ҳам эшитдим», деб гап қўшишга ҳаракат қиларкан, гўё шунча вақт ўтмагандек ва у яна ёш болага айланиб қолгандек туюлди. Гап аралаш учрашувга келганлар билан бирма-бир сўрашиб чиқди. Кўпчилиги болалик пайтларига қараганда умуман ўзгариб кетган – болалар катта кишиларга, қизлар хотинларга айланган – сўнгги беш йил давомида ҳар йили учрашиб туришса-да, ҳали ҳам бунга кўниколмаяпти.
Моҳир энг охирги бўлиб кириб келди. Ҳамма ўрнашиб ўтириб, йигитлар ҳатто икки марта қиттай қилиб ҳам олишганди. Собиқ синф бошлиғи Соҳиб бориб уни қучиб олди:
- Ў-ў, ким келди?! Семириб қопсанми? Бунча кеч қолмасанг, бунга битта «штрафной» қуйинглар...
- Ичишни ташлаб келаётганим учун бироз ушланиб қолувдим, - Моҳирнинг ҳазилига «гурр» этиб кулгу кўтарилди.
Йигит ҳам ҳамма билан қўлма-қўл сўрашиб чиқар экан, гал Комилага келди.
- Салом...
Моҳир Комила билан бешинчи синфдан бошлаб битта партада ўтиришган. Дарсларда бир-бирига ёрдам беришга ҳаракат қилишар, Комила уй вазифасини қилмай келган кунлари Моҳир унга кўчиришга берса-да, аксинча, Моҳир уй вазифасини қилмаган кунлари қиздан кўчиришдан бош тортарди, зеро, бундай ҳоллар жуда кам бўларди. Партадошлар ўртасида турли «ишкалликлар» ҳам рўй берган. Бир куни химия дарсида лаборатория иши пайтида Комила қандайдир суюқликни тўкиб юборди ва парта усти куйиб қоп-қора бўлиб қолди. Ўшанда Моҳир бутун айбни ўз бўйнига олганди. Ўқитувчи уни яхшилаб койиди ва дарсдан кейин анча пайтгача партани ювдирганди. Бошқа куни адабиёт дарсидан уйга Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» романи бўйича иншо ёзиш топширилди. Ўшанда ўйинга қизиқибми ё бошқа сабабданми, ишқилиб, иккаласи ҳам бу китобни ўқимаганди. Шунинг учун дарсдан кейин қолиб иккови бирлашиб, ҳар қандай китобга мос келадиган умумий жумлалар билан бир неча варақни тўлдиришди ва тагига «Комила ва Моҳир» деб имзо ҳам чекиб қўйишди. Ўқитувчи бу ҳолни кўриб, улардан жиддий ранжиган ва ҳатто ота-онасини ҳам чақирмоқчи бўлганди. Бу пайтга келиб Моҳир романни ўқиб чиқишга улгурган, кечаси билан ўтириб ўзи ва Комила учун икки хил иншо ёзган, эрталаб қизга кўчиртириб, ўқитувчига топширган ва шу йўсинда жанжални бостирганди. Хуллас, улар орасида ўзига хос яқинлик, ва ҳатто муносабатларида қандайдир илиқлик бор эди. Улар бир-бирини ёқтириб қолишган бўлса ҳам ажабмас, лекин орадаги енгил, очиқ муносабатларни қадрлашгани, ушбу муносабатлар бузилишидан чўчишгани учунми, бунга ҳеч қачон иқрор бўлишмаган.
Тўққизинчи синфда ўқиб юришганида синф раҳбари бутун синфни истироҳат боғига олиб чиқди. Ҳамма дўст-дўсти билан ҳар томонга тарқалишди. Баъзилар бу ёқда айланаларга ўтириб учишга ҳозирлик кўрса, бошқалар машиналарга ўтириш учун шошиларди. Комила Санобарни олиб баландга олиб чиқадиган айлана олдига келганида, унинг олдидаги навбатни кўриб кўнгли тушди. «Одамлар бир чақиримга чўзилиб кетибдию, - ҳар доимгидек бўрттириб деди Санобар. - Бу ерда кечгача туриб қоламиз, шекилли, юр бошқасига борамиз». Санобар шундай дея нари кетди. Комила унинг орқасидан эргашмоқчи бўлиб бир-икки қадам босганида навбати етиб қолган Моҳирга кўзи тушди. Югуриб ёнига борди.
«Шунда бир учаман, деб келганимда навбатни қара. Бизга ҳам чипта олиб берасанми?»
«Биз деганинг ким?»
«Мен билан... – Комила ёнига қараса, Санобар анча нарига кетиб бўлган экан, – сенга. Менимча, сен ҳам бир ўзинг кўринасан».
«Мен бунда бир ўзим учишни ёқтираман. Тепага чиқиб, қайта тушгунингча кўп жойларни кўриб, кўп нарса ҳақида ўйлаб кўришга улгурасан. Бугун бўлса сен билан бирга чиқишимга тўғри келади. Шу ерда ҳам тинчлик бермадинг», - ҳазиллашди Моҳир.
«Вой-бў, кўп нарсани ўйлаб кўрармишсан. Файласуф бўлиб кет-е».
«Файласуф бўлиш учун хотиним ёмон бўлиши керак. Мен эса ҳали уйланганим йўқ».
Иккови кулишганича айланага ўтиришди. Айлана ўз ўқи атрофида айланар экан, Моҳир кўзи тушган нарсалар ҳақида турли воқеалар айтиб берди. Қайси бино қачон ва нима мақсадда қурилгани, «хўв анави канал» билан боғлиқ ривоятлар ҳақида мароқли сўзлар экан, Комила унинг билимдонлигига ҳавас қиларди. Энг юқори нуқтага етганларида нима ҳам бўлдию айлана бир титради ва яна йўлида давом этди. Буни кутмаган Комила олдинга талпиниб кетди ва шу пайт баландликдан боши айланиб, кўзлари тинди ва йиқилиб тушмаслик учун йигитнинг бўйнидан қучиб олди. Моҳир ҳам қизнинг белидан ушлаб, аста ўрнига қайта ўтказди. Сўнгра ҳеч нарса бўлмагандек сўзида давом этди. Бу воқеани атрофда ҳеч ким кўрмади. Шу-шу Комила Моҳирга ўзгача нигоҳ билан қарай бошлади. Лекин Моҳир ҳеч нарса бўлмагандек ўзини тутар, бошқа бу воқеага қайтмасди. Мактабни битиришгач улар турли томонга тарқалишди...
- Ишлар қалай? – сўради Моҳир қизнинг ёнига чўкаркан.
- Ҳаммаси яхши.
Аслида Моҳир унинг ҳаётини яхши биларди. Атайлаб сўраб-суриштиргани учун эмас, шунчаки эшитганди. Ўтган йилги синфдошлар учрашувидан кейин ўтган давр мобайнида у турмушидан ажрагани, қизини бир ўзи ўстиришга ҳаракат қилаётгани ва озми-кўпми бунинг уддасидан чиқаётганини биларди. Ҳаммаси яхши... Моҳир ҳаётида ҳаммаси яхши бўлган камдан-кам одамларни танийди. Биров кундалик рўзғорини бир амаллаб эпласа, бошқасининг тагида машина, данғиллама уй бўлишига қарамай, нимадандир, албатта, нолирди. Бу айниқса аёлларга тааллуқли. Кимгадир эътибор етишмаса, бошқаси мўйнали пальто, уйига хизматкор, иссиқ ўлкаларда дам олишни истарди. Буниси энди ҳаддан ташқари, деб ўйларсиз. Лекин шусиз улар тинчини йўқотиб, атрофидаги олам чилпарчин бўлаётгандек туюларди гўё. Комилада эса ҳаммаси яхши. Моҳир унга бирон нарса билан далда бергиси, ёрдам қўлини чўзгиси келди. Қанийди, у ҳам қиз ҳаётининг бир қисмига айланса... Худди аввалгидек.
«Ҳой, ўзингни бос, - деди ўзига ўзи Моҳир. – Учрашмагунча у ҳақда ўйламаётгандинг ҳам, энди эса ҳаёлинг сени қаёққа сургаяпти?» Лекин йигит Комила билан учрашганидагина уни қанчалик соғинганини сезди. Комила қизидан гап очиб, унинг кулгили қилиқларию шўхликларини айтиб берганида Моҳир ҳам шундай ажойиб қизга, аниқроғи, айнан Комиланинг боласига ғамхўрлик қилишни жуда хоҳлади. Ҳатто синфдошига ҳавас ҳам қилди. У ҳам кичиклигида худди қизига ўхшаган шўх бўлган бўлса керак.
Йигит туриб, ташқарига чиқмоқчи бўлди. Эҳтимол, кўчадаги илиқ шабада уни бироз тетиклаштирар. Бўлмаса, ҳаёллари кутилмаган томонга кетиб қолмоқда. Ташқарида чиққанида яна болалиги ёдига тушди. Қизнинг ёнида ўзини ҳар нарсага қодирдек сезардек ўзини. Ҳаммадан ботир, билимли, чаққон... Қиз унга шундай таъсир қиларди. Ҳаётда айнан шундай таъсир қиладиган одам ёнингда яшаса, қандай яхши. Мактаб йилларида Комила шундай қиз бўлди. Кейин-чи? Афсуски, кейин бундай қизни учрата олмади. Моҳир буни энди ҳис этди.
- Сен шу ердамидинг, - эшитилди орқасидан Комиланинг овози. – Мен бўлсам сени излаб юрувдим.
- Нега? – сўради Моҳир ва тилини тишлаб олди. «Нималар деяпсан, ахир хафа бўлиши, сурбетликка йўйиши мумкин». Лекин шу пайт «сенсиз хурсандчилик ҳам кўнглимга сиғмаяпти» қабилидаги ёқимли гапларни эшитгиси келарди. Қиз елкасини қисди.
- Балки мактаб йилларимни эслаганим учундир, - Комила кулиб қўйди - Ахир у пайт ҳар доим ёнимда эдинг.
Айнан ушбу табассум орадаги чигалликни ёзиб юборди. «У мен билан бирга ўсди, мени яхши билади, шунинг учун хафа бўлмайди», - ҳаёлидан ўтди Моҳирнинг. Улар яна ресторанга қайтишди.
- Кола ичасанми? – Комила унга ичимликни узатди. Қиздан стаканни олар экан, Моҳирнинг бармоқлари унинг қўлига тегиб кетди. Аммо Комила қўлларини олиб қочмай, табассум билан унга қараб қўйди ва аста ўрнига ўтирди. Йигитнинг кўнглида офтоб кўтарилгандек туюлди. Нафасини ичига ютди, ичида аллақачон ухлаб қолган баҳодир уйғонаётгандек бўлди. Бу ўша ҳар нарсага қодирлик ҳиси эди. Моҳир қизнинг қўлидан яна ушлагиси ва энди умуман қўйиб юбормай, тинмай унга қараб ўтиргиси келарди. У ҳали ёш бўлишига қарамай, кўпни кўрган, аммо бу аҳволга ҳеч тушмаганди. Мактаб йилларини ҳисобга олмаганда...
Синфдошлар бир-бирини шунчалик соғинганми, алламаҳалгача ресторанда қолиб кетишди. Бундай шодон пайтда аксига вақт ҳам тез ўтиб боради. Ахийри тарқалиш вақти ҳам келди. Бу вақтга келиб оиласига шошилган кўплаб қизлар уйига кетиб бўлганди. Синфдошлар орасида икки-уч қиз қолганди, холос. Улар орасида Комила ҳам ушланиб қолди. Боласини онасига қолдирган Комила негадир шу кеча синфдошлари, айниқса, Моҳирнинг ёнида кўпроқ бўлгиси келди.
- Уйингга ташлаб ўтсам нима дейсан, менинг машинам бор, - таклиф қилди Моҳир.
- Қийин бўлмаса, ҳали автобусим қачон келади.
Улар анча пайт жим кетишди. Моҳир қизга анча нарса гапиргиси, унинг ширин овозини эшитгиси келарди. Лекин гапни нимадан бошлашни билмасди. Ҳар доим тили бурро, ҳазил-ҳузул гапни қўймайдиган Моҳирнинг бу сафар тили ўзига бўйсунмасди. Тез орада Комиланинг уйига ҳам етиб келишди.
- Раҳмат, - деб қиз машинадан тушмоқчи бўлганди, Моҳир унинг қўлидан ушлаб тўхтатди ва кўзига қаради. У ҳали ҳам нима дейишни билмас, шунчаки ушбу сониялар кўпроқ чўзилишини хоҳларди, холос. Комила унинг кўнглидан нималар ўтаётганини ҳис этиб, аста пастга қаради.
- Агар шомаётган бўлсангиз, - ўз-ўзидан синфдошини «сизлаб» юборди Комила, - балки бирров уйимга кириб, бир пиёла чой ичиб кетарсиз?
Янгиланган (27.08.2009 16:00)