| ORZU.UZ - Полиграфия и дизайн. Камин-пресс - офсетная печать в оперативно сжатые сроки – это основная деятельность нашей компании. Мы всегда по хорошему «заряжены» на работу с клиентами. Определив конечные цели, мы движемся к ней на максимальной скорости «на всех парусах». |
|
-
Рўйхатдан ўтиш ва материал қўшиш
Сайтимиз очилганидан буён ҳар куни сайтимизга кўплаб одамлар киришмоқда. Бу биз учун жуда қувонарли. Бироқ нима учундир ҳеч ким рўйхатдан ўтгиси ва материалларга шарҳ қолдиргиси ёки сайтимизда ўзининг мақоласини чоп этгиси келмаётганлиги одамни ажаблантирарди. Кейинроқ аниқланишича, кўпчилик сайтимизда рўйхатдан ўтган, лекин бу жараённи охирига етказмаган экан. Шунинг учун бу ҳақда тўлиқ маълумот беришга қарор қилдик.
Батафсил...
2010 йил жаҳон чемпионатининг энг яхши ҳаками

Жорий йил Жанубий Африкада бўлиб ўтган футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг очилиш ўйинига юртдошимиз Равшан Эрматов ҳакам этиб тайинланганида бу воқеага ишончсизлик билан қараганлар анчагина топилди. Мундиалнинг финал ўйинларида ҳеч қачон иштирок этмаган давлат вакилига нима учун бундай жиддий ўйинни ишониб топширишди, дейдиганлар кўп эди. Аммо Эрматов нафақат бу ўйинни, балки кейинги ўйинларни ҳам юқори савияда ўтказишга эришдики, натижада Жанубий Африкада беш ўйинга ҳакамлик қилишга муваффақ бўлди.
Зеро, бу чемпионатда ҳеч бир ҳакам бу даражада кўп ўйинда иштирок этмади. Мундиаль якунларига кўра, Равшан Эрматов – энг яхши ҳакам, деб эълон қилингани бежиз эмас. Эрматовга шунчаки омад кулиб боққани учун машҳур бўлиб кетди деб ўйлаганлар адашади. Биринчидан, омаднинг ўзи билан Жаҳон чемпионатида бешта ўйинни муваффақиятли ўтказиб бўлмайди. Иккинчидан, Р.Эрматов икки йил давомида Осиёнинг энг яхши ҳаками деб тан олинганини ҳам эътибордан четда қолдириш нотўғри. Учинчидан эса, унинг отаси ҳам таниқли ҳакам бўлган ва ўғлига бу соҳани айнан у тавсия қилган. Хуллас, Равшан ҳакамликка кўчадан кириб келган одам эмас.
Футболчидан ҳакамга
1996 йилда Ўзбекистон чемпионати биринчи лигасида «Ғазалкент» жамоаси таркибида таниқли ҳакамнинг ўғли Равшан Эрматов тўп сурар эди. Шу ўйинда Равшан оёғидан жиддий жароҳат олди. Шифокорлар унга бошқа футбол ўйнамасликни тавсия қилишди. Бу пайтда Эрматов атиги 19 ёшда эди. Аммо Равшан Эрматов номи футбол харитасидан буткул ўчирилгани йўқ. Отасининг тавсияси билан у ҳакамликни танлади. 1997 йилда болалар-ўсмирлар мусобақаларини бошқарди. Равшаннинг гапларига қараганда, бу касб кўнглига ўтирди, унинг иши мутахассислар томонидан юқори баҳоланди ва шу тариқа йигит янги касб биносининг биринчи ғиштини қўйди.
2003 йилда 25 ёшида Р.Эрматов ФИФАга қабул қилинди. Худди шу йили илк бор халқаро ўйинларда жамоаларни майдонга олиб чиқди. Бу Осиё чемпионлари лигасининг ўйини эди. Бу ўйинни Осиё футбол конфедерациясида ҳакамлар қўмитасини назорат қиладиган амалдор ҳам кузатди. Унга Равшан иши маъқул бўлди, шекилли, жиддий халқаро мусобақалар – Финляндияда бўлиб ўтаётган ёшлар жаҳон чемпионатида иштирок этишга уни тавсия этди. Шу тариқа ёшликдан айнан ҳакам сифатида махсус тайёргарлик кўргани ва халқаро ўйинлардаги иштироки Эрматовнинг кейинги муваффақиятлари учун асос яратди.
Ҳакам учун ўрнак
Равшаннинг гапларига қараганда, ўз ишида таниқли ўзбек ҳакамлари Бобур Ҳайдаров ва Наиль Лутфуллиндан ўрнак олар экан. Уларни ёрқин футбол арбитрлари деб ҳисоблаб, майдонда ҳам уларга ўхшашга интилиши, уларнинг ишлаш тарзи жуда маъқул келганини таъкидлаган. Шу пайтгача Б.Ҳайдаров ФИФА инструктори ва Эрматовнинг бевосита координатори ҳисобланади. Равшан у билан жуда муваффақиятли ва унумли ҳамкорлик қилиб келаётганидан мамнун. Машҳур хорижий ҳакамлар ҳам унинг эътиборини жалб қилиши табиий. Ахир Германидан Маркус Мерк ва Италиядан Пьер-Луиджи Коллина каби ўз ишининг усталари қатъиятлиги ва тап тортмаслиги билан ҳар бир футбол ишқибози қалбидан ўрин олишга улгурган. Ҳатто футбол оламининг энг ёрқин юлдузлари ҳам, ким бўлишидан қатъи назар, уларга босим ўтказишга ожиз эди ва қилмиши учун тегишли жазосини оларди. Шубҳасиз, ўз ишини бошлаган аксарият ҳакамлар ҳам уларга ўхшашга интилади. Аммо бу Равшан улар ҳаракатларини оддийгина кўчириб олади, дегани эмас. Унинг ҳам қатор фазилатлари борки, Равшанни бошқа ҳакамлардан ажратиб туради.
Арбитрнинг энг кучли томонларидан бири – унинг тезкорлиги ва сабр-бардошлилиги ҳисобланади. 2010 йил Жаҳон чемпионатининг тегишли меъёрларини бажараётганида белгиланган 10 та ўрнига 12 та айлана югуриб ўтишга эришган. Бу унга ўйинни саводли ўқиш билан бирга, ҳар доим вазият ёнида бўлишига яқиндан ёрдам беради. Бундан ташқари психологик жиҳатдан чидамли, ўзига ишонган ва қатъиятли. Унинг дипломатик фазилатларини ҳам алоҳида кўрсатиш лозим. Қатор ўйинларнинг қизғин пайтида ўйинни тўхтатиб, футболчиларни огоҳлантирганида, улар қизишиб кетса, табассум билан, овозини кўтармай вазиятни ҳал этишини ҳаммамиз кўрганмиз.
Машҳурлик онлари
Равшан Эрматов Жанубий Африкадаги фаолияти билан бутун дунё футбол ишқибозларининг эътиборини ўзига тортди, десак муболаға бўлмас. Мундиаль натижаларига кўра айнан уни энг яхши ҳакам деб тан олишди. Осиёда ва МДҲ мамлакатларида эса миллионлаб одамлар унинг мухлисига айланди. Хўш, дунёда жуда кўп арбитрлар бўлгани, 2010 йил жаҳон биринчилигининг финал ўйинини ўзбек ўғлонига эмас, инглиз ҳаками Ховард Уэббга ишониб топширилганига қарамай, Эрматов нимаси билан одамлар кўнглига ўрнашди? Бу саволга жавоб тайин. Равшан келишган ва кўркам йигит, кийган кийимлари ҳам ўзига ярашиб туради, ўзбек ва рус тилларидан ташқари инглиз тилида ҳам қойилмақом сўзлашади. Аммо, энг муҳими, ўз ишига сидқидилдан ёндашади. Буни эса у бошқарган ҳар бир матчда кўриш мумкин эди.
Тўғри, Р.Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи Жанубий Африкадаги мундиалда умуман хато қилмади, дейиш ҳақиқатдан йироқ. Мисол учун, Голландия ва Уругвай ўртасидаги яримфиналда лолалар мамлакати вакиллари ўйиндан ташқари ҳолатда киритилган тўп нотўғри ҳисобланди, деб ўйлаганлар кўп. Эҳтимол, шундай ҳамдир. Бироқ умуман хато қилмаган ҳакамлар борми ўзи дунёда? Энг малакали арбитрлар ҳам барча вазиятларни тўғри баҳолаши мушкул. Бунинг устига ўйинда ғолиб бор экан, мағлуб томон ҳам бўлади. Футболда асосий айбни эса ҳакамлардан излаш оддий ҳолга айланган. Демак, ёшлигидаёқ шу қадар катта обрўга эришган Равшан Эрматов ҳам ўз ишини янада такомиллаштиришга интилиши мумкин ва биз бунга қатъий ишонамиз.
Юртдошимиз ҳақида бошқаларнинг фикрлари
2010 йил Жаҳон биринчилиги тугаганидан кейин Ўзбекистон Президенти Фармони билан Равшан Эрматов “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан унинг ёрдамчиси, Рафаэл Илёсов эса “Дўстлик” ордени тақдирланди.
«Равшан Эрматов сингари кучли ҳакамлар сонини иложи борича кўпайтиришимиз керак» (Пьер-Луиджи Коллина, УЕФА ҳакамлар қўмитаси раиси)
«Аргентинага қарши ўйинда ўзбек ҳаками Томас Мюллерга сариқ карточкани нотўғри кўрсатди, натижада ярим финалда етакчи ўйинчиларимиздан биридан маҳрум бўлдик. Кейинчалик Эрматов янада эътиборли бўлади, деб ўйлайман» (Йоахим Лев, Германия терма жамоаси бош мураббийи)
Янгиланган (29.12.2010 17:57)
